Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланишга, шунингдек мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўтган даврда Қўмитанинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти кўлами янада кенгайган. 2021 йилда Қўмита жами 6 та қонун лойиҳасига масъул бўлган бўлса, улардан 3 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзоларининг ташаббуси билан «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига амалдаги қонунчиликни мувофиқлаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган.
Қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар Қўмита томонидан назорат-таҳлил тартибида ўрганилган ҳамда давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахбороти мунтазам равишда эшитиб борилган.
2021 йилда Қўмита томонидан жами 13 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Улардан 8 таси давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга, 5 таси қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарорларининг ижросини мониторинг қилишга тааллуқлидир.
Шу билан бирга ўтган даврда сайловчилар кўтараётган масалалар ва жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ҳамда муаммоларни тегишли мутасадди раҳбарлар билан биргаликда ҳал этиш мақсадида давлат бошқаруви органларининг раҳбарларига Қўмита ташаббуси билан 2 та парламент сўрови юборилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун лойиҳалари муҳокамаси, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, муҳим тармоқлар ва соҳалардаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқишга бағишланган қатор тадбирлар ҳам ўтказилган.
Хусусан, ҳисобот даврида Қўмита аъзолари иштирокида 124 та ишчи гуруҳ йиғилиши, 25 та давра суҳбати, 17 та семинар ҳамда 6 та конференция ташкил этилган.
Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан қўмита аъзолари номига келган жами 767 та мурожаат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда жами 5 986 марта чиқиш қилинган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасига:
республика ҳудудларида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда доимий равишда кенг жамоатчиликни, соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатининг доимий мониторингини юритиш ва мониторинг натижаларини Қўмитада муҳокама қилиб бориш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 1 февраль,
1794-IV-сон