Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланишга, шунингдек мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга эътибор қаратилган.
Қўмитанинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти кўлами янада кенгайган. Ҳисобот даврида Қўмита 10 та қонун лойиҳасига масъул этиб белгиланган, шундан 8 та қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларига оид 4 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарори Қўмита масъуллигида кўриб чиқилиб, қабул қилинган.
«Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартиш тўғрисида»ги Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси Қўмитанинг хулосасига асосан Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қайтарилган ҳамда ундаги камчиликлар бартараф этилган ҳолда қайта киритилиб, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган.
Қонун лойиҳалари ва маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларига оид қарорлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва маромига етказиш мақсадида 68 та ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган.
Қўмитада жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 608 та мурожаат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 7 124 та чиқиш ташкил қилинган. Қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, назорат-таҳлил тадбирларининг натижалари, Қўмита томонидан ташкил этилган семинарлар ва давра суҳбатлари оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда ёритиб борилган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қўмита масъуллигида бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда кенг жамоатчиликнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш, назорат-таҳлил тадбирларига соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
ер муносабатларини тартибга солувчи қонунларнинг ижро этилиши ҳолати ҳамда сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан доимий парламент назоратини амалга ошириш, ушбу соҳа учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда улардан самарали фойдаланилиши юзасидан давлат органлари ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиб бориш амалиётини давом эттириш;
аграр ва сув хўжалиги соҳасида учрайдиган муаммоларни бартараф этиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан самарали парламент назоратини олиб бориш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўрсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 февраль,
1830-IV-сон