Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланишга, шунингдек мамлакатимиздаги фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга эътибор қаратилган.
Ўтган даврда Қўмитанинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти кўлами янада кенгайган. Қўмита 2021 йилда 10 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, шундан 9 та қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган.
Қонун лойиҳалари ҳамда инсон ҳуқуқлари масалаларига оид қарорлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва маромига етказиш мақсадида 45 марта ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Қўмита масъуллигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг «Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан унинг котибияти фаолиятини янада кучайтириш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорлари тайёрланди ва тасдиқланди.
Қонунлар ва қонуности ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, Қонунчилик палатаси ва Қўмита қарорлари ижросини ўрганиш бўйича Қўмита томонидан 24 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
2021 йилда Қўмита аъзолари жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 514 та мурожаатни белгиланган тартибда кўриб чиққан, 134 та мурожаатда қайд этилган масалалар ижобий ҳал қилинган. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан келиб тушган таклифлар алоҳида ўрганилган. Таклифлари асосли деб топилган 18 нафар фуқарога Қўмита томонидан миннатдорлик хатлари юборилган ҳамда улар асосида 6 та қонун ҳужжатига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб бориш бўйича 53 та тадбир, шу жумладан, 27 та давра суҳбати, 16 та семинар ҳамда 10 та конференция ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 740 маротаба чиқишлар қилинган ҳамда қонун ижодкорлиги ва Қўмита фаолиятига оид материалларнинг мунтазам ёритиб борилиши таъминланган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қўмита масъуллигида бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда кенг жамоатчиликнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш, назорат-таҳлил тадбирларига соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини тартибга солувчи қонунларнинг ижро этилиши ҳамда 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши юзасидан давлат органлари ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиб бориш амалиётини давом эттириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмита номига юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 февраль,
1829-IV-сон