Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) томонидан 2020-2021 йилларда (кейинги ўринларда — ҳисобот даврида) қонунчилик ва парламент назорати фаолияти доирасида 38 та мажлис ўтказилиб, унда 120 га яқин масала муҳокама этилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга тақдим этилган 12 та (2020 йилда 5 та, 2021 йилда 7 та) қонун мутасадди вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи вакиллари иштирокида дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида Бош вазир ўринбосари ҳамда Ҳукумат аъзоларининг 11 та эшитуви ташкил этилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг, маданият, инновацион ривожланиш, туризм ва спорт, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирларининг, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги директорларининг, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ахборотлари эшитилган.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабулларда ҳамда жамоатчилик томонидан кўтарилган масалалар юзасидан 4 та парламент сўрови юборилган. Уларнинг натижаси Сенатнинг ялпи ва Қўмита мажлисларида муҳокама қилинган.
Қўмита таклифи асосида Сенат ялпи мажлисида 12 та, Сенат Кенгашида 7 та масала муҳокама этилган.
Ҳудудларда 4 та қонун ҳамда давлат дастурларининг ижроси ўрганилиб, натижалари юзасидан 7 та Қўмита қарори ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан 3 та қўшма қарор қабул қилинган.
Ўрганишлар натижасида маданий меросга зарар етказилганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш бўйича амалдаги қонунга қўшимча ва ўзгартиш киритилган ҳамда Қашқадарё вилоятида Абу Муин Насафий мажмуасини бошқариш ва ободонлаштириш дирекцияси ташкил этилган.
Шунингдек, Андижон вилоятидаги кутубхоналарнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланишига эришилган, кутубхоналар учун бинолар ажратилган ҳамда янги таҳрирдаги «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланган.
«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурига асосан Сенат Кенгаши қарори билан тузилган Сенат ҳузурида Ешлар парламентига Қўмита масъул этиб белгиланган.
Қўмита томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида ёшлар парламенти вакиллари мактабларини ташкил этишга доир намунавий Низом ва намунавий ўқув режаси тайёрланиб, Сенат Кенгашининг қарори билан тасдиқланган. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан тавсия этилган ёшлар Сенат аъзоларига бириктирилиб, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси бўйича ҳисоботи Қўмита томонидан таҳлил этилиб, ҳар чоракда ялпи мажлисда муҳокама этилган.
Сенат Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қарори ижроси юзасидан маданият ва санъат, спорт, компьютер саводхонлиги ҳамда китобхонлик йўналишларида тўгараклар ташкил этилиб, 1,5 миллионга яқин ёшлар қамраб олинган.
Янги тизим асосида — ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолаш йўлга қўйилиб, ҳудуд раҳбарлари ҳамда уларнинг ёшлар масалаларига масъул бўлган ўринбосарларини рағбатлантириш тартиби ва рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилиб, маълумотларни таҳлил қилиб бориш учун платформа (www.yoshlarportali.uz) ишга туширилган. Платформадаги маълумотлар орқали ҳудудлардаги мутасадди раҳбарларнинг фаолиятини баҳолаб бориш имконияти яратилган.
Ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини ўрганиш доирасида 8 та қонун таҳлил этилган. «Музейлар тўғрисида»ги ҳамда «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши таъминланган.
Қўмита аъзолари томонидан 700 га яқин тадбирлар (семинар, давра суҳбати, конференция, форум, вебинар, кўрик-танловлар) ташкил этилган.
«Маҳалла — беш ташаббус бешиги» республика кўрик-танлови ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўртасида Олий Мажлис Сенати Раиси кубоги учун «Парламент ўйинлари» республика спорт мусобақалари ўтказилган.
Халқ билан мулоқот ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Қўмита аъзолари томонидан сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан зарур чораларни кўриш мақсадида мингга яқин учрашувлар ўтказилган.
Тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш юзасидан Қўмита аъзолари томонидан 102 та сенатор сўрови юборилган.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг жами 1 255 та (2020 йил 365 та, 2021 йил 890 та) мурожаати кўриб чиқилган. Мурожаатлар сони 2020 йилга нисбатан 2,4 баравар (525 тага) ортган.
Ушбу мурожаатларнинг 240 таси (19 фоиз) ижобий ҳал этилган, 634 таси (50 фоиз) тегишлилиги бўйича юборилган, Қўмита томонидан 381 тасига (30 фоиз) тушунтиришлар берилган.
Қонунларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, фуқароларга давлат дастурларини ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида сенаторларнинг телевидениеда, радиода, газеталарда 990 та ва ижтимоий тармоқларда 2 мингга яқин чиқиши ташкил этилган.
Шу билан бирга, Қўмитанинг ёшлар, маданият ва спорт соҳасида фойдаланилмаётган имкониятлари мавжуд. Хусусан, Ёшлар парламенти билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёшларни иш билан таъминлаш ва уларни тадбиркорликка йўналтириш, ёшлар ўртасида жиноятчиликни камайтириш борасида таъсирчан чоралар кўриш бўйича ишлар етарли эмас.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолати устидан доимий парламент назоратини ўрнатиш, Олимпия ўйинлари учун спортчиларни тайёрлаш, айниқса жамоавий спорт турлари бўйича истеъдодли ёшларни кашф этиш юзасидан ўрганиш ишларини олиб боришни янада кучайтириш зарур.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги Қўмита раиси Б. Сайфуллаевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси:
ўз фаолиятига дахлдор бўлган тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
ёшлар, маданият ва спорт соҳасига оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли парламент назоратини амалга оширсин;
фуқаролар мурожаатлари, сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан сенатор сўрови ёки парламент сўрови юбориш ҳамда унинг натижасини Қўмита ёки Сенат Кенгаши ёхуд Сенат ялпи мажлисларида эшитиш амалиётидан кенгроқ фойдалансин;
жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган масалалар юзасидан тезкор эшитувлар ташкил қилиб, муносабат билдириш, мутасадди вазирлик ва идора вакилларидан изоҳ талаб этган ҳолда камчиликларни бартараф қилиш чораларини кўрсин;
Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолиятини фаоллаштириш мақсадида унинг таркиби ва иш самарадорлигини фаолиятини қайта кўриб чиқсин ҳамда тегишли таклифларни Сенат Кенгашига киритсин;
назорат-таҳлил тадбирларига Қўмита ҳузурида тузилган экспертлар гуруҳи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини фаол жалб қилсин;
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда Сенат томонидан жорий этилган ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолаш юзасидан олиб борилаётган ишларни Қўмита мажлисида муҳокама этсин, зарурат бўлса, ушбу масалани Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига олиб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ҳудудлар кесимида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида чора-тадбирлар белгиласин ҳамда бажарилган ишлар натижаларини Қўмита мажлисларида муҳокама қилсин;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ёшлар ўртасида жиноятчиликни камайтириш ва бу борада таъсирчан чоралар кўриш, хусусан профилактик ишларни олиб бориш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича доимий ҳамкорлик қилиб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси билан биргаликда ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш, оиладан бошқа жойлаштириш муассасаларини ноинституционаллаштириш ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳолатини қатъий назоратга олсин ва доимий мониторинг қилсин;
бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш, оиладан бошқа жойлаштириш муассасаларини ноинституционаллаштириш ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳолатини қатъий назоратга олсин ва доимий мониторинг қилсин;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда ҳудудлардаги маданият марказларининг тўлақонли фаолият юритишини ўрганиб, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳудудларда ижро этилиш ҳолатини ўрганиш ишларини давом эттирсин;
Олимпия ўйинлари учун спортчиларни тайёрлаш, айниқса жамоавий спорт турлари бўйича истеъдодли ёшларни кашф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиб, натижаларини Қўмита мажлисида муҳокама этсин;
ушбу Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида жорий йилнинг 1 июлига қадар ҳар чоракда Сенат Кенгашига ахборот киритиб борсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларининг ижтимоий-маданий соҳани ривожланиш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияларига:
Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармалари (бўлимлари) раҳбарларининг ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолаш юзасидан олиб бораётган фаолиятида назоратни кучайтириш;
жойларда моддий-маданий мерос объектларига зарар етказилишининг сабабларини ўрганиб, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиш;
жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ёшлар, маданият ва спортга оид масалалар юзасидан маҳаллий Кенгашларда эшитувларни ташкил қилиш ва натижаси юзасидан тегишли чоралар кўриш тавсия этилсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 4 февраль,
СҚ-482-IV-сон