Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жумладан, вазирлик томонидан 2021 йилда 28 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳуқуқий мониторинги ўтказилиб, уларнинг 25 тасида камчиликлар аниқланган.
Вазирликка ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган 2 554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасидан 2 246 таси (88 фоизи) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган, шундан 308 таси (12 фоизи) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қайтарилган, 640 таси (28,5 фоизи) эътирозлар билан қайтарилган.
Шунингдек, гильотина усулида Ҳукумат қарорлари қайта кўриб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли қарори билан 1 887 та қарор ўз кучини йўқотган деб топилган. Натижада норматив-ҳуқуқий базада Ҳукумат ҳужжатлари 10 фоизга қисқарган.
Умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир қилмайдиган қонунчилик ҳужжатларини қисқартириш мақсадида 488 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз кучини йўқотган деб топилиб, уларнинг 11 фоизга қисқаришига эришилган.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш доирасида 892 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатдан 224 тасида 660 та коррупциявий омил аниқланган.
Бундан ташқари, жами 11 000 дан ортиқ барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат ташкилотларининг ҳудудий органлари фаолиятида «E-qaror» электрон тизими жорий этилган. Бу билан тегишли ҳужжатларни автоматик таҳлил қилиш ва барча жараёнларни адлия органлари томонидан мониторинг қилиб бориш имконияти яратилган.
Шу билан бирга, норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
Биринчидан, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5168-сонли қарорида Юридик хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш, шу билан бирга 2021 йил 1 октябргача Адлия вазирлигига марказларни малакали кадрлар билан тўлдириш вазифаси юклатилган.
Бироқ орадан 4 ой вақт ўтган бўлса-да, бугунги кунга қадар мазкур марказларни малакали кадрлар билан тўлдириш ишлари якунига етказилмаган.
Жумладан, Адлия вазирлигининг ахборотига кўра, Юридик хизмат кўрсатиш марказларида танлов учун эълон қилинган 1029 та штат бирлигига 6712 нафар номзод ҳужжат топширган ва шундан 877 нафар ходим ишга қабул қилиниб, вакантлар сони бугунги кунда 152 тани ташкил этмоқда.
Хусусан, vacancy.adliya.uz сайтида берилган маълумотларга кўра, номзодлар етарли бўлишига қарамасдан Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Касби ва Деҳқонобод туманлари Юридик хизмат кўрсатиш марказларида 2 тадан вакант, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Нурота, Қизилтепа туманлари ҳамда Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги марказларда эса 3 тадан (туман ва шаҳарларда жами 3 ёки 4 та штат бирлиги мавжуд), энг асосийси, Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Бекобод шаҳарларидаги ҳамда Бўка туманидаги марказларда марказ бошлиғи лавозимлари вакантлигича қолмоқда.
Бундан ташқари, бошқа ҳудудлардаги марказларда ҳам бўш иш ўринлари мавжуд бўлса-да, улар ҳақидаги маълумотлар vacancy.adliya.uz сайтига жойлаштирилмаган.
Бу эса давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида, шу билан бирга очиқлик ва шаффофликни таъминлашда ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Иккинчидан, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 27 мартдаги «Тошкент шаҳрида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш тўғрисида»ги қарори амалдаги қонунчиликка зид равишда қабул қилиниб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат Сенат томонидан назоратга олиниб, қарор қонунчиликка мувофиқлаштирилди.
Бироқ амалдаги қонунчиликка кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, мазкур соҳада аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича таъсир чораларини қўллаш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган бўлса-да, ушбу ҳолатда Адлия вазирлиги томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.
Аксинча, мазкур қарорнинг қонунчиликка зидлиги тўғрисида Адлия вазирлиги томонидан Сенатга маълумот тақдим қилиш билан чекланилган.
Учинчидан, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси улар келиб тушган санадан эътиборан ўн кун ичида, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси улар келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Қўшимча ўрганиш талаб қилганда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқиш муддати беш кунгача, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини кўриб чиқиш муддати эса ўн беш кунгача узайтирилиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан:
халқ депутатлари вилоят, туман, (шаҳар) Кенгаши қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси икки иш куни ичида;
вилоят, туман, (шаҳар) ҳокими қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси беш иш куни ичида ўтказилади.
Бироқ Адлия вазирлиги томонидан 401 та ҳолатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатлари бузилган.
Бундан ташқари, вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги қарори лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатлари ҳам бузилган.
Масалан, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2021 йил 24 ноябрдаги маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ хизматлар учун мажбурий тўлов тарифларини белгилашга оид 165-7-0-Q/21-сонли қарорини экспертизадан ўтказиш муддати бузилган.
Шу каби муддат бузилишлари биргина Самарқанд вилоятида 10 дан ортиқ ҳолатда такрорланган.
Шунингдек, Наманган вилояти ҳокими ва халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши томонидан 2021 йилнинг 10 ойи давомида қабул қилинган 6 та норматив тусдаги қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатлари бузилган.
Хусусан, Наманган вилояти ҳокимининг 2021 йил 15 июлдаги вилоятдаги бозорлар ва савдо комплексларида ундириладиган тўловлар миқдорларига оид қарорини экспертизадан ўтказиш муддати бузилган.
Бу каби ҳолатлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз вақтида қабул қилиш ва маълум ижтимоий муносабатларни тартибга солиш муддатининг кечиктирилишига сабаб бўлган.
Тўртинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 мартдаги 192-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг таклифларига асосан ишлаб чиқиладиган ва Адлия вазирлиги томонидан ҳар уч йилда бир маротаба тасдиқланадиган тегишли режага асосан ўтказилиши ва режа тасдиқланишидан олдин Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси билан келишилиши зарурлиги белгиланган.
Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси уни ишлаб чиқувчи ва ҳуқуқий экспертиза доирасида адлия органлари томонидан ўтказилиши белгиланган.
Бироқ Адлия вазирлигининг ахборотида гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумот келтирилмаган.
Шунингдек, Адлия вазирлигидан олинган маълумотларга кўра (вазирликнинг 2022 йил 22 январдаги 3/13-1/41-сонли жавоб хати) 2020-2021 йиллар мобайнида 5043 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг бор йўғи 3 тасида гендер тенглик принциплари бузилганлиги аниқланган.
Бешинчидан, вазирликнинг ахборотини ўрганиш жараёнида Адлия вазирлиги томонидан тақдим қилинган маълумотларда ўзаро номувофиқликлар мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, вазирликнинг 2022 йил 19 январдаги 3/40-1/76-сонли хатида 2021 йил давомида вазирликка ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун жами 2 554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг келиб тушганлиги қайд этилган бўлса, 2022 йил 20 январдаги 3/20-1/120-сонли хатида эса ушбу рақам 2 960 тани ташкил этиб, орадаги фарқ 406 тани кўрсатмоқда.
Шунингдек, вазирликнинг 2022 йил 19 январдаги 3/40-1/76-сонли хатида 2021 йил давомида вазирлик ва ҳудудий адлия органлари томонидан тегишли ташкилотларга 8 280 та тақдимнома киритилганлиги қайд этилган бўлса, 2022 йил 20 январдаги 3/20-1/120-сонли хатига кўра тегишли ташкилотларга киритилган тақдимномалар сони 24 189 тани, шундан ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш соҳасидаги тақдимномалар сони 9 149 тани ташкил этиб, умумий тақдимномалар сони бўйича орадаги фарқ 15 909 тани, айнан ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш соҳасидаги тақдимномалар бўйича орадаги фарқ 869 тани кўрсатмоқда.
Бу каби ўзаро номувофиқлик эса вазирлик томонидан юритиладиган статистик маълумотларнинг ҳақиқий ҳолатдан фарқ қилишидан далолат бериши мумкин.
Юқорида баён этилганларга ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов):
бир ой муддатда қонун ҳужжатларини тубдан қайта кўриб чиққан ҳолда уларни тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, улар ижроси мониторингини такомиллаштириш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда қонунчиликни тизимлаштириш орқали ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, қонунчилик базасидаги ҳаракатсиз ва амалда қўлланилмаётган ҳужжатларни тубдан қисқартириш мақсадида гильотина усулидан фойдаланишни янада кучайтирсин;
доимий равишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг ўрнига таъсирини инобатга олсин;
икки ой муддатда Юридик хизмат кўрсатиш марказларини малакали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий, гендер-ҳуқуқий ва коррупцияга қарши ўтказиладиган экспертиза хулосалари вазирликнинг расмий веб-сайтига доимий равишда жойлаштирилишини таъминласин;
икки ой муддатда вазирлик ва ҳудудий адлия органлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий экспертиза натижаларини қайта таҳлил қилсин ҳамда бу борада ходимларнинг масъулиятини ошириш ҳамда мазкур соҳадаги фаолиятни янада кучайтириш чораларини кўрсин;
уч ой муддатда халқаро ва миллий қонунчиликни, ҳуқуқшунос олимлар, экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ва тажрибасини инобатга олган ҳолда қонунчиликда юридик шахслар учун жавобгарликни белгилаш масаласини пухта ўрганиб чиқсин ҳамда натижаси юзасидан таҳлилий ҳужжатларни Сенатга киритсин;
икки ой муддатда амалдаги бир-бирига зид бўлган қонунчилик нормаларини, айниқса тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни кўриб чиқсин ва тегишли таклифларни тайёрлаб Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
уч ой муддатда ушбу Қарорнинг ижро этилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ахборот тақдим этсин.
3. Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси (Ф. Боқиев):
бир ой муддатда Адлия вазирлигининг очиқликни таъминлаш борасидаги фаолиятини ўрганиб чиқсин ва натижаси юзасидан умумлаштирилган маълумотни Сенат Кенгашига киритсин;
доимий равишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мониторинг қилиб борсин.
4. Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Н. Умаров):
ҳар ярим йилликда адлия органларининг давлат органлари ва ташкилотларида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш фаолиятини таҳлил қилиб, натижаси юзасидан Қўмитада муҳокама қилинишини таъминлаб борсин;
норма ижодкорлиги фаолияти борасида давлат идоралари билан ҳамкорликни янада кучайтирсин;
ушбу Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида умумлаштирилган маълумотни 2022 йилнинг 20 май кунига қадар Сенат Кенгашига киритсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
мунтазам равишда ҳудудий адлия органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни эшитиб, шаффофликни таъминлашга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
6. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 4 февраль,
СҚ-477-IV-сон