Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини ошириш, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланиш, шунингдек мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга эътибор қаратилган.
Ҳисобот даврида Қўмита ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва бошқа қонун ҳужжатларига асосан амалга оширган.
Ўтган давр мобайнида Қўмита ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган 8 та қонун лойиҳасига масъул этиб белгиланди.
Жумладан, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги, «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини янада либераллаштириш, тадбиркорлик соҳасида ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтиришга имкон беради.
Келиб тушган қонун лойиҳаларининг 7 таси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ва 1 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда киритилган.
Қўмита келиб тушган қонун лойиҳаларини такомиллаштириш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 53 маротаба ишчи гуруҳ йиғилиши, 12 маротаба экспертлар гуруҳи йиғилишлари, қатор давра суҳбатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида 3 маротаба фракциялараро мунозаралар ташкил этган.
Бундан ташқари, парламент назорати ваколати доирасида Қўмита томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш доирасида 13 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Шунингдек, Қўмита қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ижрочиларга ва кенг аҳоли қатламларига етказиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 3 та давра суҳбати, 11 та семинар ҳамда 1 та конференция ўтказган.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, мазкур йўналишда сифат жиҳатдан янги ва самарали тизимни йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўмита томонидан салмоқли ишлар амалга оширилган. Хусусан, Қўмита Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йил учун мўлжалланган Иш режасига мувофиқ ҳар чорак якунида давлат органлари раҳбарларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалари қай даражада ҳал этилаётганлиги бўйича ҳисоботларини эшитиб, тегишли қарорлар қабул қилган. Қолаверса, ҳисобот даврида Қўмита аъзолари жисмоний ва юридик шахслар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиб, улар томонидан йўлланган жами 319 та мурожаат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, назорат-таҳлил тадбирларининг натижалари, семинарлар ва давра суҳбатлари оммавий ахборот воситаларида доимий равишда ёритиб борилган. Жумладан, ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 2 217 та чиқиш ташкил қилинган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказишда, шунингдек назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда доимий равишда кенг жамоатчилик, соҳа мутахассислари ва экспертларни жалб этиш;
парламентнинг инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари соҳасидаги ўрни ҳамда ваколатлари юзасидан илғор хорижий тажрибани ўрганиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;
инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш, ушбу соҳа учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда улардан самарали фойдаланилиши юзасидан давлат органлари ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиб бориш амалиётини давом эттириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмита номига юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
назорат-таҳлил тадбирлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва амалиётда учрайдиган муаммоларни бартараф этиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан самарали парламент назоратини олиб бориш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Қодиров зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 31 январь,
1786-IV-сон