Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг тавсияси тўғрисида
Бугунги кунда парламентда сидқидилдан меҳнат қилиб, унинг фаолиятига муносиб ҳисса қўшаётган, сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш ва халқ манфаатларини ҳимоя қилишда, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонун ижодкорлиги ва самарали парламент назоратини амалга оширишда фаоллик кўрсатиб, алоҳида натижаларга эришган депутатларни рағбатлантириб бориш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ишининг самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борадаги ишларни изчил давом эттириш ҳамда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан кенг фойдаланиш, қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклашда парламент ҳамда депутат назоратидан фаол фойдаланиш ва амалий натижаларга эришиш, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ҳамда давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўлларини белгилашда парламентнинг ролини оширишга салмоқли ҳисса қўшаётган, қуйи палатадаги иш фаолиятида юқори натижаларга эришган депутатларни рағбатлантириш муҳим омил ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг тавсиясини кўриб чиқиб ҳамда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари:
Шарофиддин Хакимович Назаровга — «Адолатли депутат» мақомини;
Дониёр Авазович Ганиевга — «Халқпарвар депутат» мақомини;
Акшагул Абуевна Тулегеновага — «Меҳнаткаш депутат» мақомини бериш тўғрисидаги тавсияси маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Равиль Салихович Сабиржановга «Фахрий депутат» мақомини бериш тўғрисидаги тавсияси маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатларига «Адолатли депутат», «Халқпарвар депутат», «Меҳнаткаш депутат», шунингдек собиқ депутатига «Фахрий депутат» мақомларини бериш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг муҳокамасига киритилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 31 январь,
1784-IV-сон