Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши шуни таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик фикрини инобатга олишга, халқаро тажрибадан унумли фойдаланишга, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга, шунингдек Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Парламент комиссияси фаолиятини самарали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўтган даврда Қўмитанинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти кўлами 2020 йилга нисбатан янада кенгайган. Қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган «Санитария-эпидемиология хизмати такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Бундан ташқари Қўмита масъул бўлган 4 та қонун лойиҳаси («Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги, «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги, «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилди.
Қўмита томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш ҳамда қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш доирасида 10 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Шундан 5 таси қонун ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, 5 таси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга қаратилди. Жумладан, Қўмитада БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахбороти ҳар чоракда эшитиб борилди.
Ҳисобот даврида Қўмита ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б. Мусаевга «Аҳолининг барча тоифалари, айниқса, ижтимоий заиф қатлами учун санитария-гигиена воситаларидан умумий ва тенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш тўғрисида»ги парламент сўрови юборилди.
Шунингдек ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун лойиҳалари муҳокамасига, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни жамоатчиликка етказиш ҳамда мавжуд муаммоларни таҳлил қилишга қаратилган 151 та тадбир, жумладан 77 та давра суҳбати, 74 та семинар ташкил этилди.
Мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ ўрганиш, уларда кўтарилган масалалар юзасидан қонуний чоралар кўриш 2021 йилда Қўмита фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлди. Қўмитага келиб тушган 695 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда жами 3 405 марта чиқиш қилинди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси:
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказишда, назорат-таҳлил тадбирини ўтказишда доимий равишда кенг жамоатчиликни, соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва мониторинг натижаларини Қўмитада муҳокама қилиб бориш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари З. Ибрагимова зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 24 январь,
1773-IV-сон