Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, банк-молия соҳасини либераллаштириш ва Давлат бюджети тизимини ислоҳ қилиш каби қатор йўналишларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга, шунингдек ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўтган даврда Қўмитанинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти кўлами янада кенгайди. 2021 йилда Қўмита жами 25 та қонун лойиҳасига масъул бўлган бўлса, улардан 23 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Ҳисобот даврида Қўмитанинг мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатини — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш борасидаги фаолияти ҳам сезиларли даражада жонланди.
Шунингдек қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни Қўмита томонидан назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ҳамда давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, 2021 йилда Қўмита томонидан жами 19 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Улардан 16 таси давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга ҳамда 3 таси қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарорлари ижросини мониторинг қилишга тааллуқлидир.
Шу билан бирга ўтган даврда Қўмита сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалалар ва жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ҳамда муаммоларни тегишли мутасадди раҳбарлар билан биргаликда ҳал этишга эътибор қаратди. Қўмита ташаббуси билан давлат бошқаруви органларининг раҳбарларига 2 та парламент сўрови юборилди.
Шунингдек ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун лойиҳалари муҳокамаси, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, муҳим тармоқ ва соҳалардаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқишга бағишланган қатор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, 2021 йилда Қўмита аъзолари иштирокида 125 та ишчи гуруҳ йиғилиши, 5 та давра суҳбати, 7 та семинар ҳамда 2 та конференция ўтказилди.
Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан қўмита аъзолари номига келган жами 526 та мурожаат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда жами 3 285 марта чиқиш қилинди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси:
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда доимий равишда кенг жамоатчиликни, соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва мониторинг натижаларини Қўмитада муҳокама қилиб бориш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 24 январь,
1772-IV-сон