Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. 2021 йил 1 июнь куни Анқара шаҳрида имзоланган куйидаги халқаро шартномалар:
2018 йил 30 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённома;
2018 йил 30 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ўқитиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Протоколга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қўшимча баённома тасдиқлансин.
2. Ички ишлар вазирлиги мазкур халқаро шартномаларни амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташки ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартномаларнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги тўғрисида Туркия томонига тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартномалар кучга киргандан кейин уларнинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 2 февраль,
ПҚ-108-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.02.2022 й., 07/22/108/0098-сон)