Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўсимликлар карантини ҳамда ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларига зарар етказувчи зарарли организмларга қарши курашиш, шунингдек, уларнинг Томонлар давлатлари ҳудудларига кириб бориши ва тарқалишига қарши курашиш ва олдини олишда халқаро ҳамкорликнинг афзалликларини инобатга олган ҳолда,
1951 йилда имзоланган ва 1997 йилда қайта таҳрирланган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция (кейинги ўринларда «Конвенция» деб аталади) қоидалари ва принципларини ҳисобга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатлари ҳудудларининг фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар ва ривожлантирадилар.
2-модда
Томонларнинг мазкур Битимни амалга ошириш учун ваколатли органлари (кейинги ўринларда «Ваколатли органлар» деб аталади) қуйидагилар ҳисобланади:
Туркия Республикаси Ҳукумати номидан — Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси.
3-модда
Томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қиладилар:
карантин остидаги маҳсулотни импорт, экспорт ва транзит қилиш давомида бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига ўсимликлар карантини зарарли организмлари кириб келишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш;
янги ўсимликлар карантини зарарли организмлари кириб келиши ва тарқалиши, шунингдек, уларга қарши курашиш чоралари ҳамда Томонлар давлатлари ҳудудида тарқалишининг олдини олиш чоралари тўғрисида маълумот алмашиш;
Томонлар давлатлари учун ўсимликлар карантини аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлар Рўйхати, шунингдек, Рўйхатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида хабардор қилиш;
карантин остидаги маҳсулот импорти, экспорти ва транзитини тартибга солувчи Томонлар давлати қонун ҳужжатлари, фитосанитария қоидалари ва талаблари билан алмашиш ҳамда тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида маълумот алмашиш;
ўсимликлар карантини зарарли организмларини аниқлаш, маҳаллийлаштириш ва йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда илмий, техникавий ва маслаҳат кўмаги кўрсатиш;
давлат чегараси ўтиш пунктларида ўсимликлар карантини соҳасида юзага келаётган муаммоларни таҳлил қилиш, шунингдек, уларни ҳал қилиш учун таклифлар ишлаб чиқиш;
техник жиҳатдан асосли, фитосанитария хавфи билан мутаносиб бўлган ҳамда шаффофлик, камситмаслик ва савдога яширин чекловларнинг олдини олиш асосида шакллантирилган фитосанитария чораларини ўрнатиш;
Томонлар мутахассислари ва экспертларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги касбий кўникмаларини ошириш.
4-модда
Бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига (ҳудуди орқали) олиб кирилган ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотларининг ҳар бир туркуми импорт қилувчи Томоннинг ўсимликлар карантини соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Бошқа Томон давлати ҳудудига олиб кирилган карантин остидаги маҳсулот импорт қилувчи давлатнинг чегара пунктида карантин назоратидан ўтказилади.
Ваколатли органлар текширувлар ўтказиш ва зарур ҳолларда, лаборатория тадқиқотларини ўтказиш, маҳсулотлар ва улар ташилаётган транспорт воситаларини зарарсизлантириш, шунингдек, ўз давлатлари ҳудудига ўсимликлар карантини зарарли организмлари кириб келишининг олдини олиш бўйича чоралар кўрадилар.
Чегара пунктида фитосанитария назорати вақтида импорт қилинаётган карантин остидаги маҳсулотда ўсимликлар карантини объекти аниқланган ҳолда, импорт қилувчи Томон уни экспорт қилувчи давлатга қайтаришга ёки юкнинг эгаси ҳисобидан зарарсизлантиришга, башарти юкни қайтариш ёки зарарсизлантириш мумкин бўлмаса, юк эгаси розилиги асосида йўқ қилишга ҳақли. Ҳар бир ҳолатда, импорт қилувчи Томон 13-сонли Фитосанитария чоралари бўйича халқаро стандартга (кейинги ўринларда «ФЧХС» деб аталади) мувофиқ бошқа Томонни хабардор қилади.
5-модда
Бир Томон давлатининг ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига (ҳудуди орқали) импорт қилинаётган ҳар бир юк туркуми 12-сонли ФЧХСга мувофиқ экспорт қилувчи Томоннинг ваколатли органи тарафидан тақдим этиладиган ва импорт қилувчи Томон давлати учун карантин аҳамиятига эга бўлган ўсимликлар карантини объектидан ҳоли эканлигини тасдиқловчи фитосанитария сертификати билан таъминланиши лозим.
Томонлар мазкур Битим тузилган санадан бошлаб ўн (10) кун ичида фитосанитария сертификатларининг нусхаларини алмашадилар. Томонлардан бирининг фитосанитария сертификатига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилган тақдирда, ушбу Томон ўн (10) кун ичида янгиланган фитосанитария сертификатини бошқа Томонга юборади.
Юк туркумини кузатиб борувчи фитосанитария сертификати асл нусхада бўлиши ва инглиз тилида ёки уни тақдим этган Томоннинг давлат тилида тўлдирилиши лозим. Фитосанитария сертификатидаги тузатишлар, ўчиришлар ва унинг матнидаги ноаниқликлар унинг юридик кучи йўқолишига олиб келади.
Карантин остидаги маҳсулот реэкспорт қилинганда, реэкспорт учун фитосанитария сертификати маҳсулотни ишлаб чиқарувчи мамлакатнинг фитосанитария сертификатининг асл нусхаси билан кузатиб борилиши лозим.
Фитосанитария сертификатининг мавжудлиги карантин остидаги маҳсулотни Томонларнинг ўз давлатлари фитосанитария талабларига мувофиқ фитосанитария назоратидан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
6-модда
Томонлар давлатлари ҳудудлари орқали карантин остидаги маҳсулот транзит қилинишига ишлаб чиқарувчи мамлакатнинг фитосанитария сертификати тақдим этилган ҳолда, карантин остидаги маҳсулот транзит қилинадиган мамлакатнинг ўсимликлар карантини соҳасидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ рухсат этилади.
7-модда
Импорт, экспорт қилинадиган ва транзит қилинадиган карантин остидаги маҳсулотлар учун Томонлар давлатларининг давлат чегаралари бўйлаб кириш пунктлари уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Ваколатли органлар ўз давлатлари ҳудудига импорт қилинадиган карантин остидаги маҳсулот фитосанитар назоратини амалга оширадиган чегара постлари тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
8-модда
Томонлар ўсимлик маҳсулотидан тайёрланган қадоқлаш материалларнинг 15-сонли «Халқаро савдода ёғоч қадоқлаш материалларни тартибга солиш» ФЧХСга мувофиқлигини таъминлайдилар ва, зарур ҳолларда, улар фумигация қилиниши ёки иссиқлик билан ишлов берилиши лозим.
Карантин остидаги маҳсулотни экспорт қилишда ўсимликлар карантини объектидан ҳоли бўлган янги қадоқлаш материаллари қўлланилиши лозим. Қадоқлар ва қадоқлаш материаллари тупроқдан ҳоли бўлиши лозим. Ҳашак, похол, сомон, қипиқ, барглар ва бошқа ўсимлик материалларидан қадоқлаш воситаси сифатида фойдаланиш мумкин эмас. Карантин остидаги маҳсулотни ташишда қўлланиладиган транспорт воситалари пухта тозаланиши ва, зарур ҳолларда, зарарсизлантирилиши лозим.
Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган экиш материаллари тупроқдан (торфдан ташқари), тупроқ билан боғлиқ бўлган моддалардан ва бегона ўтлардан ҳоли бўлиши шарт.
9-модда
Томонлар бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига ташиладиган карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш жойларини, шунингдек, карантин фитосанитария назорат тизимини биргаликда текширувдан ўтказишлари мумкин.
10-модда
Ихтисослашган ҳамкорлик тадбирлари ва уларни амалга ошириш шартларини аниқлаш мақсадида Томонлар алоҳида ҳамкорлик дастурини тузишлари мумкин.
11-модда
Мазкур Битим қоидалари Томонларнинг ўз давлатлари иштирок этадиган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ёки уларнинг халқаро ташкилотларга аъзолигидан юзага келадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
12-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги асосида ҳар қандай вақтда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ушбу ўзгартиришлар Битим кучга кириши учун белгиланган ўхшаш қонуний процедурага мувофиқ кучга киради ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
13-модда
Мазкур Битим кучга кириши учун зарур бўлган ўз ички қонуний процедураларини Туркия Республикаси ваколатли органи якунлаганлиги тўғрисидаги хабарномани Ўзбекистон Республикаси ваколатли органи дипломатик каналлар орқали қабул қилган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим 5 (беш) йил давомида амал қилади, башарти Томонлардан бири мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида унинг муддати тугашидан камида 6 (олти) ой олдин дипломатик каналлар орқали бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиши ўз-ўзидан кейинги 5 (беш) йиллик муддатларга узаяверади.
Ҳар қайси Томон исталган вақтда мазкур Битимни бошқа Томонга уни тугатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома юбориш орқали тугатиши мумкин. Бундай ҳолда, мазкур Битим хабарнома олинган санадан 3 (уч) ой ўтгач тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2021 йил 1 мартда ва Анқара шаҳрида 2021 йил 5 апрелда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)