Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Хусановнинг «Ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Хусановнинг «Ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, иш ўринларини яратиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилган.
Жумладан, аҳоли бандлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 дан зиёд Фармон ва қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 40 дан ортиқ қарорлари қабул қилинган. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 4 та Конвенцияси ва 1 та баённомаси ратификация қилинган.
Мамлакатимиз Президенти раислигида шу йилнинг 14 декабрь куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича маҳаллабай режалар ишлаб чиқиб, тақдимотини қилиш лозимлигига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек келгуси йилда янги иш ўринларини яратиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида тармоқлар ва ҳудудлар кесимида парламентга маълумот бериб бориш кераклиги қайд этиб ўтилди.
2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастурига мувофиқ жорий йилнинг ўтган 10 ойида 381 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилиб, режа 83,3 фоизга бажарилган.
Меҳнат органлари томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 342 231 нафар шахс (143 364 нафар ёшлар) ишга жойлаштирилган, 218 290 нафар шахс (72 062 нафар ёшлар) жамоат ишларига жалб қилинган, 94 672 нафар шахсга (41 601 нафар ёшларга) ишсизлик нафақаси тайинланган.
5,2 минг нафар ёшлар «Future Skills Uzbekistan» ва «Бир миллион дастурчи» лойиҳалари доирасида IT касбларига, 6,4 минг нафар ёшлар «Ёшлар 1+1» ва «Тадбиркор аёл» лойиҳаси доирасида тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тиллар бўйича ўқитилган.
Ўрта ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида лавозимлар ва ишчилар касбларининг янги классификатори тасдиқланган. Натижада меҳнат бозорига мос 2 163 та янги лавозим ва касблар қўшилган.
Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида вазирлик тасарруфида 16 та «Ишга марҳамат», банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи «Мономарказ», 59 та туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 136 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолияти йўлга қўйилган.
Ўқитиш дастурларининг ташкил этилиши натижасида касб-ҳунарга ўқитилган ёшларнинг 74 фоизи иш билан таъминланган.
Шу билан бирга мазкур соҳалардаги ишларни тизимли ва самарали ташкил этиш бўйича кўрилган чораларга қарамасдан, бу борада айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда ишсизлик даражаси ҳамон юқори бўлиб, иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,4 фоизни, ёшлар орасида 14,9 фоизни ташкил этмоқда. Норасмий секторда меҳнат қилаётган шахсларнинг 38,4 фоизини ҳамда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг 46,1 фоизини ёшлар ташкил этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Хусановнинг «Ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов):
аҳоли, шу жумладан ёшлар бандлигига кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида замонавий инфратузилмани ва рақобат муҳитини янада яхшилаш;
ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш;
тармоқлар ва ҳудудлар кесимида иш ўринларини ташкил этишга доир ҳар йилги давлат буюртмасини мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб шакллантириш;
Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш;
ташқи меҳнат бозорини доимий равишда ўрганиш ва хорижда салоҳиятли иш берувчиларни қидириб топиш ҳамда ваколатли органлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
аҳоли бандлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга оид асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтирсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 28 декабрь,
1718-IV-сон