Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати фаолиятининг моддий-техника таъминотини такомиллаштириш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати фаолияти моддий-техника таъминотининг самарадорлигини ошириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш бошқармасига моддий-техника таъминоти вазифалари юклатилсин ва шу муносабат билан Сенат девонининг Моддий-техника ва таъминот бўлими тугатилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш бошқармасининг номи «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси» деб ўзгартирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш тўғрисида»ги КҚ-249-IV-сонли Қарорининг 3-банди 2-хатбошиси ўз кучини йўқотган деб топилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 11 ноябрдаги КҚ-155-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг девони тўғрисида»ги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш тўғрисида»ги КҚ-249-IV-сонли Қарорининг 3-банди 5-хатбошиси ўз кучини йўқотган деб топилсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
9. Ушбу Қарор 2022 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 23 декабрь,
КҚ-292-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 23 декабрдаги КҚ-292-IV-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси (бундан буён матнда Бошқарма деб юритилади) фаолиятининг асосий вазифалари, функциялари ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Бошқарма Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатини (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) моддий-техник жиҳатдан таъминлашни ташкил этадиган, Сенат биноларини сақлаш ишларини амалга оширадиган, доимий фаолият кўрсатадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг тузилмавий таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисига бўйсунади.
3. Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва унинг Кенгаши қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг фармойиши ва топшириқларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
4. Бошқарма давлат мулкида бўлган, ўзига тезкор бошқариш ҳуқуқи асосида берилган мол-мулк негизида ташкил этилган давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, ўз мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ҳисобварағига ва банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига, штамп ва бланкаларига, давлат тилида ўз номи ёзилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрига ҳамда бошқа реквизитларга эга бўлади.
5. Бошқарманинг расмий номи қуйидагича:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — «Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senati binolaridan foydalanish va xoʻjalik faoliyati boshqarmasi» davlat muassasasi;
қисқартирилган номи — «Senat binolaridan foydalanish va xoʻjalik faoliyati boshqarmasi» DM;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственное учреждение «Управление по эксплуатации зданий Сената Олий Мажлиса Республики Узбекистан и хозяйственной деятельности»;
қисқартирилган номи — ГУ «Управление по эксплуатации зданий Сената и хозяйственной деятельности».
6. Бошқарма қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номидан мулк ҳуқуқларини олиш ва амалга ошириш, зиммасига мажбуриятлар олиш, судда даъвогар ва жавобгар бўлиш, низоларни ҳал этиш чоғида бошқа органларда вакиллик қилиш ҳуқуқига эга.
7. Бошқарманинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Ислом Каримов кўчаси, 9-уй.
2-боб. Бошқарманинг вазифалари ва функциялари
8. Бошқарманинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
балансидаги маъмурий бинолар ва иншоотларни, шунингдек, уларга тегишли ҳудудларнинг амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ фойдаланилишини, сақланишини ҳамда уларга техник хизмат кўрсатилишини, муҳандислик тизимларининг, коммуникациялар ва ускуналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
Сенат, унинг органлари ва сенаторлар фаолиятини моддий-техник ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлашга доир ишларни ташкил қилиш;
Сенат бинолари, хоналари ва ускуналарига эксплуатация-техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиш, уларни лозим даражадаги ҳолатда сақлаш, шунингдек, ана шу мақсадлар учун мўлжалланган пул маблағларидан оқилона фойдаланилиши устидан назорат қилиш;
Сенат биноларидаги хоналар мебель, инвентарлар, интерьер буюмлари билан жиҳозланишини таъминлаш;
юқори мартабали меҳмонлар ва расмий делегацияларни қабул қилиш, шунингдек, музокаралар ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
мажлислар залларининг техник жиҳозланишини ҳамда ялпи мажлислар, кенгашлар, шу жумладан селектор ва видеоконференцалоқа режимида мажлислар, йиғилишлар ўтказилиши чоғида жиҳозланишини ташкил этиш;
ёнғинга қарши муҳофазани, бинолар ва объектларнинг, шу жумладан видеокузатув тизимларидан ва бошқа электрон техника воситаларидан фойдаланган ҳолда қўриқланишини ташкил этиш;
Сенат бинолари ҳамда бошқа объектларнинг қурилиши, реконструкция қилиниши, жорий ва капитал таъмирланишини ташкил этиш;
Бошқарма кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш.
9. Бошқарма ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
бинонинг хоналари, асбоб-ускуналари ва унга туташ ҳудудни лозим даражадаги ҳолатда сақлаш;
маъмурий бинолар, иншоотлар ҳамда хоналарга доир амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ муҳандислик тизимлари ва асбоб-ускуналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
замонавий ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда моддий-техника таъминоти ва меҳнатни ташкил этишнинг илғор усулларини жорий этиш;
сенаторлар ва Девон ходимлари учун зарур меҳнат шароитларини яратиб бериш;
Сенат девонининг буюртмасига асосан Сенат қўмиталари (комиссиялари) ва таркибий бўлинмаларни зарур моддий-техника воситалари, шу жумладан компьютер техника воситалари, зарур маҳкама моллари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш, уларнинг ҳисобини юритиш;
Сенат ва унинг Кенгаши мажлислари залларининг, шунингдек, Сенат қўмиталари (комиссиялари) мажлислари ўтказиладиган залларининг тайёрланишини (шу жумладан рўйхатга олиш тизими компьютерлар билан таъминланишини) ташкил қилиш;
хизмат сафарига юбориладиган сенаторлар ва Девон ходимлари учун темир йўл чипталари ва авиачипталар банд (брон) қилинишини ташкил этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
сенаторлар томонидан юқори мартабали меҳмонлар ва расмий делегацияларни қабул қилиш ҳамда хорижда хизмат сафари давомида ўтказиладиган тадбирларда тақдим этиладиган совғалар харид қилиш ишларини ташкил этиш;
Сенат ҳамда унинг органлари томонидан ўтказиладиган турли тадбирлар учун тарқатма материаллар, рисола ва бошқа маҳсулотларни тайёрлаш, чоп этиш ишларини ташкил этиш;
Сенат ялпи мажлисларига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келадиган сенаторларни меҳмонхоналарга жойлаштириш;
Сенат девони раҳбарининг кўрсатмасига асосан сенаторлар ва Девон ходимларига хизмат автомобилларини бириктириш ва навбатчи автотранспорт воситалари ишини ташкил этиш;
Сенат девонининг Молия, ҳисоб ва ҳисобот бўлимига Бошқарманинг келгуси йил учун мўлжалланган бюджет буюртмасини тақдим қилиш;
техника хавфсизлиги ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
Бошқарма ходимлари меҳнатини ташкил қилишни муттасил такомиллаштириб бориш, улар учун зарур ижтимоий-маиший шароитларни яратиш тадбирларини амалга ошириш;
биноларда жойлашган тиббий хизмат пункти, дорихона, ошхона, почта хизмати, сартарошхона ва бошқа маиший хизматлар ишини мувофиқлаштириш;
электр, иссиқлик қуввати етказиб берилишини таъминлаш;
сув таъминоти, сув ажратиш, совутиш, ҳавони алмаштириш тизимларига эксплуатация-техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларнинг бажарилишини таъминлаш;
бинолардаги хоналарни йиғиштириш ва тоза-озода сақлаш ишларининг бажарилишини таъминлаш;
қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари томонидан марказлаштирилган ҳолда қўриқлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги учун жавобгар шахсларнинг фаолияти устидан назорат таъминланишига, ёнғин сигнализацияси тизимига техник хизмат кўрсатиш ва уни жорий таъмирлаш ишлари бажарилишига кўмаклашиш;
видеокузатув тизимига техник хизмат кўрсатиш ва уларни режали таъмирлаш ишларининг бажарилишини таъминлаш;
муҳандислик-технологик тизимлар қўллаб-қувватланишини, серверлар ва локал-ҳисоблаш тармоқлари, телекоммуникация ва аудио-видео ускуналари ишлашини, компьютер ускунаси ва периферия қурилмалар техник жиҳатдан кузатиб борилишини, компьютер ва бошқа ташкилий техника созланиши ҳамда таъмирланишини ташкил этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш;
лифтларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни режали таъмирлаш ишларининг бажарилишини таъминлаш;
хизмат хонадонлари ва Сенат учун ажратилган хонадонларнинг ҳисобини юритиш, уларда яратилган маиший шароитларни яхшилаш чораларини кўриш;
зарур товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиниши мақсадида ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар билан шартномалар тузиш ишларини амалга ошириш, кимошди савдоларида иштирок этиш, танловлар ташкил қилиш;
Сенат девони буюртмаси асосида Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларнинг, Сенат девони ходимларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва ўринбосарларининг, Конституциявий суд судьяларининг, Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг, Марказий банк бошқаруви раиси ва аъзоларининг, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, «Нурли жол» газетаси, «Овози тожик» газетаси бош муҳаррирларининг ва улар ўринбосарларининг хизмат гувоҳномалари муқовасини тайёрлаш;
Сенат девонининг Молия, ҳисоб ва ҳисобот бўлимига ҳар чорак якуни бўйича баланс ҳисоботларини тақдим этиш.
Бошқарма ўз зиммасига юклатилган вазифаларга, Олий Мажлис Сенати, унинг Кенгаши қарорларига, Сенат Раисининг фармойишлари ва топшириқларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.
3-боб. Бошқарманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
10. Бошқарма ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Бошқарма тасарруфига киритилган масалаларни ҳал қилиш учун, зарурат бўлганда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ва ўзга органларни жалб этиш;
Бошқарманинг фаолияти масалалари юзасидан бошқа органлар ва ташкилотлар билан белгиланган тартибда ёзишмалар олиб бориш;
Бошқарма томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) рўйхатини келишиб олиш;
Сенат биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва уни капитал таъмирлаш бўйича таклифлар киритиш, объект бўйича буюртмачи функциясини бажариш.
Бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз вазифалари ва функцияларини бажариш учун зарур бўлган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Бошқарма:
ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни самарали, сифатли ва ўз вақтида бажариш;
моддий ва молиявий ресурслардан, асосий ҳамда айланма маблағлардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш учун жавобгардир.
4-боб. Бошқарма тузилмаси ва унинг фаолиятини ташкил этиш
12. Бошқарманинг асосий тузилмавий бўлинмалари муайян вазифаларни ҳал қилиш учун тузилади.
13. Бошқармага Сенат Раисининг фармойишига асосан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган Бошқарма бошлиғи раҳбарлик қилади.
14. Бошқарманинг Бошқарма бошлиғи ўринбосари, бош муҳандиси, бош энергетики, бош бухгалтери, бош бухгалтери ўринбосари, бош юрисконсульти ва кадрлар бўлими мудири Сенат Раиси билан келишган ҳолда Бошқарма бошлиғининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
15. Ушбу Низомнинг 14-бандда кўрсатилгандан Бошқарманинг бошқа ходимлари Бошқарма бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
16. Бошлиқ бўлмаган даврда унинг ваколатларини ижро этиш Бошқарма бошлиғи ўринбосари томонидан амалга оширилади.
17. Бошқарманинг иши ушбу Низомга, Сенат Раисининг фармойишлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек, Бошқарманинг иш режалари, бўлимларнинг иш режалари ва мутахассисларнинг индивидуал иш режалари асосида ташкил этилади.
Бошқарманинг иш режаси Сенат Раиси томонидан тасдиқланади.
18. Бошқарма бошлиғи:
Бошқармага бевосита раҳбарликни амалга оширади, Бошқарма фаолиятини ташкил этади ҳамда Бошқарма зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади;
Сенат Раиси, унинг ўринбосарлари, Сенат девони раҳбари бошчилигида ўтказиладиган мажлисларда Бошқармага тааллуқли масалалар бўйича иштирок этади;
Бошқарма ходимларининг асосий функционал вазифаларини белгилайди ҳамда ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши устидан назоратни ташкил этади;
Бошқарманинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини ўрнатилган тартибда тасдиқлайди.
чиқиб кетувчи хатларни имзолайди;
Бошқарма ишини такомиллаштиришга доир тадбирлар ишлаб чиқади ва уларни амалга оширади.
19. Бошқарма ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, мансаб йўриқномаларига, Бошқармада амал қилувчи низомлар ва йўриқномаларга, ички меҳнат тартиби қоидаларига, жамоавий ва меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланади.
5-боб. Бошқарманинг мол-мулки
20. Бошқарманинг мол-мулки асосий ва айланма маблағлардан, шунингдек, ўз мустақил балансида акс эттириладиган бошқа моддий қимматликлардан иборатдир.
21. Бошқарма фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
6-боб. Бошқармани молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш
22. Бошқарма фаолиятини молиялаштириш ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Бошқарма ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари Сенатнинг ваколати муддатига боғлиқ бўлмайди.
23. Бошқарма ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик маоши, мукофот, моддий ёрдам, қўшимча ҳақлар, устама ва рағбатлантириш тўловларидан иборат.
Бошқарма ходимлари лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақлар ва устамалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ тўланади.
24. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Бошқарма фаолиятини молиялаштириш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.
7-боб. Бошқарманинг ҳисобдорлиги
25. Бошқарма бухгалтерия ҳисобининг ташкил этилиши, ҳолати ва ишончлилиги, бухгалтерия, молия ва статистика ҳисоботларининг Сенат Раисига ҳамда бошқа органларга ўз вақтида тақдим этилиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
26. Бошқарма томонидан солиқлар ва бошқа тўловлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ тўланади.
8-боб. Бошқармани тугатиш ва қайта ташкил этиш
27. Бошқармани фаолиятини янада такомиллаштириш, уни қайта ташкил этиш, шунингдек, янги таркибий бўлинмалар тузиш, тугатиш ва қайта ташкил этиш Сенат Кенгашининг қарори билан амалга оширилади.
9-боб. Якунловчи қоида
28. Мазкур Низомнинг қоидаларидан келиб чиқадиган низолар музокаралар йўли билан ҳал этилади. Низоларни музокаралар йўли билан бартараф этишнинг иложи бўлмаганда улар суд тартибида ҳал қилинади.
29. Ушбу Низомда акс эттирилмаган масалалар Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 23 декабрдаги КҚ-292-IV-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг девони тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 11 ноябрдаги КҚ-155-IV-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг девони тўғрисида»ги низомга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 1-банддаги «тузилмалари» деган сўзи «органлари» деган сўз билан алмаштирилсин;
2) 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Девон қуйидаги таркибий бўлинмалардан иборат:
Назорат-таҳлил бошқармаси;
Ахборот хизмати;
Юридик бошқарма;
Давлат бюджети ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини таҳлил қилиш бошқармаси;
Сенат Раисининг котибияти;
Сенат қўмиталарининг котибиятлари;
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалалари бўлими;
Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўлими;
Халқаро алоқалар бўлими;
Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими;
Умумий бўлим;
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими;
Молия, ҳисоб ва ҳисобот бўлими»;
3) 11-банднинг учинчи хатбошисидаги «тузилмалари» деган сўз «органлари» деган сўз билан алмаштирилсин;
4) 12-банднинг учинчи хатбошисидаги «тузилмалари» деган сўз «органлари» деган сўз билан алмаштирилсин;
5) 13-банднинг учинчи хатбошисидаги «тузилмалари» деган сўз «органлари» деган сўз билан алмаштирилсин;
6) 21-банднинг олтинчи хатбошиеидаги «тузилмалари» деган сўз «органлари» деган сўз билан алмаштирилсин;
7) 40-банд:
еттинчи хатбошиеидаги «тайёрлайди» деган сўз «тайёрлаш учун буюртма беради» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўн тўққизинчи хатбошисидаги «Моддий-техника ва таъминот бўлимига» деган сўзлар «Сенат биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармасига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8) 15-боб чиқариб ташлансин;
9) 45-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«45. Молия, ҳисоб ва ҳисобот бўлимининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Сенат фаолиятига доир харажатлар сметаси, бюджет буюртманомалари, штатлар жадвали, молиявий, солиққа доир ва бошқа ҳисоботларни тузиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармасига тегишли молия йили учун бюджет параметрларини етказиш ҳамда келгуси йил учун бюджет буюртманомаларини қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармасида «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг Бюджет Кодексига мувофиқ бухгалтерия ва молиявий ҳисоботларнинг тузилиши ва юритилиши ҳамда молиявий-иқтисодий фаолияти устидан назорат олиб бориш;
сенаторлар ва Девон ходимларининг ойлик молиялаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устама ҳақлар, рағбатлантирувчи тўловларни ҳисоб-китоб қилиш, прогнозлашни амалга ошириш учун иқтисодий ҳисоб-китобларни тузиш;
сенаторлар ва Девон ходимларининг хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш ва темир йўл чипталари ва авиачипталарини харид қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармасининг бухгалтерия ҳисоботларини қабул қилиш ҳамда умумлаштирилган ҳолда ва белгиланган муддатларда Молия вазирлигига тақдим қилиш;
ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар билан шартномалар тузиш ишларини амалга ошириш, кимошди савдоларида, танловларда иштирок этиш»;
10) 46-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«46. Молия, ҳисоб ва ҳисобот бўлими ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Сенат фаолиятига молиявий хизмат кўрсатишни таъминлайди;
бухгалтерия балансларини, молиявий натижалар, асосий воситаларнинг ҳаракати, пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботларни, ҳисоб-китоблар ва уларга изоҳларни, солиққа оид ва бошқа ҳисоботларни тайёрлайди;
барча параметрлар бўйича йиллик сметалар тузиш, шунингдек истиқболни белгилаш билан боғлиқ иқтисодий ҳисоб-китоблар каби молиявий-иқтисодий хусусиятдаги функцияларни бажаради;
Сенат фаолияти билан боғлиқ алоҳида харажатлар сметасини, шунингдек уларни ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлар тайёрлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармасида «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг Бюджет Кодексига мувофиқ бухгалтерия ва молиявий ҳисоботларнинг тузилиши ва юритилиши ҳамда молиявий-иқтисодий фаолияти устидан назорат олиб боради;
маблағларнинг сарфланиши ва молиявий ресурслардан тежаб фойдаланиш ва уларнинг сақланиши устидан назоратни амалга оширади;
Сенат фаолиятини тартибга солувчи, жумладан молиявий масалаларга дахлдор бўлган норматив ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан хулоса беради;
сенаторлар ва Девон ходимларини моддий рағбатлантиришнинг қонунда тақиқланмаган манбалари тўғрисида таклифлар тайёрлайди».
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 23 декабрдаги КҚ-292-IV-сонли қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноларидан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Бошқарма ходимларига қуйидагилар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади:
ходимларнинг лавозим маоши;
мукофотлар ва моддий ёрдам тўловлари;
ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра оширилган тариф коэффициентини қўллаш ҳисобига устамалар;
моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш фонди маблағларининг 25 фоизи миқдорида ходимларнинг меҳнатини моддий тақдирлаш ва рағбатлантириш;
ходимнинг кўп йиллик хизматлари ва умумий иш стажи давомийлиги учун ҳар ойлик лавозим маошига устамалар;
байрам кунлари учун мукофотлар;
ходимларга хизмат мажбуриятларини ташаббускорона ва виждонан бажарганлиги учун лавозим маошларига устамалар;
ходимларнинг соғлиғини тиклаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида моддий ёрдам;
алоҳида тоифадаги ходимларга қонунчиликда белгиланган бошқа устамалар.
2-боб. Бошқарма ходимларини рағбатлантириш миқдори ва шартлари
3. Ходимларга лавозим маошини аниқлашда ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра
1,5 баравар миқдорида тариф коэффициенти қўлланилади.
4. Йилига икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдоридаги мукофотлар ҳамда йилига бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида моддий ёрдам тўловлари берилади.
5. Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари (25 фоизлик) ҳисобидан ходимларнинг меҳнатини моддий тақдирлаш ва рағбатлантириш, шунингдек алоҳида тоифа ва касбдаги ходимларга устамалар қонунчиликда белгиланган миқдорларда берилади.
6. Сенат биноларидаги мураккаб электр ва технологик ускуналарга малакали ва хавфсиз техник хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Бошқарма раҳбари, унинг ўринбосари, бош муҳандиси ва тегишли бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассисларига лавозим маошининг бир баравари миқдорида шахсий устамалар берилади.
7. Алоҳида тоифадаги ходимларга қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва шартларда устамалар тўланади.
8. Ходимларнинг кўп йиллик хизматлари ва умумий иш стажи давомийлиги учун лавозим маошига устамалар ҳар ойда штат жадвалига мувофиқ ҳолда қуйидаги миқдорларда тўланади:
Иш стажи Ойлик тариф ставкасига (лавозим маошига) нисбатан муайян муддат ишлаганлик учун ҳар ойда бериладиган устама ҳақ миқдори
2 йилдан 5 йилгача 10%
5 йилдан 10 йилгача 20%
10 йилдан 15 йилгача 30%
15 йилдан 20 йилгача 40%
20 йилдан 25 йилгача 50%
25 йилдан ортиқ 60%
Ушбу устама ҳақ олиш ҳуқуқи ходимда меҳнат шартномаси асосида ишлашни бошлаган кундан эътиборан юзага келади.
3-боб. Бошқарма ходимларини кўп йиллик хизматлари ва умумий иш стажи давомийлиги учун устамаларни белгилаш шартлари
9. Устама ҳақ олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади. Устама ҳақ олиш ҳуқуқини берувчи умумий иш стажига қуйидагилар киради:
а) ходим фаолият туридан, мулкчилик ва хўжалик шаклидан қатъий назар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаган тақдирда давлат томонидан ижтимоий суғурта қилинадиган ҳар қандай иш даври;
б) прокуратура, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, Давлат хавфсизлик хизмати органларидаги ҳамда чегара қўшинларидаги хизмат даври;
в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;
г) юридик шахс тузмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган шахслар ва деҳқон хўжаликлари аъзолари томонидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта тўловларини тўлаган даври;
д) айрим фуқароларга ёлланиб ишлаш (уй хизматчилари, котиблар, энагалар, ҳайдовчилар, қўриқчилар ва ҳоказолар билан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаган тақдирда) даври.
Ходимнинг иш стажини ҳисоблаб чиқиш учун меҳнат дафтарчасидаги иш стажига оид қайдлар асос ҳисобланади.
10. Устама ҳақ олиш ҳуқуқини берувчи иш стажини ҳисоблаб чиқиш кадрлар бўйича масъул ходим томонидан амалга оширилади ҳамда лавозим маошларига қўшимча ҳақ тўланиши учун тегишли ҳужжатларни Молия, ҳисоб ва ҳисобот бўлимига тақдим этади.
11. Устама ҳақ миқдори ходимнинг ойлик тариф ставкасидан (лавозим маошидан) келиб чиқиб ҳисобланади. Устама ҳақ ушбу ойда амалда ишлаган вақт учун тўланади ва ўртача иш ҳақига киритилади.
12. Ходимда календарь ой мобайнида муайян муддат ишлаганлик учун лавозим маошига нисбатан тўланадиган устама ҳақ олиш ҳуқуқи юзага келса, ушбу устама ҳақ миқдорини биринчи марта ҳисоблаш бундай устама ҳақ олиш ҳуқуқи юзага келгандан кейин ишлаган вақт учун амалга оширилади.
13. Календарь ой мобайнида муайян муддат ишлаганлик учун лавозим маошига нисбатан тўланадиган устама ҳақ миқдорини ошириш ҳуқуқи юзага келган ходимга нисбатан устама ҳақнинг янги миқдори кейинги ойнинг биринчи санасидан қўлланилади.
Календарь ой мобайнида тариф ставкаси (лавозим маоши) ўзгарган ходимга нисбатан устама ҳақнинг янги миқдори тариф ставкаси (лавозим маоши) ўзгарган кундан бошлаб қўлланилади.
14. Ходим Меҳнат кодексининг 93 — 95-моддаларида кўрсатилган тартибда вақтинча бошқа ишга ўтказилганда унга устама ҳақ асосий иши бўйича ойлик тариф ставкасидан (лавозим маошидан) келиб чиқиб ҳисобланади.
4-боб. Бошқарма ходимларини иш ҳақи фондининг иқтисод қилинган қисми ҳисобидан рағбатлантириш миқдори ва шартлари
15. Иш ҳақи фондининг иқтисод қилинган қисми ҳисобидан Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни, Конституция куни, Янги йил, Халқаро хотин-қизлар куни (аёлларга), Хотира ва қадрлаш куни, Наврўз, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари учун ходимлар лавозим маошининг бир бараваригача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.
16. Зарур ҳолларда, ходимлар лавозим маошининг икки баравари миқдорида (кам таъминланган оилалар, ходимнинг даволаниши, 50, 55, 60 юбилей ёши муносабати билан, пенсияга чиққанда, шунингдек тўй, дафн маросими ва бошқалар учун) ходимларга касаба уюшмаси билан келишган ҳолда моддий ёрдам пули берилади.
5-боб. Бошқарма ходимларини рағбатлантириш тадбирларини молиялаштириш
17. Қуйидагилар ходимларни рағбатлантириш манбалари ҳисобланади:
бюджетдан ажратилган маблағлар;
бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
18. Ходимларни моддий рағбатлантиришни молиялаштириш манбалари ва миқдори қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси, бюджетдан ташқари жамғармалар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоида
19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.