Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг фаолиятида социологик тадқиқотлар натижаларидан янада самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ижроси ҳолатини ўрганиш, жойларда сайловчиларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш борасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан жорий йилда жами 12 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Улардан 6 таси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, 6 таси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга тааллуқлидир.
Мазкур тадбирларнинг таъсирчанлиги ҳамда натижадорлигини ошириш, шунингдек уларнинг сифатли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган «Ёшлар ўзи, армия ва ватанпарварлик ҳақида»ги, «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш: фикрлар, баҳолар ва ижро ҳақида»ги ва яна бошқа қатор сўровлар таҳлилидан кенг фойдаланилди.
Мамлакатимиз Президенти томонидан белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2022 йилда ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва муддатли ҳарбий хизматга тайёрлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларида социологик тадқиқотлар ўтказиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг социологик тадқиқотлар ўтказиш юзасидан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига 2022 йил учун буюртма бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг иш режаларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда ҳар бир қўмита фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, аниқ йўналишлар ва соҳаларда социологик тадқиқотлар ўтказиш бўйича «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига буюртмалар бериш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 20 декабрь,
1676-IV-сон