Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижро этилишининг бориши тўғрисида
Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда муҳандислик- коммуникация, ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишга қаратилган дастурлар ҳамда лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4889-сонли қарорига мувофиқ 1 359 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган бўлиб, ҳозирда 1 065 та (78 фоиз) лойиҳа ишга туширилган ҳамда 8 372 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Шунингдек, шароити оғир тоифага киритилган 45 та маҳалла ва овулларда хизмат кўрсатиш соҳасида 74 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинган, барча маҳалла фуқаролар йиғинлари компьютер техникалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан қиймати 23,9 млн АҚШ долларига тенг 11 та лойиҳа ишга туширилган.
Тижорат банклари томонидан лойиҳалар учун тармоқ жадваллари асосида кредит ажратилишига эришилган.
Амалга оширилган ишлар билан бирга айрим муаммоли масалалар ҳам юзага келган.
Хусусан, 2020 — 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган 124 та лойиҳани ишга тушириш муддатини узайтириш зарурати мавжуд.
Қораўзак туманида қиймати 3 млрд сўм ва Қўнғирот туманида қиймати 5,5 млрд сўм бўлган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шаҳобчаларини ташкил этиш лойиҳаларига Энергетика вазирлиги томонидан рухсатнома тақдим этиш муддати кечиктирилмоқда.
Бундан ташқари, Қораўзак туманида вермикулит қазиб олишни кенгайтириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 8,9 млрд сўмга тенг 3 та лойиҳа бўйича Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасидан лицензия олиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмаган.
Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари томонидан илгари сурилган қиймати 555,5 млн АҚШ долларига тенг бўлган 5 та лойиҳа бўйича ишлар охирига етказилмаган, 280,3 млн АҚШ доллари ҳажмидаги 13 та лойиҳа эса қайта таҳлил қилиниши лозим.
«Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш» лойиҳаси бўйича жорий йилда режалаштирилган 56,2 млн АҚШ доллари ҳажмидаги кредит маблағларнинг атиги 21,32 млн АҚШ доллари (38 фоиз) ўзлаштирилган.
«Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик сув таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳаси бўйича Нукус, Беруний, Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак ва Амударё туманларидаги сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция ишлари учун жорий йилда ўзлаштирилиши режалаштирилган 21,9 млн АҚШ долларига тенг маблағнинг 1,7 млн АҚШ доллари (8 фоизи) ўзлаштирилган холос.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси юзасидан Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б. Алихановнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ишга тушириш муддатини узайтириш зарурати мавжуд бўлган 124 та лойиҳани қайта таҳлил қилиш чорасини кўрсин;
хизмат кўрсатиш билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларига Энергетика вазирлиги томонидан дислокация (рухсатнома), шунингдек, вермикулит қазиб олишни кенгайтириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳаларга Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан қисқа муддатларда лицензия берилишини назоратга олсин;
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари томонидан илгари сурилган лойиҳаларни мақсадга мувофиқлигини қайта кўриб чиқсин;
халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларда маблағларнинг паст даражада ўзлаштирилиши бўйича таҳлил ўтказсин;
2022 йилнинг 10 мартига қадар белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Олий Мажлис Сенатига таҳлилий маълумот киритсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига:
ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини ташкил этиш;
ишга туширилган ва амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамиятини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш тавсия этилсин.
4. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси:
Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтирсин;
ҳар чоракда амалга оширилган ишлар тўғрисида Олий Мажлис Сенати Кенгашига таҳлилий маълумот киритиб борсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 15 декабрь,
СҚ-450-IV-сон