Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, шуни қайд этадики, давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашга йўналтирилган.
2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойлиги якунига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ҳажми 519,8 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,9 фоизга ортган ҳолда барқарор ўсиш суръатларини қайд этмоқда.
Бунда саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳалари иқтисодий ўсишнинг драйверлари бўлиб хизмат қилди. Хусусан, иқтисодий ўсиш саноатда 9,0 фоизни, хизматлар кўрсатишда 7,6 фоизни, қурилишда 4,5 фоизни ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликларида 4,2 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) 2021 йил тўққиз ойидаги даромадлари 116 035,9 млрд. сўмни ташкил этди. Бунда кўрсаткич прогноз қилинган 107 041,6 млрд. сўмга нисбатан 108,4 фоизга ёки 8 994,3 млрд. сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар 2020 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 21 578,7 млрд. сўмга ўсган.
Давлат бюджетининг харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 130 265,1 млрд. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 25,1 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот давридаги бюджет тақчиллиги 11,4 трлн. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 2,2 фоизни ташкил этиб, юзага келган тақчиллик эса халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар (4,1 трлн. сўм), Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан келиб тушган маблағлар (4,4 трлн. сўм) ҳамда давлат ғазначилик облигацияларини жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар (2,9 трлн. сўм) ҳисобидан қопланган.
Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, давлат қарзи 25,3 млрд. АҚШ долларини ёки ЯИМга нисбатан 38,3 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 64 038,0 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 49,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,3 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 56 270,9 млрд. сўми (87,9 фоизи) ижтимоий соҳа ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, 7 444,2 млрд. сўми (11,6 фоизи) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига трансфертлар ва 322,9 млрд. сўми (0,5 фоизи) аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш учун харажатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Амалга оширилган қатор ижобий ишлар билан бирга, айрим хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Хусусан, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, боқиманда қарздорлик йил бошига нисбатан 67,8 фоизга ўсган. Бунда қарздорлик «Ўзбекнефтгаз» АЖда 60 бараварга ошган. Боқиманда қарздорлик Бухоро, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 400,0 млрд. сўмдан ортиқни ташкил этган.
Ҳисобот даврида айрим вазирликлар ва идоралар томонидан ривожлантириш дастурлари учун капитал қўйилмалар тўлиқ ўзлаштирилмаган. Жумладан, халқ таълими муассасаларини кенг полосали интернет тармоғига улаш харажатлари учун режалаштирилган 49,3 млрд. сўмдан бор-йўғи 3,0 млрд. сўми (6,2 фоизи), нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш харажатлари учун режалаштирилган 89,1 млрд. сўмдан атиги 9,4 млрд. сўми (10,6 фоизи) ўзлаштирилган. Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш харажатлари учун, маданият ҳамда аҳоли дам олиш масканларини шакллантиришга ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир харажатлар учун режалаштирилган маблағлар умуман ўзлаштирилмаган.
Мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ажратилган 1 141,1 млрд. сўмдан 629,1 млрд. сўми (55,1 фоизи), умумтаълим мактаблари учун ажратилган 3 231,8 млрд. сўмдан 2 364,9 млрд. сўми (73,2 фоизи), тиббиёт муассасалари учун ажратилган 1 644,5 млрд. сўмдан 926,8 млрд. сўми (56,4 фоизи) ўзлаштирилган.
Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағларидан мақсадли фойдаланиш борасида 728,8 млрд. сўм миқдоридаги молиявий хатоликларга, шундан 83,7 млрд. сўм миқдоридаги камомадга йўл қўйилган. Жумладан, халқ таълими тизимида 75,5 млрд. сўмлик, мактабгача таълим тизимида 66,7 млрд. сўмлик ва соғлиқни сақлаш тизимида 56,2 млрд. сўмлик қонун бузилиш ҳолатлари содир этилган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида 2021 йилнинг тўққиз ойида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаган ҳолда жами 695 та ҳолатда 58,2 млрд. сўмлик шартномалар ва юридик мажбуриятлар расмийлаштирилган. Андижон вилоятида 2 507 та ҳолатда 30,0 млрд. сўмлик, Сурхондарё вилоятида 1 203 та ҳолатда 13,9 млрд. сўмлик, Сирдарё вилоятида 310 та ҳолатда 10 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 707 та ҳолатда 63,4 млрд сўмлик, Тошкент шаҳрида 338 та ҳолатда 28,6 млрд. сўмлик харидлар амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот қонунда белгиланган тартибда Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракцияларида ва масъул қўмитада дастлабки тарзда муҳокама қилинганлигини ҳамда билдирилган таклифлар ва тавсиялар инобатга олинганлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Давлат бюджети даромадлари 116 трлн. сўмни, харажатлари эса 130 3 трлн. сўмни ташкил этганлиги қайд этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларини таъминлаш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш;
аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни давом эттириш;
Давлат бюджетида назарда тутилган ривожлантириш дастурларининг ижросини таъминлаш чораларини кўриш;
давлат харидлари соҳасида бюджет тизимининг бюджетлари маблағларидан оқилона фойдаланиш, харид қилиш тартиб-таомилларининг турларини такомиллаштириш ва уларнинг қўлланилишини кенгайтириш, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чораларни кучайтириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Давлат бюджети харажатларининг ўзлаштирилмаганлиги ҳолатларини тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда таҳлил қилган ҳолда, уларни ўзлаштириш;
тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда бюджет интизомини бузишнинг, камомадлар ва мақсадсиз харажатларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаш, уларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги фақат давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари асосида расмийлаштирилган шартномаларни рўйхатдан ўтказиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси боқиманда қарздорликни тегишли вазирликлар ва идоралар билан бирга таҳлил қилган ҳолда йил якунига қадар ундириш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига давлат Бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини ўрганиб чиқиш ва бу борада депутатлик назоратини кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат бюджетида назарда тутилган ривожлантириш дастурларининг вазирликлар ва идоралар томонидан ижро этилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 26 ноябрь,
1567-IV-сон