Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг халқ депутатлари Кенгашлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш тўғрисида
Сўнгги йилларда маҳаллий вакиллик органлари фаолияти тубдан ўзгарди, халқ депутатлари Кенгашлари йиғилишларида ҳудудларни ривожлантириш билан бир қаторда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги турли муаммоларни ҳал этишга доир қатор бошқа масалалар тизимли равишда муҳокама қилиб борилмоқда. Кенгашларнинг жойлардаги долзарб масалаларни бартараф этишдаги роли сезиларли даражада ошди.
Халқ депутатлари Кенгашларининг жамиятдаги тутган ўрнини, назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Жумладан, ҳоким ва унинг ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонуний асосда белгилаб қўйилди.
Халқ депутатлари Кенгашларига ахборот-таҳлилий ва ташкилий жиҳатдан кўмаклашувчи Котибиятлар тузилиши улар фаолиятига янгича мазмун-моҳият олиб кирди, бу ўз навбатида, депутатлар ишининг самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳозирда халқ депутатлари Кенгашлари том маънода халқ ва давлат ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажарувчи органга айланди.
Бугунга келиб халқ депутатлари Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан ҳудудларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, аҳолини ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этиш борасидаги амалий ҳамкорлиги барқарор тус олди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) депутатлари маҳаллий вакиллик органлари ишида тизимли асосда иштирок эта бошладилар. Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган бир қатор қонун лойиҳалари сиёсий партиялар фракциялари орқали халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларида муҳокама қилинмоқда, Кенгашлар депутатларининг фикр ва таклифлари қонун лойиҳаларидаги нормаларни такомиллаштиришда инобатга олинмоқда.
Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўз сайлов округларида бўлишлари анъанага айлангани эса барча даражадаги депутатлар жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш имкониятини кенгайтирди. Халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари жойлардаги ўрганишларда, сайлов округларидаги учрашувларда Қонунчилик палатаси депутатлари билан бирга бевосита қатнаша бошлади.
Қонунчилик палатаси мажлисларида муайян масалалар муҳокама қилинаётганда, қонун лойиҳалари кўриб чиқилаётганда халқ депутатлари Кенгашлари депутатларини кенг жалб қилиш, жойларда қонун лойиҳалари муҳокамаларини тизимли равишда ташкил этиш, лойиҳалар юзасидан жамоатчиликнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини Қонунчилик палатасининг қўмиталарига тақдим этиш амалиётидан янада самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.
Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан ҳудудларда ўтказиладиган назорат-таҳлил тадбирларида халқ депутатлари Кенгашлари депутатларининг иштирокини таъминлаш лозим.
Халқ депутатлари Кенгашларида ҳам Олий Мажлис палаталаридаги каби ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этиш бўйича бошланган ишларни изчил давом эттириш устувор масала ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг маҳаллий вакиллик органлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Ш. Бафаевнинг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг халқ депутатлари Кенгашлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
фракцияларда кўриб чиқилаётган масалалардан халқ депутатлари Кенгашларини хабардор қилиб бориш тизимини жорий қилиш;
Қонунчилик палатаси мажлисларида халқ депутатлари Кенгашлари депутатларининг иштирокини доимий равишда таъминлаш чораларини кўриш;
муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жойларда халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари билан кенг муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш;
Қонунчилик палатаси депутатининг ёрдамчиси кўмагида халқ депутатлари Кенгашлари билан ўзаро маълумот алмашинувини таъминлаш;
халқ депутатлари Кенгашлари Котибиятлари фаолиятига замонавий иш услубларини кенг жорий этишга кўмаклашиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
ҳудудларда ўтказиладиган назорат-таҳлил тадбирларига халқ депутатлари Кенгашлари депутатларини кенг жалб этиш;
қўмиталарнинг фаолият йўналишидан келиб чиқиб, халқ депутатлари Кенгашларидаги доимий комиссиялар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси (Ш. Бафаев) ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси (А. Аслонов) халқ депутатлари Кенгашларида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги каби ёшлар парламенти вакиллари мактабини ташкил этиш юзасидан асослантирилган таклифлар киритсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 1 ноябрь,
1460-IV-сон