Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида (бундан буён матнда ҳисобот даврида деб юритилади) қонунчилик ва парламент назорати фаолияти олиб борилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномалари ҳамда 2020 йил 20 январдаги Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги маърузасида кўрсатилган вазифалар юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, қонунчилик фаолияти доирасида ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари иштирокида ва экспертларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда маъқуллаш учун Сенатга киритилган 16 та қонун (2020 йилда 10 та, 2021 йилнинг ўтган даврида 6 та), шунингдек, 24 та масала дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 13 та тадбир ўтказилган. Хусусан, қонунларнинг жойлардаги ижроси соғлиқни сақлаш соҳасида 7 марта, таълим соҳасида 5 марта, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги соҳасида 1 марта ўрганилган.
Бундан ташқари, мактабгача таълим ва халқ таълими вазирларининг ахборотлари эшитилган.
Сенатга жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларда, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабулларда ҳамда ижтимоий тармоқларда (Facebook, Instagram, Telegram messenger ва ҳ.к.) кўтарилган масалалар юзасидан 3 та парламент сўрови юборилган. Уларнинг натижалари Қўмита мажлисларида ва Сенатнинг ялпи мажлисларида муҳокама қилинган.
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида ҳозирги кунда долзарб аҳамият касб этган «Онкологик касалликлар профилактикаси, уларни даволаш жараёнларидаги муаммолар ва ечимлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда онкологик касалликларни эрта аниқлаш, уларни даволаш жараёнидаги муаммолар, онкология муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш, республикадаги онкологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган муассасаларнинг замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланиш даражаси каби масалалар муҳокама қилинди ҳамда Ҳукуматга Қўмитанинг тегишли тавсиялари берилди.
Шу билан бирга, олий таълим тизимида тазйиқ ва зўравонликларни олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда, олий таълим муассасаларида педагог ходимларнинг ўзини тутишлари, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолият юритишлари, талабалар билан мулоқотда уларга зўравонлик қилишлари, тазйиқ ўтказишлари, жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ножўя хатти-ҳаракатлар қилишлари таълим тизими ходимлари учун шармандали ҳолат эканлиги, бунинг оқибатида ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши ҳақида меҳнат жамоаси ўртасида доимий тушунтириш ишларини олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Қонунларнинг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини ўрганиш фаолияти доирасида 5 та қонунни татбиқ этишга қаратилган қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши ҳамда амалда қўлланилиши ҳолати мониторинг қилиниб, натижаси бўйича Сенат Кенгаши қарори қабул қилинган.
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш соҳасида Қўмита аъзолари томонидан ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 19 581 та (2020 йилда 8 350 та, 2021 йилнинг ўтган даврида 11231 та) ёзма мурожаат кўриб чиқилган, шундан 5 363 таси Сенатга келиб тушган мурожаатлардир.
Назоратга олинган 2 582 та мурожаатдан 1 058 таси (41%) ижобий ҳал қилинган. Тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган мурожаатларнинг 1 524 таси (59%) юзасидан ташкилотлар томонидан фуқароларга тушунтириш берилган.
Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида 887 та учрашув ўтказилган.
Қўмита аъзолари томонидан Сенатда ва жойларда жами 4 075 нафар фуқаро қабул қилинган.
Шунингдек, тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан самарали фойдаланиб, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳудуд манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 76 та сенатор сўрови юборилган.
Натижада ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган мактабгача ва ўрта таълим муассасаларини таъмирлаш ҳамда йўл қурилиши билан боғлиқ муаммолар ҳал этилган.
Бундан ташқари, сенаторлар ташаббуси билан мамлакатимиздаги ўнлаб маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун шароит яратиш, муҳтож оилаларни уй-жой ва бандлигини таъминлаш, тиббиёт муассасаларини зарур анжомлар билан жиҳозлаш бўйича жойлардаги масалалар ўз ечимини топди.
Сенат томонидан маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, фуқароларга давлат дастурларини ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар ва босма даврий нашрларда 1 200 га яқин материаллар эълон қилинган.
Шу билан бирга, Қўмитанинг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича фойдаланилмаётган имкониятлари мавжуд.
Хусусан:
соҳаларда давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиш;
таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, янги қабул қилинган қонунларнинг моҳияти, аҳолининг турмушига таъсирини жойларда кенг жамоатчиликка етказиб бериш;
маҳаллий ижро ҳокимиятларининг даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган маблағларни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг оғир аҳволдаги муассасаларига биринчи навбатда йўналтириш борасидаги ишлар назоратини кучайтириш зарур.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита раиси О. Иминовнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги Қўмита раиси О. Иминовнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси:
Қўмита фаолиятига дахлдор бўлган тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликни янада кучайтирсин;
фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига оид қонун ҳужжатлари ижроси, шунингдек, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан тизимли парламент назоратини амалга оширсин;
мурожаатларни кўриб чиқишда ўз ташаббусига кўра ёхуд мурожаат этувчининг илтимосига кўра кўтарилган масала юзасидан сенатор сўрови ёки парламент сўровини юбориш ҳамда унинг натижасини Қўмита, Сенат Кенгаши ёхуд Сенатнинг ялпи мажлисида эшитиш амалиётидан янада кенгроқ фойдалансин;
жамиятда қизғин баҳсларга сабаб бўлган, шу жумладан ижтимоий тармоқларда кўтарилган мурожаатлар юзасидан тезкор эшитувлар ташкил қилган ҳолда мутасадди шахслардан изоҳ талаб қилиб, камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин;
Ёшлар парламенти аъзолари томонидан кўтарилган долзарб масалалар юзасидан таклифларни Қўмита муҳокамасига, зарур ҳолларда Сенат Кенгаши муҳокамасига киритсин;
назорат-таҳлил тадбирларига Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини фаол жалб қилсин;
назорат тадбирларига тайёргарлик жараёнида ва уларни ўтказишда давлат органлари, илмий муассасалар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтирсин;
Мактабгача таълим, Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан биргаликда аҳолини мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус, профессионал ва олий таълим билан қамраб олиш ҳамда таълим жараёнига замонавий методика ва янгиликларни киритиш чора-тадбирларини жадаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган тадбирларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминласин;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг назорат қилинишини таъминлаш мақсадида хорижий амалиётда синаб кўрилган соғлиқни сақлаш тизимини назорат қилиш усулларини жорий этиш чораларини кўрсин;
ушбу Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида умумлаштирилган маълумотни 2022 йилнинг 1 мартига қадар Сенат Кенгашига киритсин.
3. Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоларига:
Сенатнинг ялпи мажлисларида маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли эътиборига етказиш мақсадида жойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликда тарғибот тадбирларини доимий равишда амалга ошириш;
қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини жойларда аҳолининг кенг қатламига етказиш, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва бошқа долзарб масалалар бўйича тадбирлар (конференция, давра суҳбати, семинарлар) ўтказиш;
Сенатга келиб тушган мурожаатларни, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларни тааллуқлилигига қараб бевосита жойларга чиққан ҳолда доимий асосда ишловчи сенаторлар билан биргаликда ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш;
ўз ташаббусига кўра ёхуд мурожаат этувчининг илтимосига кўра кўтарилган масала юзасидан сенатор ёки парламент сўровини юбориш ҳамда унинг натижасини Қўмита, Сенат Кенгаши ёхуд Сенатнинг ялпи мажлисида эшитиш учун таклифлар бериб бориш тавсия этилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссиялари (қўмитаси)га:
олис ва чекка ҳудудларда таълим қамрови ва сифати устидан доимий назорат олиб бориш;
Қўмита аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда жойларда соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиш;
маҳаллий ижро ҳокимиятларининг даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган маблағларни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг оғир аҳволдаги муассасаларига биринчи навбатда йўналтириш бўйича назоратни кучайтириш;
умумтаълим мактаблари директорларининг фаолияти ва амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини даврий равишда кенгашларда эшитиб бориш;
жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ноқонуний ҳолатлар юзасидан маҳаллий Кенгашларда эшитувларни ташкил қилиш ва натижаси юзасидан тегишли чоралар кўриш;
илм-фан ва амалиёт ривожи уйғунлигини таъминлаш, шу жумладан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларга инновацион технологияларни, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга, таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
ўз мажлисларида (тегишлилиги бўйича) ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолиятлари юзасидан ахборотини эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш тавсия этилсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 18 ноябрь,
СҚ-431-IV-сон