Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахборотини кўриб чиқиб, Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сонли Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ўзбекистон илк бор уч йил муддатга (2021 — 2023 йилларга) БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди.
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги ва ҳуқуқий амалиётини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида 2021 йил 4 июнда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги конвенцияси ҳамда 2021 йил 7 июнда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси ратификация қилинди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ушбу Қарор билан қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил қилиш, уларнинг вазифаларини аниқ белгилаш, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш ва бошқа бир қатор нормалар белгиланди.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳуқуқини тиклаш, барча соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати томонидан «2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси» тасдиқланди.
Шу билан бирга инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни самарали қўллаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида бир қатор муаммолар мавжуд:
биринчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини янада кучайтириш лозим, чунки давлат органлари, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича билим ва кўникмалар етарли даражада шаклланмаганлиги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда;
иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»даги ижро муддати якунланган 46 та банднинг 11 таси бўйича тадбирлар якунига етказилмаган. Шунингдек, «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»ги, «Бепул юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича қонунларни қабул қилиш бўйича ишлар якунига етказилмаган;
учинчидан, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тасдиқланган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш юзасидан «Йўл харитаси»нинг ижроси таъминланмаган. Жумладан, «Инсон ҳуқуқларини ўрганиш» махсус ўқув курси ўқитилиши олий таълим муассасаларида тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, молиялаштириш масаласи ҳал қилинмаганлиги сабабли фанлар номутахассис ўқитувчилар томонидан ўқитилмоқда. Шунингдек, педагог кадрлар малакасини ошириш институтларида ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича курслар ёки дарс соатлари ташкил этилмаган;
тўртинчидан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини қўллаш амалиёти йўлга қўйилмаганлиги БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари томонидан асосли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 7-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
уч ой муддатда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг мурожаат қилиш жараёнларига тааллуқли ҳамда Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш, жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилиш масаласини ўрганиб чиқсин ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига киритсин;
инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан миллий маърузаларни тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режалари («Йўл хариталари») ижроси устидан тизимли мониторинг ва қатъий назорат амалиётини жорий қилсин ҳамда якуни бўйича умумлаштирилган маълумотларни ҳар олти ойда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга киритиб борсин;
аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда халқаро ташкилотларни кенг жалб этиш ва БМТнинг тегишли тузилмалари тавсияларини инобатга олишни таъминласин.
3. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази:
уч ой муддатда Жаҳон таълими дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини ишлаб чиқсин;
нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб қилган ҳолда инсон ҳуқуқлари бўйича «муқобил» маърузаларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрсин;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар ижроси бўйича БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши ва шартномавий қўмиталарига тақдим этиладиган миллий маърузаларни Вазирлар Маҳкамаси билан ўрнатилган тартибда келишишни таъминласин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда таълим муассасалари дастурларига «Инсон ҳуқуқлари», «Аёл ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курсларини киритиш чораларини кўрсин;
Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда давлат органлари, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича билим ва кўникмаларни етарли даражада шакллантиришга қаратилган ўқув курсларини тизимли йўлга қўйсин.
Ушбу Қарор ижроси юзасидан 2022 йилнинг 1 апрелигача Сенатга ахборот киритсин.
4. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги икки ой муддатда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий қилиш имкониятларини ўрганиб, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ижтимоий ҳимоянинг минимал стандартлари тўғрисидаги 102-сонли конвенциясини ратификация қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Адлия вазирлиги уч ой муддатда давлат хизматларидан фойдаланиш муносабатларини тартибга соладиган ҳуқуқий нормаларни халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш, шунингдек, маълумотлар базасининг тўла рақамлаштирилишини назарда тутадиган нормаларни қонунчиликка киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ички ишлар вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда суд ҳукми ёки ажрими билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга психологик ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайдиган қонунчиликни такомиллаштириш чораларини кўрсин.
7. Бош прокуратура уч ой муддатда адашиб жиноят йўлига кирган ва ҳозирда тузалиш йўлига ўтган, содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган маҳкумларга имкон бериш, уларни муддатидан илгари шартли озод қилиш, жамиятга, оиласига қайтариш тартибини белгилайдиган нормаларни қонунчиликка киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари:
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни ўз фаолиятида инобатга олсин;
иш режаларида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳамда келгусидаги иш режаларини тузишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузалардан фойдалансин;
Қўмита мажлислари ва парламент эшитувлари мазмунидан келиб чиқиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини ушбу тадбирларга жалб этсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва «Йўл харитаси»нинг ҳудудлар кесимида ижро этилиши юзасидан ахборотларини камида бир йилда бир маротаба эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда амалга оширилган ишлар бўйича маълумотларни Олий Мажлис Сенатига тақдим қилиш тавсия этилсин.
10. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
11. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 18 ноябрь,
СҚ-427-IV-сон