Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Тошкент шаҳрида суғориладиган ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда бошқарув тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланишда бошқарув тизимини жорий этиш, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 443-IV-сон ва Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги СҚ-135-IV-сон «Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йил 16 августдаги 1290-IV-сон ва Сенатининг 2021 йил 27 августдаги СҚ-379-IV-сон «Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳри Бектемир, Сергели, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Янгиҳаёт туманларига ўтказилаётган суғориладиган ер майдонлари, боғлар ва токзорларда (кейинги ўринларда — ўтказилаётган ер майдонлари):
мавжуд ер майдонлари ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун қишлоқ хўжалиги экинлари яхлит майдонларга плантация усулида жойлаштирилади. Бунда, ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминланганлигини ҳисобга олиб экспортбоп ва сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш йўлга қўйилади;
аҳоли ишсизлигини камайтириш мақсадида ажратилаётган ҳудудлардаги 20 гектардан кам бўлмаган ерларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан плантация усулида замонавий технологиялар асосида интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, лизинг асосида етти йил муддатга аҳолига берилади.
Бунда, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л. Қудратов) тижорат банклари билан биргаликда Тошкент шаҳри Бектемир, Сергели, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Янгиҳаёт туманларида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштиришда тижорат банклари кредитлари, халқаро молия институтларининг кредит линиялари маблағларини жалб этиш чораларини кўради.
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев) Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж. Артикходжаев), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш. Хамраев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А. Хаитов) билан биргаликда ўтказилаётган ер майдонларида:
ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминланганлигини ҳисобга олиб ҳамда қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари тўлиқ экилишини таъминлаш;
қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини уч бараварга ошириш учун қайта ишлаш ташкилотлари, музлаткичли омборхоналар ва логистика марказларини 2021-2022 йиллар давомида тўлиқ ишга тушириш ҳамда уларнинг ишлашини таъминлаш чораларини кўрсин.
4. Белгилансинки:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида 10 та штат бирлигидан иборат Тошкент шаҳар қишлоқ хўжалиги бошқармаси ташкил этилади;
ўтказилаётган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ва уларнинг ижроси устидан назорат қилиш вазифаси Бош прокуратуранинг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармасига юклатилади. Бунда, Бош прокуратуранинг мазкур бошқармасига қўшимча 2 та штат бирлиги ажратилади;
Тошкент шаҳар қишлоқ хўжалиги бошқармасининг ва Бош прокуратуранинг штат бирликлари Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва Зангиота, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ ҳамда Қибрай туманлари қишлоқ хўжалиги бўлимларининг жами 12 нафар штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳар қишлоқ хўжалиги бошқармасини Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Ислом Каримов кўчаси, 55-уй манзилидаги бинога оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирсин ҳамда моддий-техника воситалари билан таъминласин.
6. Белгилансинки:
экин майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳолатини назорат қилиш, минерал ўғитларнинг мақсадли ишлатилишини, пахта ва ғалла ҳосилини йиғиб олишда жамоат тартиби, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ички ишлар вазирининг ўринбосарига мазкур соҳадаги фаолиятни амалга ошириш борасида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўйсундирилади;
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида 5 нафар ходимдан иборат бўлим ташкил этилади.
7. Белгилаб қўйилсинки, ўтказилаётган ер майдонларида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ерлардан фойдаланишни ташкил этиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш соҳасида самарали давлат назорати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади;
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 октябрдаги ПФ-164-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.10.2024 й., 06/24/164/0843-сон)
Сув хўжалиги вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун кафолатланган сув билан таъминлаш чоралари кўрилади;
фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг қишлоқ хўжалиги бўйича барча кўрсаткичлари Тошкент шаҳрининг тегишли туман статистика бўлимлари орқали ҳисобга олинади;
ер майдонларини бошқа ер фонди тоифасига ўтказиш фақат қонунчиликда белгиланган тартибда компенсация тўловлари тўлиқ ундирилган тақдирда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж. Артикходжаев) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А. Хаитов) билан биргаликда бир ой муддатда:
Бектемир, Сергели, Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилар билан уларнинг фойдаланувида бўлган ерлар ижараси бўйича ижара шартномасини қайта расмийлаштиришга амалий ёрдам берсин;
ер ижараси шартномаси амалдаги ердан фойдаланувчи билан илгари тузилган шартномада кўрсатилган муддатнинг қолган қисмига тузилишини таъминласин.
10. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда Тошкент шаҳрига ўтказилган ер майдонларини ер фонди тоифалари, турлари, ердан фойдаланувчилар бўйича контурлар кесимида, шунингдек, мавжуд барча бино-иншоотлар, қурилмалар, шу жумладан аҳолининг яшаш жойларини уларнинг эгалари кесимида қайта хатловдан ўтказсин ва хатлов якунларига кўра тегишли масштабдаги хариталарини янгиласин.
11. Қуйидагиларга:
қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаев зиммасига — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни ташкил этиш ва муҳофаза қилиш соҳасида самарали давлат назоратини амалга ошириш юзасидан;
Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Артикходжаев зиммасига — қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда уларнинг бошқа ер фонди тоифасига ноқонуний ўтказилишига йўл қўймаслик юзасидан;
Бектемир, Сергели, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимлари зиммасига — туман ҳудудларига ўтказилган қишлоқ хўжалиги ерларида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан шартномалар тузилишини таъминлаш юзасидан жавобгарлик юклатилсин.
12. Бош прокуратура (Ш. Рахимов) Тошкент шаҳрига ўтказилган, шунингдек, илгари берилган ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланилиши устидан мунтазам равишда назорат олиб борилишини ҳамда ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини содир этган шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 июндаги ПФ-90-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2023 й., 06/23/90/0352-сон)
14. Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаев, Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Артикходжаев ва Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи З. Мирзаев белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 18 ноябрь,
ПҚ-17-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1а-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2а-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3а-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 июндаги ПФ-90-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2023 й., 06/23/90/0352-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2021 й., 07/21/17/1065-сон; 12.06.2023 й., 06/23/90/0352-сон; 16.02.2024 й., 06/24/36/0130-сон; 24.10.2024 й., 06/24/164/0843-сон; 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)