Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш ҳолати, шу жумладан, бошқарув компанияларининг фаолияти юзасидан ахбороти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш ҳолати, шу жумладан, бошқарув компанияларининг фаолияти юзасидан ахборотини эшитиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Жумладан, 2017 — 2021 йиллар давомида соҳа йўналишида «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун (бундан буён матинда — Қонун), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Фармони ва 2 та қарори ҳамда 5 та Ҳукумат қарори қабул қилинган.
Қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани ҳамда Жиззах ва Марғилон шаҳарларида кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилиб, натижаси бўйича ушбу Қонуннинг 18 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Республикада 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра 38 373 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, шундан 25 987 таси 4 185 та уй-жой мулкдорлари ширкати ва 9 840 таси 290 та бошқарув ташкилоти, 714 таси бевосита мулкдорлар ва ташкилотлар (балансида бўлгани учун) томонидан бошқарилади.
Қонун нормаларини апробация қилиш бўйича Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ўтказилган ҳуқуқий эксперимент кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатилиши харажатларининг қисқаришига, хизмат кўрсатиш даражасининг ортишига ижобий таъсир этган.
Жумладан, тумандаги кўп квартирали бошқарув компанияларининг хизмат кўрсатиши натижасида авария ҳолатларини 60 фоизга, мулкдорларнинг муддати ўтган мажбурий бадаллар бўйича қарздорлиги 25 фоизга қисқарган ҳамда 1 млрд 400 млн сўмлик банк кредити қайтарилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар соҳада ўз ечимини кутаётган муаммо ҳамда тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан, соҳага оид қонун ҳужжатлари ва белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ижро этилмаслик ҳолатлари мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5152-сонли қарорида белгиланган нормалар Қонунга тўлиқ мувофиқлаштирилмаган.
Қонунга мувофиқ кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг, мулкдорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ фаолияти тўғрисидаги ахборотни вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш ва уни янгилаб бориш белгиланган бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5152-сонли қароридан ташқари бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 апрелдаги ПҚ-2922-сонли қарорида 2017 йилнинг 1 сентябрига қадар «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК ҳамда унинг шаҳар ва туман филиалларини махсус техника ва механизмларнинг намунавий рўйхати асосида 2 156 та махсус техника ҳамда механизмлар билан таъминлаш белгиланган бўлса-да, вазирлик томонидан ушбу ишлар охирига етказилмаган.
Шунингдек, юқоридаги қарор билан кўп хонадонли уйларни (мулкчилик шаклидан қатъий назар) паспортлаштириш ва натижаси бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда уни мунтазам янгилаб боришни таъминлаш белгиланган.
Бироқ, ҳозирда жами 38 минг 373 та кўп квартирали уйлардан 18 минг 762 тасига (49 фоиз) кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Яккасарой туманларида фаолият юритаётган бошқарув компаниялари фаолиятида ҳам қатор ҳал этилиши зарур бўлган масалалар мавжуд.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5152-сонли қарори билан ширкатлардан бошқарувчи ташкилотларга ўтган уй-жойлар учун жалб қилинган кредитларнинг муддатини маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида уч йилгача узайтириш белгиланган бўлса-да, Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Яккасарой туманлари ҳокимликлари томонидан мазкур талаблар бажарилмаган.
Шунингдек, қайд этилган қарорга мувофиқ кўп квартирали уй-жойларда истиқомат қилувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг мажбурий бадалини «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратиш учун бошқарув компаниялари ва ширкатларга маблағлар берилмаган. Қолаверса, ушбу мақсадларга маблағларни ажратиш тартиби ҳам мавжуд эмас.
Яккасарой туманидаги «Classic bilding communal» МЧЖ тасарруфидаги (60 та) кўп квартирали уйлар жойлашган Бошлиқ маҳалласида 40 нафар «Темир дафтар»га, 115 нафар «Ёшлар дафтари»га ва 17 нафар «Аёллар дафтари»га киритилган фуқаролар мавжуд бўлса-да, бошқарув компанияси томонидан жамғармалардан субсидия олиниши таъминланмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 январдаги 5-сонли қарорига мувофиқ тажриба тариқасида Юнусобод туманида 229 та, Шайхонтоҳур туманида 35 та, Яккасарой туманида 22 та фаолият юритмаётган ширкатларнинг кредитларини ҳамда мажбурий бадаллар бўйича қарзларини белгиланган тартибда янги ташкил этилган Юнусобод туманидаги 12 та, Шайхонтоҳур туманидаги 11 та ва Яккасарой туманидаги 6 та бошқарув компаниясига ўтказиб берилмаган.
Натижада мулкдорлардан мажбурий бадал пуллари тўлиқ бошқарув компаниялари томонидан йиғиб олинган ва ўз мақсадларига сарф қилиниб, фаолият юритмаётган ширкатларнинг эса зиммасидаги муаммоли кредит қарзларининг ортишига олиб келган.
Бундан ташқари, кўп квартирали уйлар мулкдорлари томонидан ўз вақтида тўланмаган мажбурий бадалларни ундириш даражаси паст бўлиб, бадал тўланмаганлиги учун мулкдорга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш имконияти мавжуд эмас.
Хусусан, Юнусобод туманида 2020 йилда мажбурий ундирувга қаратилган 72 млн сўмлик 10 та ижро ҳужжатидан фақат 1 391 сўм ундирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 январдаги 67-сонли қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан 2019 йил 1 майга қадар «Обод уй» электрон дастури билан кўп квартирали уйларни тўлиқ қамраб олиш белгиланган бўлишига қарамасдан, бугунги кунга қадар мавжуд 4 185 та ширкатдан 2 286 таси (55 фоизи) ҳамда 38 373 та кўп квартирали уйдан 35 270 таси (92 фоизи), 1 288 801 та хонадондан 760 342 таси (59 фоизи) дастурга киритилган холос, маълумотлар базаси тўлиқ шаклланмаган.
Бундан ташқари, кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатилишида қатор камчиликлар кузатилган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини, унга туташ ҳудудларни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш юзасидан 111 674 та ҳолатда камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан айбдорларга ва маҳаллий ҳокимлик органларига аксарият ҳолларда мажбурий кўрсатма юбориш билан чекланган.
Инспекция томонидан фақат лифт ускуналарига хизмат кўрсатиш ҳолати ўрганилган бўлиб (3 831 та камчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган), коммунал соҳадаги иссиқлик суви, ичимлик суви, электр энергия таъминоти, табиий газ ҳамда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш соҳасидаги ташкилотлар томонидан меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш борасидаги фаолияти тўлиқ назорат қилинмаган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг «Коммуналўқув» ўқув-методик маркази» ДУК ташкил этилган бўлиб, фаолият юритаётган 4 минг 185 та ширкатнинг фақат 60 нафар (1,5 фоизи) раҳбари ҳамда 290 та бошқарув компаниясининг фақат Тошкент шаҳридаги 20 нафар мутахассиси (7 фоизи) малакаси оширилган ва тегишли сертификат берилган.
Ваҳоланки, Қонунга мувофиқ бошқарув компаниялари штатида тегишли малака (аттестация) сертификатига эга бўлган камида икки нафар мутахассис бўлиши зарурлиги белгиланган.
Хусусан, Яккасарой туманида 77 нафар, Жиззах шаҳрида 35 нафар, Марғилон шаҳрида 14 нафар ширкат бошқаруви раиси малака сертификатига эга бўлмаган ҳолда фаолият юритган.
Шунингдек, Жиззах шаҳрида 38 та, Марғилон шаҳрида 28 та ширкатга аксариятини ўрта махсус маълумотли ёки умуман кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасига алоқаси бўлмаган фуқаролар раҳбарлик қилган.
Қонунда ширкат раислари мулкдорлар иштирокида ўтказиладиган йиғилиш қарори билан сайланиши белгиланган бўлса-да, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида 16 нафардан, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 38 нафар ширкат бошқаруви раислари маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг буйруқлари асосида тайинланган.
Ширкат фаолиятида коррупция ҳолатлари мавжуд бўлиб, биргина Юнусобод туманида 2018 — 2020 йилларда 10 та ширкат томонидан 733 млн сўм талон-торож қилинган.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Юнусобод туманидаги «Бахт қасри коммунал» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари ва бошқалар томонидан уй-жой мулкдорларидан бадал тўлови, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси таъминоти ҳамда автотураргоҳ учун ундирилган 288 млн 300 минг сўмни банк муассасасига топширмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан кўп квартирали уй-жойларнинг умумий мол-мулкини сақлаш, уни таъмирлаш, туташ ер участкасини ободонлаштириш ишларини ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолияти устидан назоратни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар етарли эмаслиги қайд этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
уч ой муддатда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижроси, соҳада мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ваколатларини қайта кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш ҳамда тузилмалар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
янги кўп квартирали уйларни ва замонавий даҳаларни барпо қилиш учун рухсат берилиши фақат уларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, шу жумладан, оқова сув тизими инфратузилмаси билан таъминлангани даражасини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш ҳамда бу борада фойдаланиш ҳажмининг ортишини доимий равишда назорат қилиш чораларини кўрсин.
3. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда:
бир ой муддатда кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш ҳолати, шу жумладан, бошқарув компанияларининг фаолиятини ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин;
икки ой муддатда вазирликнинг Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини қайта кўриб чиқиш, инспекция фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инспекцияни малакали кадрлар билан тўлдириш, тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ҳамда масофадан «online» режимда ҳудудий бўлинмаларнинг ишини назорат қилиш имконини берувчи дастурни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
бир ой муддатда вазирлик веб-сайтини тубдан такомиллаштириш ва ўзгартириш, интерактив хизматларни кўпайтирган ҳолда соҳага оид янгиликларни ҳамда кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг мулкдорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ ахборотларни веб-сайтга доимий равишда жойлаштирсин ва янгилаб борсин;
уч ой муддатда «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК ва унинг барча ҳудудий филиаллари фаолиятини талаб даражасида ташкил этилишини таъминласин;
кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш ва бошқарув компаниялари фаолияти самарадорлигини оширишда мавжуд қарздорликни камайтириш, ўз вақтида тўланмаган бадалларни мулкдорлардан мажбурий ундириш ҳаракатларини такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда таклифлар ишлаб чиқиб, 2022 йил 1 январга қадар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин;
уч ой муддатда «Коммуналўқув» ўқув-методик маркази» ДУК фаолиятини жадаллаштириш ҳамда барча ширкат раҳбарларини ва бошқарув компанияларининг масъул ходимларини кўп квартирали уйларни бошқаришнинг амалдаги қонунчилик талабларига асосан малакасини оширишни таъминласин;
уч ой муддатда ширкат ва бошқарув компанияларининг фаолиятини самарали ташкил этилишини масофадан туриб назорат қилиш имконини берувчи биллинг тизими — «Обод уй» электрон дастурини такомиллаштириш чораларини кўрсин.
Мазкур Қарорнинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида умумлаштирилган батафсил ахборотни 2022 йилнинг 1 февралига қадар Олий Мажлис Сенатига тақдим этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда кўп квартирали уй-жойларда истиқомат қилувчи, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган муҳтож оилаларга мажбурий бадални тўлаб бериш учун «Темир дафтар»га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини молиялаштириш манбалари, «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратиш бўйича тегишли меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан ҳамкорликда:
кўп квартирали уйларни (мулкчилик шаклидан қатъий назар) паспортлаштириш ва натижаси бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда уни мунтазам янгилаб бориш бўйича белгиланган ва амалда бажарилмасдан қолган вазифалар ижросини таъминласин;
мулкдорлар ёки бошқарувчиларга кўп квартирали уй-жойларга туташ ер участкалари чегаралари ва ўлчамларини белгилаш, шу жумладан, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун тўловларни бир йил давомида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратиш бўйича таклиф киритсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:
уч ой муддатда тижорат банклари билан биргаликда кўп квартирали уй-жойларни бошқариш усули ширкатлардан бошқарув компанияларига ўтган уй-жойлар учун жалб қилинган кредитларнинг муддатини, маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида узайтириш чораларини кўрсин;
кўп квартирали уй-жойларни бошқаришда самарасиз фаолият олиб бораётган ширкатларнинг моддий-техника базасининг ҳолати ва иқтисодий аҳволини таҳлил қилиб, уларни белгиланган тартибда тугатилишини таъминласин.
7. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини таҳлил қилсин ҳамда Қўмита мажлисида муҳокама қилсин.
8. Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан ҳамкорликда аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиб, кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш юзасидан билдириладиган эътирозларга тезкор муносабат билдирилишини йўлга қўйсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
кўп квартирали уй-жойдаги умумий мол-мулкнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатини тасдиқлаш;
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотларини ўз сессияларида муҳокама қилиш тавсия этилсин.
10. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
11. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 20 октябрь,
СҚ-408-IV-сон