Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида:
1. 2021 йил 11 мартда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда — Битим) тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Битимни амалга ошириш учун масъул ваколатли орган этиб белгилансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У. Умурзаков, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Ш. Кудратов ва инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Ш.А. Вафаев Ўзбекистон Республикаси томонидан Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармасининг кенгаши аъзолари ҳисобланади;
Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармасининг устав капиталида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати улушини шакллантириш, истисно тариқасида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига босқичма-босқич ажратиладиган Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз томонига Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-таомиллари Ўзбекистон Республикаси томонидан бажарилганлиги тўғрисида тегишли билдиришномани юборсин.
5. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқ жорий йилда Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармасига ўзбек томонидан ажратиладиган маблағ юзасидан Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан ўрнатилган тартибда назоратни таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 3 ноябрь,
ПҚ-5277-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.11.2021 й., 07/21/5277/1016-сон; 22.07.2023 й., 06/23/111/0509-сон)