Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ахборотини эшитиб, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига биноан муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга ўсиб, жорий нархларда 318 трлн 500 млрд сўмни ташкил этган. Хусусан, саноат 8,5 фоизга, хизматлар 8,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги 1,8 фоизга ўсган.
2021 йилнинг июнь ойидаги йиллик инфляция (сўнгги 4 йилдаги энг паст кўрсаткич)даражаси 10,9 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли реал умумий даромадлари ўсиш суръати эса 10,8 фоизни ташкил қилган.
Иқтисодий фаолликнинг ошиши натижасида 53 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Натижада 2021 йил 1 июль ҳолатига жами 450 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилган.
Ташқи савдо айланмаси 13,6 фоизга ўсиб, 18 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,3 фоизга ўсиб, 7,1 млрд АҚШ долларини, импорт ҳажмининг ўсиш тенденцияси сақланиб қолган ҳолда 10,9 млрд АҚШ долларини ташкил этган.
Давлат бюджети даромадлари 74 трлн 900 млрд сўм ва харажатлари 79 трлн 300 млрд сўмга тенг бўлиб, Давлат бюджети тақчиллиги 4 трлн 500 млрд сўм даражасига етган.
Давлат бюджети даромадлари белгиланган 69 трлн 400 млрд сўмлик прогнозга нисбатан 107,8 фоизга ёки 5 трлн 400 млрд сўмга ошириб бажарилган.
Белгиланган прогноз кўрсаткичлари барча ҳудудлар бўйича бажарилиб, Тошкент шаҳрида (860 млрд сўм), Қашқадарё (328 млрд сўм), Тошкент (184,3 млрд сўм), Бухоро (129,1 млрд сўм), Самарқанд (122,5 млрд сўм) вилоятларида ортиғи билан ижро этилган.
Ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 40 трлн 400 млрд сўм ёки умумий харажатларнинг 50,9 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.
Давлат бюджетидан иқтисодиётга харажатлар 7 трлн 800 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,2 фоизга камайган.
Марказлашган инвестицияларни молиялаштириш учун 11 трлн сўм миқдорида маблағлар йўналтирилган.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида Жамоат ишлари жамғармасидан 250,2 млрд сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган.
Маҳаллий бюджетларнинг даромадлари прогнозга нисбатан 118,9 фоизга бажарилган ёки 16 трлн 560 млрд сўмни, харажатлари режага нисбатан 97,3 фоизга ижро этилиб, 28 трлн 052 млрд сўмни ташкил этган.
Маҳаллий бюджетлар ижроси давомида жами 3 трлн 500 млрд сўмлик қўшимча манба шакллантирилиб, ҳудудлар ихтиёрида қолдирилган.
Давлат бюджети ижросини таъминлаш, бюджет маблағларидан мақсадли, самарали фойдаланишда камчиликлар ҳам мавжуд.
Хусусан, 2021 йил 1 июль ҳолатига бюджетга боқимонда қарздорлик йил бошига нисбатан 66,1 фоизга ошиб, 2 трлн 781 млрд сўмни ташкил этган. Энг юқори ўсиш Сирдарё (79 фоиз) ва Қашқадарё (60 фоиз) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (3 баробар) кузатилган.
Юридик шахсларнинг бюджет тўловлари бўйича ортиқча тўланган солиқ суммалари йил бошида барча ҳудудларда камайиши кузатилган бўлса-да, ҳамон юқорилигича қолиб, 136 млрд 500 млн сўмни ташкил этган.
Давлат бюджети харажатларига йўналтирилган маблағлардан айрим биринчи даражали бюджет тақсимловчилари томонидан 10 фоизидан ортиғи ўзлаштирилмаган.
Жумладан, бюджетдан ажратилган маблағларга нисбатан Маданият вазирлигида 59,0 млрд сўм (13,0 фоиз), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида 63,5 млрд сўм (11,0 фоиз) ва Сув хўжалиги вазирлигида 139,4 млрд сўм (11,0 фоиз) ўзлаштирилмасдан қолган.
2020-2021 йилларда даромади юқори бўлмаган фуқароларга уй-жой сотиб олишда 19 млрд 100 млн сўм субсидия маблағлари тўланмаган.
Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан ўтказилган 3 480 та назорат тадбирида 372 млрд 700 млн сўмлик ёки ўтган йилга нисбатан 4,5 баробардан кўп маблағлар ноқонуний ўзлаштирилганлиги аниқланган.
Хусусан, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бюджет интизомини бузиш ҳолатлари Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 8,5 мартага, Халқ таълими вазирлиги тизимида 3 мартага ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 2,9 мартага ошган.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тизимида 59 млрд 300 млн сўмлик, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида 24 млрд 100 млн сўмлик бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланишига йўл қўйилган.
Молиявий хато ва камчиликларнинг 55,0 млрд сўмдан ортиғини амалдаги давлат харидларига оид қонунчилик ҳужжатлари риоя қилмаслик ҳолатлари ташкил этган.
Маҳаллий бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 290,0 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Йирик миқдорда молиявий қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатларига Сирдарё (52,8 млрд сўм), Андижон (33,2 млрд сўм), Жиззах (28,3 млрд сўм), Тошкент (24,1 млрд сўм) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (29,1 млрд сўм) йўл қўйилган.
Маҳаллий бюджетларда шаклланган қўшимча манбалардан фойдаланишда ҳам жойларда кўплаб хато ва камчиликлар кузатилган.
Қашқадарё вилоятида маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари асосида қўшимча маблағлар ҳисобидан амалга оширилган харажатлар ўрганилганда Ғузор туманида 3 млрд 600 млн сўм, Қарши шаҳрида 3 млрд 500 млн сўм, Миришкор туманида 1 млрд 600 млн сўм, Касби туманида 830 млн 500 минг сўм, Чироқчи туманида 324 млн сўм маблағлар маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинмасдан сарфланган.
Бюджет кодексида тегишли бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилотларга қўшимча манбалар ҳисобидан маблағ ажратилмаслиги белгилаб қўйилганига қарамасдан, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан тегишли равишда республика бюджетидан маблағ олувчиларга Ғиждувон тумани ИИБ биносини таъмирлаш учун 400,0 млн сўм, Самарқанд вилояти солиқ бошқармасига автотранспорт воситасини харид қилиш учун 134 млн 700 минг сўм ажратилган.
Ҳужжатлар таҳлили ҳақиқатда шаклланадиган маблағларга нисбатан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштириладиган соҳалар доираси ва ҳажми (улуши) кенгайиб кетганлиги кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ахборотини эшитиб ва муҳокама қилиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик ижросида йўл қўйилган хато ва камчиликларни атрофлича кўриб чиқиб, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш чораларини кўрсин;
ажратилган бюджет маблағларини ўзлаштириш кўрсаткичлари паст бўлган биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиб, мазкур давлат бошқаруви органлари масъуллигидаги вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатсин;
бир ой муддатда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан соҳаларга ажратиладиган маблағлар улушларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг мутаносиблигини таъминлаш ва бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий мустақиллигини янада оширишга асосий эътибор қаратган ҳолда, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф ишлаб чиқсин;
ушбу Қарор ижроси юзасидан умумлаштирилган ахборотни 2021 йилнинг 1 декабрига қадар Олий Мажлис Сенатига тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда Давлат бюджетига даромадлар ўз вақтида ва тўлиқ тушишини таъминлаш, боқимонда қарздорлик ва ортиқча тўловларни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиб, доимий равишда ҳудудий молия ва солиқ идораларининг фаолияти натижаларини муҳокама қилсин;
солиқ қарзи ва ортиқча тўлов миқдорларини қисқартириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширсин;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурида кўзда тутилган лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин;
бир ой муддатда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари шаклланиши ва мақсадли сарфланиши бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги вазирликлари ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолияти самарадорлиги индикаторларининг ижроси юзасидан молиявий назорат ўрнатсин.
4. Маданият вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигининг бюджет маблағларини ўзлаштириш ва ривожлантириш дастурлари ижроси бўйича амалга ошираётган ишлари қониқарсиз эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги:
2021 йилнинг 1 ноябрига қадар Давлат бюджетига бўлган солиқ қарздорлиги ва ортиқча тўловларни камайтириш ҳамда бюджетга қўшимча ҳисобланган солиқларни ундириш даражасини ошириш бўйича амалдаги тартибни такомиллаштириш чораларини кўрсин;
солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, қўшимча даромад манбаларини ҳамда яширин иқтисодиёт тармоқларини аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллий бюджет ижроси таҳлили асосида қўшимча захираларни аниқлаш орқали бюджетга тушумларни кўпайтириш, бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгиласин;
маҳаллий бюджет маблағлари, шу жумладан, қўшимча манбалардан фойдаланишда молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан ўрнатилган тартибда таъсирчан чоралар кўрсин;
маҳаллий бюджетда шаклланган қўшимча манбалар маблағларидан фойдаланишда қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда маблағларнинг фақат (фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари асосида йўналтирилишини таъминласин;
туманлар ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосидаги тадбирларга ўз вақтида йўналтирилишини қатъий назоратга олсин;
қўшимча манбалар ҳисобидан харид қилинган товар ва хизматлар, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши ҳақидаги маълумотлар ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари расмий веб-сайтларида жойлаштирилишини таъминласин ва доимий назоратга олсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига:
ҳар чоракда маҳаллий бюджет ижроси бўйича маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориш, ҳисоботларни кўриб чиқишда зарур ҳолларда мутахассисларни жалб этиш;
маҳаллий ижро ҳокимияти мансабдор шахсларига бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан қатъий депутатлик назоратини олиб бориш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилиш;
жамоатчилик фикри асосида қўшимча манбалар ҳисобидан маблағларни йўналтириш масаласида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларини йўналтиришда қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда, аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев 2021 йилнинг 15 декабрига қадар Сенат Кенгашига ахборот киритсин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 29 сентябрь,
СҚ-388-IV-сон