Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири биринчи ўринбосари А. Кулдашевнинг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири биринчи ўринбосари А. Кулдашевнинг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимизда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги, сейсмик кузатувлар ҳамда сув объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича бир қатор ҳуқуқий, ташкилий, илмий-техник, иқтисодий ва ижтимоий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги ПФ-5706-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибидаги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг таркибий ва ҳудудий тузилмалари ҳамда Ёнғин хавфсизлиги институти Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (бундан буён матнда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги деб юритилади) таркибига ўтказилиб, вазирлик фаолияти янги ташкилий-штат тузилмаси асосида юритилиши йўлга қўйилди ҳамда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича уйғунлашган яхлит тизим яратилди.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими учун кадрлар тайёрлаш тартиби такомиллаштирилиб, собиқ Ёнғин хавфсизлиги институти, Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институти негизида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ташкил этилди.
Фавқулодда вазиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган омилларни ҳисобга олган ҳолда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилган.
Жумладан, Амударё ва Сирдарё дарёлари қуйиладиган сув ҳавзалари, тоғли ҳудудларда жойлашган кўллар ҳамда жами 73 та сув омбори ва сел-сув иншоотларининг ҳолати ўрганиб чиқилган.
Республика бўйича 32 та ер ости қудуқлари, 15 та магнитометрик ва 40 та сейсмик станциялар кузатув маълумотларининг натижалари таҳлил қилиниб, олинган маълумотлар Эксперт кенгашига тақдим этиб борилди. Шунингдек республикада содир бўлган 72 та кучли (сезиларли) зилзилалар мониторинги юритилди ва маълумотлар каталоги яратилди.
Республикада радиациявий, кимёвий ҳамда тиббий-биологик барқарорликни таъминлаш мақсадида Наманган вилоятидаги Чоркесар, Тошкент вилоятидаги Янгиобод ва Қизилтоғ ҳудудларида жойлашган собиқ уран конларининг атроф-муҳитга таъсири мониторинги ўтказилган, Андижон вилоятидаги «Завроқ», Наманган вилоятидаги «Боғи-баланд», Фарғона вилоятидаги «Акбаробод» заҳарли кимёвий моддалар кўмилган жойларнинг ва Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Яккатут» маргимуш чиқиндилари кўмилган жойнинг атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Ўта хавфли юқумли касалликлар, ис газидан ва овқатдан заҳарланишлар ҳамда зарарли чигирткаларнинг тарқалиши ва тегишлилиги номаълум бўлган радиация манбаларининг тарқалиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан жами 112 та махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилган.
Булардан ташқари, 2020 йилда рўй берган йирик табиий офатлар, техноген авариялар ва коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, 2020 йилда Бухоро вилоятида кучли шамол эсиши оқибатида юз берган табиий офат оқибатларини ва Сардоба сув омборида юзага келган техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилган.
Бироқ, соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор муаммоли масалалар ҳам мавжуд.
Хусусан, фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими таркибига кирувчи давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фавқулодда вазиятларга сабаб бўлувчи потенциал манбаларни барвақт аниқлаш, улар бўйича тизимли кузатув ҳамда назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаган.
Шунингдек фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда ёки содир бўлганда аҳолига белгиланган муддатларда тўлиқ хабар бериш ва маълумот етказишнинг автоматлаштирилган тизими ташкил этилмаган.
Республикамиздаги гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги ҳолатини ҳамда уларнинг ишончли ишлаши ёки хавф туғдириши мумкинлигини аниқлайдиган технологик асбоб-ускуналарнинг узлуксиз ва белгиланган меъёрда ишлашини йўлга қўйиш борасида ҳам қатор муаммолар мавжуд.
Бундан ташқари, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиясининг таркибига Давлат ёнғин назорати органлари киритилмаганлиги натижасида жисмоний ва юридик шахслар томонидан қурилаётган ҳамда фойдаланишга топширилаётган бинолар ва иншоотларда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ёнғин хавфсизлигини техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари тўлиқ бажарилмасдан қолмоқда.
Бинолар ва иншоотларни лойиҳалаш ҳамда барпо этишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя этилмаслиги, шунингдек шаҳарсозлик ҳужжатларини лойиҳаловчи ва экспертизадан ўтказувчи ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги бўйича мутахассисларнинг етишмаслиги каби ҳолатлар ёнғин хавфсизлигини таъминлашда жиддий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Ташкилотлар ва объектларда фуқаро муҳофазаси ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозимлари жорий этилмаган ёки ушбу вазифалар бошқа шахслар зиммасига юклатилмаган. Бу эса ўз навбатида мазкур ташкилотлар ва объектларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тадбирларининг қониқарсиз даражада ташкил этилишига сабаб бўлмоқда.
Объектлардан фойдаланиш даврида бинолардаги ёнғинга қарши ҳимоя тизимларига мунтазам равишда техник хизмат кўрсатилмаслиги ва биноларнинг ҳолатини назорат қилиб бориш алоҳида бошқарув ташкилотлари зиммасига юклатилмаганлиги сабабли объектлардаги ёнғинга қарши ҳимоя тизимларининг доимий созлигини таъминлаш чоралари кўрилмаяпти.
Қолаверса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув қисмларининг ёнғин-қутқарув техникаси ҳамда авария-қутқарув асбоб-анжомлари билан таъминланганлик даражаси ҳамон пастлигича қолмоқда.
Аҳолини фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлардан муҳофаза қилиш, уларнинг ис газидан заҳарланишининг олдини олиш, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берганда аҳолини тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда, хусусан маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари етарлича самара бермаяпти.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири биринчи ўринбосари А. Кулдашевнинг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига:
Ҳисоботда қайд этилган тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги қонунларини, шунингдек шаҳарсозлик соҳасидаги ёнғин хавфсизлиги талабларини ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек аҳолининг ис газидан заҳарланишининг олдини олиш бўйича тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини тизимли мониторинг қилиб бориш;
мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек гидротехника иншоотларида авариялар юз беришининг олдини олиш, уларнинг техник ҳолати ҳамда уларга табиий ва техноген омилларнинг таъсири устидан назоратни кучайтириш;
аҳолини фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлардан муҳофаза қилиш, уларни бундай вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш мақсадида корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда, шунингдек маҳаллаларда олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишларининг кўламини кенгайтириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда ёки содир бўлганда аҳолига хабар бериш ва маълумот етказишнинг автоматлаштирилган тизимини белгиланган муддатларда яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни якунига етказиш;
қурилиш ва шаҳарсозлик соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, шу жумладан қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш комиссияларининг таркибига Давлат ёнғин назорати органлари вакилларини киритиш масаласини ўрганиб чиқиш;
объектлардаги ёнғинга қарши ҳимоя тизимларининг созлигини таъминлаш, уларга мунтазам равишда техник хизмат кўрсатиш ва уларнинг ҳолатини доимий назорат қилиб бориш тизимини кучайтириш;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув қисмларининг ёнғин-қутқарув техникаси ҳамда авария-қутқарув асбоб-анжомлари билан таъминланганлик даражасини ошириш чораларини кўриш;
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими таркибидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлардаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича раҳбар ходимларнинг билим ҳамда кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирларнинг мунтазам равишда олиб борилишини назоратга олиш;
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолияти самарадорлигини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аҳолини ҳамда ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан жорий йилнинг 1 ноябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
6. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Кадиров зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 16 август,
1293-IV-сон