Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Г.В. ПЛЕХАНОВ НОМИДАГИ РОССИЯ ИҚТИСОДИЁТ АКАДЕМИЯСИНИНГ ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ФИЛИАЛИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида иқтидорли ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва улардан самарали фойдаланиш, таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузурида эксперимент тарзида ташкил этилган Академиянинг Ўқув-илмий марказига Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиали мақомини бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиалига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий касб таълими соҳасида таълим фаолиятини юритиш ҳуқуқи берилсин.
Олий таълим сифатига қўйиладиган умумий эътироф этилган халқаро талабларга, Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мақсад ва вазифаларига мувофиқ иқтисодиёт ва бизнесни бошқариш соҳасида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиалининг асосий вазифаси ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки:
Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиалида ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларига, улар асосида ишлаб чиқилган бакалавриат ва магистратура ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ўқишнинг кундузги шаклида тўлов-контракт асосида олиб борилади;
филиалнинг жорий фаолиятини маблағ билан таъминлаш, бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, моддий-техника ва ўқув-методик базани жиҳозлаш Россия иқтисодиёт академиясининг ўз маблағлари, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш, ҳомийлар ажратадиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
филиалга қабул Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари учун белгиланган тартибда ва муддатларда тест синовлари асосида амалга оширилади;
бакалаврлар тайёрлаш дастури бўйича ўқитиш учун филиалга ҳар йили қабул қилинувчилар 100 кишини, магистрлар тайёрлаш дастури бўйича эса — 50 кишини ташкил этади;
филиал битирувчилари Ўзбекистон Республикасида ва Россия иқтисодиёт академиясида белгиланган талабларга мувофиқ аттестациядан ўтказилади.
Белгилаб қўйилсинки, филиалнинг битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги диплом ҳисобланадиган Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясини тамомлаганлик ҳақидаги диплом берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат тест маркази ва Россия иқтисодиёт академияси билан биргаликда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхатини белгиласин, Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларини, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларини ҳисобга олган ҳолда ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Россия иқтисодиёт академияси:
илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва олий таълимнинг энг янги ютуқларини ўқув жараёнига доимий равишда жорий этиш;
бакалавриат ва магистратура дастурлари бўйича қобилиятли ва иқтидорли ёшларни ўқитиш учун мунтазам равишда грантлар ажратиш;
Академия маблағлари ҳисобига филиалнинг ва Ўзбекистоннинг бошқа иқтисодий олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари таркиби малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
филиалнинг кутубхона фондига замонавий ўқув ва ўқув-илмий, шунингдек илмий адабиётлар бериш мажбуриятини ўз зиммасига олганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассислар тайёрлаш сифатини назорат қилсин ва филиалнинг профессор-ўқитувчилари таркибини белгиланган тартибда аттестациядан ўтказсин.
7. Россия иқтисодиёт академияси филиалига Россиядан ва хориждан ўқитувчилик ва илмий иш учун таклиф этилган профессорлар ва ўқитувчиларнинг яшаши ва транспорт харажатлари учун Ўзбекистон фуқароларига белгиланган тарифлар бўйича миллий валютада ҳақ тўлашга рухсат берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиали қуйидаги манзилга жойлаштирилсин: Тошкент шаҳри, Ўзбекистон шоҳ кўчаси, 49, 7-корпус.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 5 сентябрь,
318-сон