Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНКЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ БЮРОСИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Молиявий секторни институционал ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан келишув бўйича 2004 йил 31 мартда тугалланганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Молия вазирлиги ҳузуридаги Банкларни хусусийлаштириш бюросини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Банкларни хусусийлаштириш бюросини тугатишга доир зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
2. Банклар акцияларининг давлатга тегишли пакетларини потенциал инвесторларга сотиш бўйича давлат тендер комиссияси тугатилсин, унинг функциялари Давлат мулкини сотишда тендер савдолари ўтказиш бўйича давлат комиссиясига юклансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 июлдаги 425-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.07.2020 й., 09/20/425/1034-сон)
3. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида Молиявий секторни институционал ривожлантириш лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси банкларини хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 19 февралдаги 82-сон қарори;
Вазирлар Маҳкамасининг «Банклар акцияларининг давлатга тегишли пакетларини потенциал инвесторларга сотиш бўйича давлат тендер комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2001 йил 3 майдаги 205-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 21 сентябрь,
433-сон
(Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати қарорлари тўплами, 2004 й., 9-сон, 93-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.07.2020 й., 09/20/425/1034-сон)