Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
«Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан баён этилган ғоялар ва ташаббусларни илгари суриш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида ўтказилган халқаро конференция мамлакатимизнинг Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан яхши қўшничилик, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, минтақанинг улкан тарихий-маданий ва ижтимоий-сиёсий салоҳиятини юзага чиқариш йўлидаги ташаббускорлигини ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги стратегик қарашларини ўзида ифода этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент конференциясидаги тарихий нутқида Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорлик асосида мустаҳкамлаш бўйича бир қатор аниқ ва конструктив таклифлар илгари сурилди.
Ўзбекистон раҳбарининг Тошкент конференциясида илгари сурган барча ташаббуслари минтақалараро бирдамликни, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳар икки минтақа давлатлари ҳаётида туб бурилиш ясаш, азалий қардош халқларни жипслаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз Президенти нутқида баён этилган ғоялар ва ташаббусларни илгари суришда парламент олдида турган вазифаларни аниқ белгилаб олиш, бу борада парламент дипломатияси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш талаб этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан билдирилган ғоялар ва ташаббусларни илгари суриш бўйича «Йўл харитаси» (бундан буён матнда — «Йўл харитаси» деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси «Йўл харитаси» юзасидан доимий мониторинг ўрнатиб, унинг ижроси тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин.
3. «Йўл харитаси»да назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 21 август,
1302-IV-сон