Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб юритилади) томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Қонун, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномалари ҳамда маърузаларида қайд этилган вазифалар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.
Қонунчилик фаолияти, парламент назоратини амалга ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, давра суҳбати ва халқаро конференциялар ташкил этиш йўналишларида жами 83 та масала кўриб чиқилган.
Қўмитага келиб тушган 23 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, қонунларнинг 22 тасини маъқуллаш ва 1 тасини рад этиш тўғрисидаги Қўмита хулосалари Сенат ялпи мажлисига киритилган.
Шунингдек, амалдаги 6 та қонуннинг ижро этилиши ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил этилиб, Вазирлар Маҳкамасига уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилган.
Вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг 4 марта ҳисоботлари, 24 марта ахборотлари эшитилган.
Қўмита таклифлари асосида аҳолини ичимлик суви, табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар ва мамлакатни 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий вазифалар бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳукуматга 5 та парламент сўрови юборилган.
Сенатга келиб тушган 4 700 га яқин мурожаатлар Қўмитада, 15 мингдан ортиқ мурожаатлар жойларда сенаторлар томонидан кўриб чиқилиб, уларнинг қарийб 12 мингтаси ижобий ҳал этилган.
Сенат томонидан маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, давлат дастурларининг бажарилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ижтимоий тармоқларда 2 144 та ахборот материали эълон қилинган, телевидение, газета ва радиода 1 963 та чиқиш амалга оширилган.
Бюджет ва молия муносабатлари йўналишида ҳисобот даврида 10 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, 12 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Давлат бюджетининг ижроси юзасидан молия вазирининг (4 марта), маҳаллий бюджетлар ижроси юзасидан тегишли вилоят ҳокимлиги раҳбарларининг (4 марта) ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт вазирларининг ахборотлари эшитилган.
Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда туман, шаҳарлар маҳаллий бюджетлари қўшимча маблағларининг сарфланиши ҳолати ўрганилиб, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.
Назорат-таҳлил фаолияти бўйича ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Бюджет кодексига, «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги Қонунга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда ўз ифодасини топган.
Шу билан бирга, бюджет ва молия муносабатлари йўналишида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур. Хусусан:
2022 йил Бюджетномасида барча вазирлик ва идоралар бюджетлари харажатларининг мақсадли индикаторларини белгилаган ҳолда оқилона режалаштириш тизимини жорий қилиш тартибининг акс эттирилиши;
халқаро бюджет ҳамжамиятининг «Бюджет очиқлиги индекси»да Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлаш чораларининг кўрилиши;
бюджет харажатлари самарадорлигини ошириш бўйича вазирлик ва идоралар мажбуриятларини кучайтириш, субсидиялар ажратиш механизмини такомиллаштириш лозим.
Пул-кредит сиёсати йўналишида 4 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилиб, 2 марта Марказий банк бошқаруви раисининг ҳисоботи эшитилган ҳамда 1 та қонуннинг ижроси бўйича мониторинг ўтказилган.
Қўмита таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги «2020 — 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги ПФ-5992-сонли Фармони ва Жаҳон банки билан ишлаб чиқилган 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси лойиҳасида ўз ифодасини топган.
Пул-кредит сиёсати масалаларида ҳозирда кўплаб фойдаланилмаётган имкониятлар мавжуд. Хусусан:
шаффоф танлов асосида банклардаги давлат улушини нуфузли хорижий инвесторларга сотиш орқали давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёнини давом эттириш;
банк тизимининг самарадорлигини ошириш орқали имтиёзли ва субсидиялашган кредитларни қисқартириш, кредитлашни пул-кредит сиёсати сигналлари асосида фақат бозор шартларида амалга оширишга эришиш;
халқаро стандартлар ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда банкларда «хатарга» асосланган назорат тизимини татбиқ этиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш.
Иқтисодиёт тармоқларида ислоҳотларни амалга ошириш йўналишида 13 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.
Шунингдек, амалдаги 3 та қонуннинг ижроси ҳолати юзасидан мониторинг ўтказилган ва иқтисодиёт тармоқлари, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан 7 маротаба давра суҳбати, семинар ва конференциялар ташкил этилган.
Иқтисодий тармоқларда ислоҳотларнинг бориши, хусусан, аҳолини ичимлик суви, табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар ва мамлакатни 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадларга эришиш масалаларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳукуматга 5 та парламент сўрови юборилган.
«Рақобат тўғрисида»ги Қонун ижросининг 8 та монопол ташкилотдаги ҳолати ўрганилиб, тегишли раҳбарларнинг ахборотлари эшитилган.
Ҳудудлардаги иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича 9 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Хусусан, Сенат Кенгаши мажлисида Андижон вилоятида инвестиция дастурлари ижросини таъминлаш, бюджетга қўшимча маблағлар жалб қилиш, Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш ҳамда Ер кодексига мувофиқ мазкур вилоятда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатлари таъминланиши ҳолатлари кўриб чиқилган.
Ер участкаларини ажратишнинг шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этишга доир Қўмита таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6243-сонли Фармонида ўз ифодасини топган.
Иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш борасидаги ишларда қуйидаги долзарб масалалар мавжуд:
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий ривожлантириш дастурининг ишлаб чиқилиши;
миллий иқтисодиёт таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтириш, молия ва капитал бозорида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммолар ечими бўйича қонунчиликнинг такомиллаштирилиши;
қўшни давлатлар билан кооперация алоқаларини кучайтириш орқали тадбиркорликни ривожлантириш;
Давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тадбиркорликни ривожлантириш имкониятларидан самарали фойдаланиш;
жойларда мавжуд ресурслар базасини ўрганиш орқали иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш занжирларини яратиш;
замонавий ахборот технологиялари ва идоралараро интеграциялашган маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда иқтисодиётни ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилган бизнес таҳлилларни тақдим этиш;
аҳолини, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ҳамда тадбиркорликни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорлик фаолияти самарадорлиги кўрсаткичлари таҳлили асосида аҳоли турмуш фаровонлиги рейтинг кўрсаткичлари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мунтазам равишда баҳолаш.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб ҳамда Қўмита раиси Э. Гадоевнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисида Қўмита раиси Э. Гадоевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ҳар йилги Мурожаатномаларида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида баён этилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилсин.
3. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси:
Тадбиркорлик кодексининг қабул қилинишида тегишли қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, жамоатчилик назорати механизмини кенгайтириш;
давлат корхоналарини трансформация қилишни жадаллаштириш ҳамда молия бозорида эркин рақобат муҳитини яратиш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни капитал бозорига кенг жалб қилиш борасидаги вазифалар ижросини таъминлаш устидан парламент назоратини кучайтириш;
давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга ошириладиган ишларнинг тизимли ва самарали ижро этилишини назоратга олиш;
иқтисодиёт таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтиришга доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш;
«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун ижроси таҳлили асосида тадбиркорлар фаолияти шаффофлиги ва рақобатбардошлигини оширишнинг электрон ахборот базасини такомиллаштириш чораларини кўриш масалаларига эътибор қаратсин.
Давлат бюджети ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини таҳлил қилиш бошқармаси билан биргаликда:
бир ой муддатда «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси учун ҳудудлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда жойлардан таклифлар олсин ва уларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокамасини ташкил этиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига киритсин;
маҳаллий бюджетларни шакллантириш, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари учун амалий семинарлар ўтказсин ва бюджет жараёни очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш борасидаги ишларни доимий назорат қилиб борсин.
Мазкур Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида умумлаштирилган маълумотни 2022 йил 1 январга қадар Сенат Кенгашига киритсин.
4. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда:
2022 йил Бюджетномасида вазирлик ва идоралар бюджетлари харажатларининг мақсадли индикаторларини белгилаган ҳолда режалаштириш тизимини жорий этиш;
халқаро бюджет ҳамжамиятининг «Бюджет очиқлиги индекси»да Ўзбекистон Республикасининг иштирокини таъминлаш чораларин кўриш;
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларда фуқароларнинг «очиқ бюджет» портали орқали келиб тушган фикр ва таклифлари ижроси таҳлилини йўлга қўйиш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бюджети жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бюджет очиқлиги бўйича ҳудудлар рейтингини юритиш;
молиявий ҳисоботлар ва бюджет таснифини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;
давлат молиявий назорати тизимини хорижий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш;
Давлат бюджети ижроси ҳисоботларига бюджетдан ташқари маблағлар ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг барча молиявий оқимларини киритиш;
бюджет ташкилотлари ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлар оқимини, жумладан, чет эл валютасидаги операцияларини ягона ғазначилик ҳисоб рақами билан тўлиқ қоплаш;
давлат қарзини самарали бошқариш, унинг статистикаси шаффофлигини ошириш, молиявий таҳлил тизими амалиётини жорий қилиш билан боғлиқ вазифалар ижросини таъминласин.
5. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банк билан биргаликда:
давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёнида шаффоф танлов асосида банклардаги давлат улушини нуфузли хорижий инвесторларга сотиш;
банк тизимининг самарадорлигини ошириш орқали имтиёзли ва субсидиялашган кредитларни қисқартириш, кредитлашни пул-кредит сиёсати сигналлари асосида фақат бозор шартларида амалга оширишга ўтишни таъминлаш;
халқаро стандартлар ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда банкларда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш;
банк хизматлари оммабоплигини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан етарли даражада хизмат кўрсатилмайдиган (паст даромадли жисмоний шахслар, қишлоқ аҳолиси, микрофирма ва кичик корхоналар) қатламнинг қуйи банк хизматларига бўлган талабини қондириш чораларини кўрсин.
6. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда:
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш;
ҳудудларнинг мавжуд иқтисодий, демографик имкониятлари, табиий хом ашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, инвестициявий салоҳиятини инобатга олган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолатини таҳлил қилиш ва истиқболга йўналтирилган мақсадли дастурларни амалга ошириш;
аҳолини, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ҳамда тадбиркорликни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш фаолияти самарадорлигини ошириш чораларини кўриш ва ушбу жараёнда очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш;
тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган қурилиш учун рухсат бериш, турли хил фаолиятлар учун лицензия олиш, бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик фаолияти учун ажратишга кўмаклашиш, коммуникация тизимларига уланиш каби муаммоларни ўрганиш натижалари асосида қонунчиликни такомиллаштириш вазифаларини амалга оширсин.
7. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоларига:
қонунчилик ҳужжатлари ижросининг таъминланиши, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ечими юзасидан парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиб, парламент эшитувлари, Қўмита ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари мажлисларида муаммолар ечими бўйича фаол иштирок этиш;
жойларда Сенат аъзолари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан тизимли ишларни йўлга қўйиш тавсия этилсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 27 август,
СҚ-381-IV-сон