Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида
Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, коронавирус пандемияси даврида фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг даромадларини изчил ошириб бориш мақсадида:
1. 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилсин.
2. 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 822 000 сўм;
базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 270 000 сўм;
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм;
ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм;
болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 622 000 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 440 000 сўм;
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 440 000 сўм;
белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори — ойига 623 000 сўм;
1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 2 750 000 сўм этиб белгилансин;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 440 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўлансин;
боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 440 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 165 000 сўмдан қўшилиши белгилансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақаларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплансин.
Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилсин.
4. Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2021 йил 1 сентябрдан иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
6. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Д.А. Кучкаров зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2021 йил 1 ноябрга қадар ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 17 август,
ПФ-6279-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 августдаги ПФ-6279-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган
ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6038-сон Фармонининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг моддий таъминотини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6224-сон Фармонининг 1-бандида:
а) «10 майдан» сўзлари «1 сентябрдан» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) «2,5 миллион» сўзлари «2,75 миллион» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 июндаги «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6241-сон Фармонининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлигининг энг кам пенсия ва нафақа миқдорларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларини инобатга олиб, 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб:
а) белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов (кейинги ўринларда — қўшимча тўлов) жорий этилсин;
б) боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилсин».
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4938-сон қарорининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. 2021 йил 1 февралдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари — 434 000 сўмдан 1 085 000 сўмгача этиб белгилансин».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.08.2021 й., 09/21/6279/0802-сон, 30.04.2022 й., 06/22/128/0369-сон, 21.05.2022 й., 06/22/138/0441-сон; 26.11.2025 й., 06/25/231/1091-сон)