Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида» ва «Таълим тўғрисида»ги қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида» 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус дастурлар бўйича вақти-вақти билан, ҳар уч йилда камида бир марта ўз малакасини ошириб, малака имтиҳони топшириши кераклиги белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ:
йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъул раҳбари, раҳбар ўринбосари, транспорт бўлими раҳбари ва (ёки) ҳаракат хавфсизлиги мутахассисларига (кейинги ўринларда — ходимлар) нисбатан лицензиялар олиш учун ҳужжатлар тақдим этиш ва автомобиль транспортида тегишли ташишларни амалга ошириш учун ҳар беш йилда аттестациядан ўтиш талаблари бекор қилинади;
йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар ходимларининг билими, малака даражаси ва касбий маҳорати малака талабларига мувофиқлиги Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус дастур бўйича ушбу ходимларнинг камида ҳар уч йилда бир марта ўз малакасини оширганлиги тўғрисида берилган малака сертификатига мувофиқ аниқланади;
йўловчи ва юкларни автомобиль транспортида ташиш ушбу соҳада камида уч йил иш стажига, автомобиль ёки техник йўналишда олий касбий маълумотга ва малака сертификатига эга ходими мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
автомобиль ёки техник йўналишда олий касбий маълумотга эга бўлиш шарти махсус ускуна билан жиҳозланган автотранспорт воситасида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни (ахлат) ташиш ва коммунал хизматлар кўрсатиш билан шуғулланадиган юридик шахсларнинг ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагилар:
Автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш курсларини тугатганлик ҳақидаги сертификат ҳамда Автомобилда халқаро ташувчининг касбий маҳорат сертификати намуналари ва тавсифлари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ;
Автомобиль транспорти соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом намунаси ва тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасининг автомобилда халқаро ташишларни тартибга солувчи халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа касбий маҳорат сертификатлари (гувоҳномалари)нинг берилиши ушбу шартномалар қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги уч ой муддатда:
автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда таълим олувчиларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш тартибини белгилаш;
автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ўқув курсларининг йўналишлари, мавзулари, давомийлиги, шунингдек курсларда ўқитиладиган кадрлар тоифалари рўйхатини лавозимлар, касблар ва мутахассисликлар кесимида шакллантириш;
автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув режаси ва дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
таълим муассасаларида малака ошириш курси битирувчиларига электрон сертификатлар бериш амалиётини жорий этиш мақсадида идентификация рақами ва QR-код ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи «Электрон сертификатлар репозиторийси» тизими ва дастурий таъминотини яратиш чораларини амалга оширсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
мазкур қарорнинг мазмуни ва моҳияти тўғрисида ташувчилар ўртасида мунтазам равишда тарғибот ишларини олиб борсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгандан кейин кучга киради.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 29 июнь,
399-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 399-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш курсларини тугатганлик ҳақидаги сертификат намунаси
Автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш курсларини тугатганлик ҳақидаги сертификат тавсифи
Автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш курсларини тугатганлик ҳақида сертификат — малака ошириш таълим дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахсларга берилади.
Автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш курсларини тугатганлик тўғрисидаги SERTIFIKAT А5 форматдаги оқ қоғозда, офсет усулида, беш хил рангдан: матн учун — қора ранг, расмлар тасвири учун — яшил, кўк ва қизил ранглардан, фон учун — оч пушти рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилади.
Варақнинг чап юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилида лотин ёзувида қуйидагилар жойлаштирилади:
20 — 35 мм диаметрда OʼZBEKISTON RESPUBLIKASI GERBI тасвири
OʼZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANPORT VAZIRLIGI.
Malaka oshirganlik haqida
SERTIFIKAT
MO № 000000
Qayd raqami: ____________
Berilgan joy: ____________
Berilgan sana: 20__ yil «___» _________
*Amal qilish muddati: 20__ yil «___» _________ gacha
QR-kod жойи
Сертификатнинг ўнг қисмида давлат тилида лотин ёзувида қуйидагилар жойлаштирилади:
таълим олувчининг фамилияси, исми, отасининг исми;
ўқиш даври;
малака ошириш курсининг номи ва умумий соати;
таълим муассасаси (ташкилот) раҳбарининг имзоси ва фамилияси, исми, отасининг;
муҳр ўрни.
Сертификат:
тартиб рақами иккита лотин ҳарфидан «MO» ва олти рақамли сондан иборат бўлиши;
барча матн ва тасвирлар нақшли растрдан иборат оч-пушти ранг фонда жойлаштирилиши;
такрорланмайдиган рақамлардан, олтита ҳимояга эга ва кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлиши;
юқори сифатли махсус ҳимояланган офсет қоғозда чоп этилиши;
ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг очиқ рангларидан иборат бўлиши;
турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растр тўрларидан фойдаланиш йўли билан ҳимояга эга махсус қоғоздан тайёрланиши лозим.
Сертификатнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, QR-коди ва тартиб рақамига эга бўлади.
QR-kod сертификат чап қисмниинг ўнг томонига жойлаштирилади.
Мазкур сертификат қоғоз ёки электрон шаклда берилиши мумкин.
* Ўқув курслари такрорланмас бўлган тақдирда, амал қилиш муддати « — » чизиқча белгиси билан амал қилиш муддатини қўймаслик тавсия этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 399-сон қарорига
1а-ИЛОВА
1а-ИЛОВА
Автомобилда халқаро ташувчининг касбий маҳорат сертификати намунаси
Автомобилда халқаро ташувчининг касбий маҳорат сертификати тавсифи
Автомобилда халқаро ташувчининг касбий маҳорат сертификати — автомобиль транспортида халқаро ташувларни ташкил этиш бўйича таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган (ўзлаштирган) мутахассислар, ҳайдовчи ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига берилади.
Сертификатнинг олд қисми чап томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва қуйидагилар жойлаштирилади:
ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Ўзбекистон Республикаси» сўзлари;
ўқув муассасасининг (ташкилот) номи;
ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Avtomobilda xalqaro tashuvchining kasbiy mahorat SERTIFIKATI (KMS)» сўзлари;
ўзбек, рус ва инглиз тилларида шаҳар номи.
Варақнинг орқа томони чап қисмида рус тилида қуйидагилар кўрсатилади:
Сертификат;
халқаро автомобилда ташувчининг касбий маҳорати ҳақида;
Берилди (Фамилияси, исми, отасининг исми)
туғилган санаси __________________________________________
касбий маҳорат учун малака имтиҳонини (йил:______, ой, кун:_____) топширди ва _______________________________________ сифатида касбий фаолият учун малакали деб топилди.
дастур номи;
берилган сана;
амал қилиш муддати;
Рақамлаш учун, сертификат иккита кирилл ҳарфларидан «МП» ва олтита сонли тартиб рақамлардан иборат бўлади;
Ўқув муассасаси (ташкилоти) раҳбарининг имзоси, фамилияси, исми, отасининг исми;
муҳр ўрни;
берилган жой.
QR-kod жойи
Варақнинг ички ўнг томонида чап томонида рус тилидаги матн инглиз тилида ҳамда варақнинг олди ўнг томонида ўзбек тилида тўлиқ жойлаштирилади.
Сертификат:
такрорланмайдиган рақамлардан, олти карралик ҳимояга эга ва кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлиши;
махсус ҳимояланган юқори сифатли офсет қоғозда чоп этилиши;
офсет усулида, матн учун — кўк ранг А5 форматдаги оқ қоғозда чоп этилиши;
ёруғлик ёрдамида нусха кўчиришни мураккаблаштириш учун бўёқнинг очиқ рангларидан иборат бўлиши;
нақшли растр;
турли рангларни яратиш учун ҳар хил рангли растр тўрларидан фойдаланиш йўли билан ҳимояга эга махсус қоғоздан тайёрланиши лозим.
Сертификатнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, QR-коди ва тартиб рақамига эга бўлади.
QR-kod сертификат чап қисмининг ўнг томонига жойлаштирилади.
Мазкур сертификат босма қоғоз ёки электрон шаклда берилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 399-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Автомобиль транспорти соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом намунаси
Автомобиль транспорти соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом тавсифи
Автомобиль транспорти соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ҳақидаги давлат намунасидаги диплом А5 форматдаги оқ қоғозда, офсет усулида, беш хил рангдан: матн учун — қора ранг, расмлар тасвири учун — яшил, кўк ва қизил ранглардан, фон учун — оч пушти рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилади.
Варақнинг чап юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилида лотин ёзуви билан қуйидагилар жойлаштирилади:
O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI GERBI
O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI
TRANSPORT VAZIRLIGI.
Qayta tayyorlash haqida
DIPLOM
QT № 000000
Qayd raqami: ____________
Berilgan joy: ____________
Berilgan sana: 20__ yil «___» _________
QR-kod жойи
Дипломнинг ўнг қисмида давлат тилида лотин ёзуви билан қуйидагилар кўрсатилади:
таълим олувчининг фамилияси, исми, отасининг исми;
ўқиш даври;
таълим муассасаси (ташкилот) номи;
қайта тайёрлаш курсининг номи ва умумий соати;
Давлат аттестация комиссияси қарорининг санаси ва рақами;
таълим муассасаси (ташкилот) раҳбари имзоси ва фамилияси, исми, отасининг исми;
муҳр ўрни.
Диплом:
тартиб рақами иккита лотин ҳарфидан «QТ» ва олти рақамли сондан иборат бўлиши;
барча матн ва тасвирлар нақшли растрдан иборат оч-пушти ранг фонда акс эттирилиши;
такрорланмайдиган рақамлардан, олтита ҳимояга эга ва кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлиши;
юқори сифатли махсус ҳимояланган офсет қоғозда чоп этилиши;
ёруғлик воситасида нақшли растр нусхаси кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқ очиқ ранглардан иборат бўлиши;
турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растр тўрларидан фойдаланиш йўли билан ҳимояга эга махсус қоғозлардан тайёрланиши лозим.
Дипломнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, QR-коди ва тартиб рақамига эга бўлади.
QR-kod дипломнинг чап қисми ўнг томонига жойлаштирилади.
Мазкур диплом босма қоғоз ёки электрон шаклда берилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 399-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 11-бандининг «б» кичик бандида «аттестациядан» сўзи «транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус дастурлар бўйича малакасини ошириб, малака имтиҳонидан» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 37-бандининг иккинчи хатбошисида «аттестациядан» сўзи «Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус дастур бўйича малака оширган ва малака имтиҳонидан» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 4-иловадаги «аттестациядан» сўзи «Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус дастур бўйича малака оширган ва малака имтиҳонидан» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.06.2021 й., 09/21/399/0614-сон; 30.09.2023 й., 09/23/504/0736-сон; 15.07.2024 й., 09/24/418/0508-сон)