Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ ИҚТИСОДИЙ НОЧОР КОРХОНАЛАР ИШЛАРИ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Корхоналарнинг банкротлиги тўғрисидаги қонунчиликни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 1996 йил 11 декабрдаги ПФ-1658-сон Фармонини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллaб-қувватлаш дaвлaт қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита деб аталади) тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қўмита бошқаруви ташкилий тузилмаси, марказий аппарати тузилмаси ва қўмитанинг ҳудудий бошқармалари намунавий тузилмаси 2 — 4-иловаларга мувофиқ;
Иқтисодий ночор корхоналарни санациялаш тўғрисидаги Низом 5-иловага мувофиқ.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қўмита ва унинг ҳудудий органлари ходимларининг чекланган сони 240 нафардан иборат этиб, шу жумладан марказий аппарат ходимлари сони — 40 нафардан иборат этиб белгилансин (бинони қўриқлаш ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари).
Белгилаб қўйилсинки, Қўмита раиси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ҳамда лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси котиби ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қўмитага раиснинг икки ўринбосарига эга бўлишга рухсат берилсин, улар лавозимга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Қўмита ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий-маиший ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш шартлари жорий этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Иқтисодий ночор корхоналар ишлари ҳудудий бошқармалари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг тегишли ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг тақдимномасига кўра Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Қўмита марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари жорий фаолиятини маблағ билан таъминлаш манбаи этиб республика бюджети маблағлари белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги республика бюджетини шакллантиришда Қўмита марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармаларига зарур маблағ ажратилишини назарда тутсин.
Қўмита маблағларини тўлдириш учун банкрот корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан кимошди савдоси орқали тушувчи маблағларнинг бир қисмини кредиторларнинг талаблари қондирилиши шарти билан мулкни сотиш ва баҳолаш қиймати ўртасидаги фарқ ҳисобидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Қўмита:
Қўмита ҳудудий бошқармаси тўғрисидаги намунавий Низомни;
қарздор корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш тартиби ҳақидаги Низомни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Меҳнат вазирлиги Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Қўмитaгa жорий фаолиятни амалга ошириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун тенг улушларда 20 млн. сўм миқдорида бир марталик текин ёрдам кўрсатсинлар.
7. Қўмита Тошкент шаҳар, Ўзбекистон шоҳ кўчасидаги 53-уйга жойлаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси юқорида кўрсатилган манзилдаги бино қурилиши тугаллангунга ва ишга туширилгунга қадар Қўмитaни вақтинча ўз биносида жойлаштирсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Қўмита ҳудудий бошқармалари ижро этувчи аппаратларини жойлаштириш масаласини ҳал этсинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги Қўмитани белгиланган тартибда телефон ва телекс алоқаси, шу жумладан Ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қўмитага иккита енгил автомобиль учун зарур лимит ажратсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш бош вазирнинг ўринбосарлари В.А. Чжен ва Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 28 декабрь,
465-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси тўғрисида
НИЗОМ
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат Қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари Қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита деб аталади) ўз функцияларини кредиторларнинг товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлаш бўйича талабларини қондиришга, шу жумладан бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловларни таъминлашга қодир бўлмаган, корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларни амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий, иқтисодий ва бошқа шароитларни ташкил этиш мақсадида амалга оширади.
3. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
4. Иқтисодий ночор корхоналар ишлари Қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки Қўмитасининг давлат бошқаруви органи ҳуқуқига эга бўлган мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради;
Банкротлик ва санация масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг (кейинги ўринларда — Комиссия деб аталади) ишчи органи бўлиб хизмат қилади;
мол-мулкида давлат мулки улуши бўлган иқтисодий ночор хўжалик юритувчи субъектлар тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш чоғида давлат манфаатларини ифодалайди;
мулкчиликнинг барча шаклларидаги иқтисодий ночор корхоналарни тугатиш ёки санациялаш жараёнида кредиторларнинг манфаатлари ва акционерлар (пайчилар)нинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.
5. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
6. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:
корхоналар ва ташкилотлар молия-хўжалик аҳволи мониторинги улар фаолиятининг молиявий натижаларини таҳлил қилиш ҳамда иқтисодий ночор хўжалик юритувчи субъектлар бўйича таклифлар тайёрлаш;
«Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўлланишдан келиб чиқадиган жараёнларни амалга ошириш мақсадида норматив ва услубий базани яратиш борасидаги ишларни ташкил этиш;
иқтисодий ночор хўжалик юритиш субъектини банкрот деб топиш ёки қарздор корхонани санациялаш тўғрисидаги илтимосномаларни банкротликнинг ташқи белгиларига эга бўлган корхоналарни қайта ташкил этиш ва тугатиш механизмига доир таклифларни Комиссияга киритиш;
хўжалик судининг қарорларига мувофиқ иқтисодий ночор корхоналарни санациялаш ёки тугатиш жараёнини ташкил этиш, кредиторларнинг банкрот корхонага нисбатан даъволари қондирилишига кўмаклашиш, тугатиш ҳамда санациялаш жараёнида акционерлар (пайчилар)нинг мулкий ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
иқтисодий ночор корхонани қайта ташкил этиш даврида Комиссиянинг қарорига биноан шу корхона мулкини бошқаришга вакил қилинган орган вазифаларини бажариш;
банкрот корхонанинг мол-мулкини кимошди савдолари орқали сотиш борасидаги ишларни ташкил этиш;
иқтисодий ночор корхоналар, уларнинг қарз миқдорлари ҳамда йиғилиб қолган қарзларнинг турлари бўйича маълумотлар базасини яратиш;
ночор қарздорнинг мулкини рўйхатга олиш ва қийматини баҳолаш ҳамда унинг кредиторлар олдидаги, бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлари бўйича мажбуриятларини рўйхатдан ўтказиб баҳолаш борасидаги ишларни ташкил қилиш;
банкротлик хавфини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектларга ёрдам кўрсатиш.
7. Қўмита ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:
ижроия ҳокимият республика ва маҳаллий органлари билан биргаликда корхоналарнинг банкротлигининг олдини олишга қаратилган давлат сиёсати ўтказилишини таъминлайди;
давлат корхонасининг ва қарздор корхонага нисбатан қўлланиладиган иш тартиблари билан қарздор корхонанинг эгаси қатнашиши назарда тутилган ҳолларда устав фондида давлат улуши бўлган корхона эгасининг ваколат берилган вакили сифатида иш кўради;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, тижорат банклари билан биргаликда банкротликнинг ташқи белгиларига эга бўлган корхоналарнинг иқтисодий ва молиявий аҳволини таҳлил қилади ҳамда иқтисодий ночор корхоналар бўйича тавсиялар тайёрлайди;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда санациялашни ўтказишни бошлаш тўғрисида ажрим чиқарилишида хўжалик судларига кўмаклашиш мақсадида санация қатнашчиларининг таклифлари самарадорлигини баҳолаш принциплари, мезонлари, шунингдек усулларини ишлаб чиқиш ишларини олиб боради;
иқтисодий ночор корхоналар масалалари бўйича норматив ҳужжатлар, ҳукумат қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда Комиссияга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;
давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган органларнинг ёки давлат корхоналари раҳбар органларининг таклифлари асосида қарздор корхона томонидан иқтисодий ночорлик тўғрисидаги ишлар бўйича иш қўзғатиш тўғрисида хўжалик судига ариза берилиши ҳақидаги таклифни Комиссияга киритади;
вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва муассасалар иштирокида тегишли дастурларни ишлаб чиқади ҳамда банкротлик ва корхоналар санацияси масалалари бўйича мутахассислар тайёрлаш тизимини ташкил этади;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда янги иш жойлари ташкил этиш, қарздор корхоналар тугатилиши натижасида бўшаб қолган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қайта тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
корхоналарнинг банкротлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилишига доир хорижий амалиётини ўрганади;
тўлов қобилиятини йўқотган қарздор хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобини юритади;
вазирликлар, идоралар ва ижроия ҳокимият маҳаллий органлари иштирокида корхоналар банкротлигининг олдини олишга қаратилган ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини ташкил этади;
хўжалик судлари томонидан банкрот деб топилган ва белгиланган тартибда тугатилиши керак бўлган иқтисодий ночор корхоналарнинг мол-мулкини баҳолашга доир тавсияларни тайёрлайди;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда корхоналарни санациялашни ўтказишга доир таклифларни ишлаб чиқади;
корхоналарни санациялаш жамғармаси шаклланишида ва Комиссиянинг қарорига кўра ушбу жамғарма маблағларидан тўлов қобилиятини йўқотган корхоналар санациясини ўтказиш ёки банкрот деб топилган корхоналарни тугатиш учун фойдаланишда белгиланган тартибда қатнашади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки Қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда тўлов қобилиятини йўқотган давлат корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда қатнашади;
мол-мулкида давлатга қарашли мулк улуши мавжуд бўлган иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан қайта ташкил этиш тартиблари қўлланилиши билан боғлиқ масалалар бўйича манфаатдор шахсларнинг мурожаатлари ва таклифларини кўриб чиқади.
8. Қўмита ўз фаолияти жараёнида қуйидагиларни амалга оширади:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этиладиган Қўмитанинг ҳудудий бошқармаларига раҳбарлик қилиш;
кредиторларнинг эътирозларини қондиришга кўмаклашиш ва хўжалик юритувчи субъектлар билан қарздор корхоналарнинг дебиторлик қарзларини тўлаш (ундириш) масалаларини ҳал этиш;
корхоналарнинг молиявий аҳволини кўриб чиқиш ҳамда Комиссияга иқтисодий ночор Давлат корхоналарини мажбурий хусусийлаштириш зарурлиги тўғрисидаги қарор қабул қилиниши тўғрисида таклиф киритиш;
Комиссиянинг иқтисодий ночор корхона томонидан иқтисодий ночорлик тўғрисида иш қўзғатиш тўғрисида хўжалик судига ариза киритиш ҳақидаги қарори қарздор корхона учун бажарилиши шартлиги устидан назорат қилиш;
тўлов қобилиятини йўқотган корхоналарни қайта ташкил этиш, санациялаш ва банкрот корхоналарни тугатиш учун, Комиссия қарорлари асосида, санациялаш жамғармаси маблағларини тасарруф этиш;
санациялашга ажратилган молиявий ресурслардан корхона томонидан фойдаланилиши устидан назорат қилиш;
хўжалик судининг корхонани банкрот деб топиш тўғрисидаги қарори бажарилишини ташкил этиш, тугатиш ва санациялаш жараёнларига раҳбарлик қилиш;
иқтисодий ночор хўжалик юритиш субъектларини тугатиш ёки санациялаш режасини тузиш, солиқ органлари ва кредиторларни уларнинг молиявий аҳволидан хабардор қилиш;
тугатиш давомида кредиторлар, акционерлар (пайчилар), бошқа манфаатдор томонларнинг, шу жумладан қарздор корхона меҳнат жамоаси аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш.
9. Қўмита қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
иқтисодий ночор корхоналарни қайта ташкил этиш дастурларини тузишда, хўжалик суди томонидан банкрот деб топилган ночор қарздор корхоналарни тугатишда иштирок этиш;
тугатиш жараёнида ишончли шахс сифатида қатнашиш, банкрот бўлган хўжалик юритувчи субъектни тугатиш бўйича тугатувчи комиссияларни ташкил этиш;
ўз ваколати доирасида ижро этиш учун мажбурий бўлган қарорлар ва норматив ҳужжатлар чиқариш;
белгиланган тартибда марказий иқтисодий органлардан, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларидан, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, тижорат банклари, корхоналар ва ташкилотлардан ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни олиш;
экспертизаларни ўтказиш, ночор қарздорларни тугатиш ёки корхоналарни санациялаш режаларини ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотларнинг, аудиторлик фирмаларининг мутахассисларини жалб этиш;
корхоналар томонидан санациялаш чора-тадбирлари амалга оширилишининг боришини ва ушбу мақсадлар учун йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш;
корхоналарнинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва қўлланилиши билан боғлиқ бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга оширувчи хорижий мамлакатлар органлари билан битимлар тузилишида қатнашиш;
корхоналарни санациялаш ва уларнинг мол-мулкини сотиш чоғида инвесторларни, шу жумладан хорижий инвесторларни жалб этиш;
санацияланиши керак бўлган корхонани траст бошқариш ҳақида битим тузиш.
10. Қўмита ўзига юкланган функцияларни ва берилган ваколатларни бевосита ўз ҳудудий бошқармалари орқали амалга оширади.
11. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки Қўмитасининг раиси тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси тайинлайдиган раис бошчилик қилади.
Қўмита раиси лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки Қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва Банкротлик ва санация масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг котиби ҳисобланади.
12. Қўмитa раиси:
Қўмита ишига раҳбарликни амалга оширади;
Қўмитага юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Қўмита ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, Қўмита раиси ўринбосарлари этиб тайинлашга номзодлар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун киритади. Қўмита раиси ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ва Қўмита таркибий бўлинмалари раҳбарларининг жавобгарлиги даражасини белгилайди;
ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Қўмитанинг тузилмаси ва штат жадвалини, унинг бўлинмалари тўғрисидаги Низомни, шунингдек тегишли даврга ажратилган маблағлар доирасида бошқарув аппаратига сарфланадиган харажатлар сметасини тасдиқлайди;
Қўмита ҳудудий органлари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;
ўз ваколати доирасида буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.
13. Қўмита раиси Қўмита номидан ишончномасиз иш кўради, унинг манфаатларини ифодалайди, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг мол-мулки ва маблағларини бошқаради, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради.
14. Қўмитанинг марказий аппаратига, унинг ҳудудий органлари аппаратига сарфланадиган харажатларни маблағ билан таъминлаш республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
Қўмитага Қўмитанинг маблағларини тўлдириш учун банкрот корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан кимошди савдоси орқали тушувчи маблағларнинг бир қисмини кредиторларнинг талаблари қондирилиши шарти билан мулкнинг сотиш ва баҳолаш қиймати ўртасидаги фарқ ҳисобидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган.
15. Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа счётларга, шу жумладан валюта счётларига эга бўладилар.
16. Қўмита Тошкент шаҳар, Ўзбекистон шоҳ кўчасидаги 53-уйга жойлашган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасининг
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси марказий аппарати
Кейинги таҳрирга қаранг.
ТУЗИЛМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Иқтисодий ночор корхоналар ишлари ҳудудий бошқармалари
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Иқтисодий ночор корхоналарни санациялаш тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Корхоналарнинг банкротлиги тўғрисидаги қонунчиликни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 1996 йил 11 декабрдаги ПФ-1658-coн Фармонига асосан ишлаб чиқилган ва хўжалик юритувчи субъектлар — қарздорларнинг тўлов қобилиятини coғломлаштириш ҳамда тиклаш мақсадида ўтказиладиган ночор корхоналарни санациялаш масалаларини тартибга солади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Низомнинг амал қилиши «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарини суддан олдин санация қилишга татбиқ қилинмайди.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 7 февралдаги 61-сонли қарорига мувофиқ киритилган)
2. Зарар кўриб ишлайдиган, тўлов қобилияти бўлмаган ва иқтисодий ночор корхонани санациялаш дейилганда мулкдор, кредитор (кредиторлар) ёки бошқа шахслар, шу жумладан давлат томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш йўли билан хўжалик субъекти фаолиятини молиявий соғломлаштириш тушунилади.
Хўжалик субъектининг тўлов қобилиятини товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳақ тўлаш бўйича кредиторлар талаблари, шу жумладан бюджет ва бюджетдан ташқари тўловларни таъминлаш қобилиятини қондириш, шунингдек корхоналарнинг самарали фаолиятини давом эттириши учун молиявий шароитлар яратиш санациялашнинг мақсади ҳисобланади.
3. Зарар кўриб ишлайдиган, тўлов қобилияти бўлмаган ёки иқтисодий ночор корхонани санациялашнинг вазифаси унинг барқарор молиявий таъминланиши, маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш, сотишни бошқариш, ташкил этиш, унинг техника ва технологиясида зарур қайта ўзгаришларни оқилона ва самарали амалга оширишни таъминлашдир.
4. Зарар кўриб ишлайдиган, тўлов қобилияти бўлмаган ёки ночор корхонани давлат томонидан санациялаш корхона — қарздорга хўжалик судида унинг иқтисодий ночорлиги тўғрисида иш қўзғатилгунга қадар, шунингдек банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш чоғидаги дастлабки тадбирлар жараёнида молиявий ёрдам кўрсатиш йўли билан амалга оширилади.
5. Корхонани санациялашнинг давомийлиги 18 ойдан ошмаслиги лозим.
Хўжалик судининг қарорига мувофиқ нодавлат корхоналари учун санациялаш даври 6 ойгача узайтирилиши мумкин.
Санациялаш бошланишидан 12 ой ўтгач кредиторларнинг талаблари умумий суммасидан камида 40 (қирқ) физи қондирилиши лозим.
II. САНАЦИЯЛАШ СУБЪЕКТЛАРИ ВА ОБЪЕКТЛАРИ
6. Зарар кўриб ишлайдиган, тўлов қобилияти бўлмаган ёки иқтисодий ночор корхоналарнинг мулкдорлари, кредиторлар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар санациялаш субъектлари ҳисобланадилар. Давлат Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги тўғрисидаги ишлар Қўмитаси шахсида санациялаш субъекти сифатида қатнашади.
7. Мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар Давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш асосида амалга ошириладиган санациялаш объектлари ҳисобланиши мумкин.
8. Санациялашда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давлат томонидан ўтказилаётган иқтисодий ва ижтимоий сиёсат устуворликларидан келиб чиққан ҳолда, Банкротлик ва корхоналарни санациялаш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарорига мувофиқ зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилияти бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарга кўрсатилади. Бунда меҳнат бозорини шакллантириш, ва айниқса иш танқис бўлган туманларда, иш билан таъминлаш жараёнларини тартибга солиш нуқтаи назаридан корхоналар ва ишлаб чиқариш алоҳида ҳисобга олинади.
9. Қуйидагилар давлат иштирокида биринчи навбатда санацияланади:
озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат халқ истеъмол товарлари ва дори-дармонлар ишлаб чиқарувчи корхоналар;
давлат мудофаа қудратини ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлашни таъминловчи корхоналар;
тоғ-кон қазиш, энергетика, металлургия, кимё, машинасозлик саноати ва деҳқончилик саноати мажмуи корхоналари;
фаолияти давлат томонидан бошқариладиган корхоналар.
10. Бундан ташқари хўжалик юритувчи субъектларнинг қуйидаги гуруҳларига ҳам давлат ёрдами кўрсатилиши мумкин:
иқтисодиётнинг турли тармоқларида, биринчи навбатда ишлаб чиқариш инфратузилмасининг ишлаб чиқаришни технологик қайта қуришни жадаллаштириш учун зарур бўлган қисмида хўжалик фаолиятини фаоллаштириш ҳолатида бўлган истиқболли корхоналарга;
рақобатга бардошли, экспортга йўналтирилган ҳамда, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга;
энергия тежаш техникасини ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат маҳсулдорлигини оширувчи, меҳнатнинг ижтимоий шароитларини яхшиловчи, янги материалларни қўллаш, ишлаб чиқаришни ишлаб чиқаришнинг экологик хавфсизлигини таъминловчи ишлаб чиқаришни автоматлаштирилишига мўлжалланган янги илғор технологияларни ўзлаштиришни таъминловчи корхоналарга;
тармоқлараро ва минтақалараро кенг кооперация алоқалари бўлган корхоналарга.
11. Зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилияти бўлмаган ва иқтисодий ночор бўлган корхоналарни санациялашни ўтказиш ва уларни санацияланадиган объектлар рўйхатига киритиш учун хўжалик субъекти—қарздорнинг фаолиятни давом эттириш учун тўлов қобилиятини тиклашнинг реал имконияти мавжудлиги тўғрисида далолат берувчи молия ва хўжалик фаолияти таҳлили натижалари асос ҳисобланади.
III. ИҚТИСОДИЙ НОЧОР КОРХОНАЛАР МОНИТОРИНГИ ВА УЛАРНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ НАТИЖАЛАРИ ТАҲЛИЛИ
12. Зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилияти бўлмаган (қарзларнинг тўлов муддати 2 ойдан ортиқ ўтказиб юборилган) ва иқтисодий ночор (қарзларнинг тўлов муддати 3 ойдан ортиқ ўтказиб юборилган) корхоналар мониторинги «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, тижорат банклари, солиқ органлари ва бюджетдан ташқари фондлар томонидан ҳар ойда бериладиган муддати ўтказиб юборилган кредиторлик қарзлари тўғрисидаги ахборотга асосан Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилияти бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни ҳисобга олиш шакллари «Ўзистиқболстат» давлат Қўмитаси томонидан тасдиқланади, уларни аниқлаш тартиби ва услуби Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва маъқулланади.
13. Корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги тўғрисидаги ишлар бўйича Қўмита зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилияти бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналар тўғрисидаги, шунингдек, белгиланган тартибда Банкрот деб эътироф этилган корхоналар тўғрисидаги маълумотлар банкини шакллантиради.
14. Зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилияти бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарнинг молиявий ва хўжалик фаолиятини баҳолаш Банкротлик ва корхоналарни санациялаш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси маъқуллаган корхоналар молиявий фаолиятини таҳлил этиш услуби асосида Иқтисодий ночор корхоналар ишлари Қўмитаси томонидан амалга оширилади. Баҳолаш натижалари бўйича хўжалик юритувчи субъектнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг реал имконияти мавжудлиги ва санациялашнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилади.
15. Зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилияти бўлмаган ёки иқтисодий ночор қарздорларга нисбатан давлат иштирокида санациялашни ўтказиш тўғрисидаги хулоса кейинчалик хўжалик судига қарор қабул қилиш учун киритилган ҳолда Банкротлик ва корхоналарни санациялаш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан қабул қилинади.
IV. САНАЦИЯЛАШНИНГ ШАКЛ ВА УСУЛЛАРИ
16. Зарар кўриб ишловчи, тўлов қобилиятига эга бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни санациялаш давлат маблағлари иштирокисиз ва иштироки билан ҳам пулга, ҳам пулсиз асосда, шу жумладан, танлов асосида амалга оширилади.
17. Давлат маблағларисиз санациялаш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
зарар кўриб ишловчи, тўлов қобилиятига эга бўлмаган қарздор корхоналарга хўжалик юритувчи субъектнинг тўлов қобилиятини тиклаш ва унинг фаолиятининг давом этиши учун манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш;
қарздор билан кредиторлар ўртасида кредиторларга ҳисобланадиган тўловлар муддатини узайтириш ва уларни бўлиб-бўлиб бериш тўғрисидаги шартлашувга эришиш ёки хўжалик юритувчи қарздор субъектнинг фаолият кўрсатиши учун қарзларидан чегирма олишга қаратилган қарздор бўлган кредиторлар ўртасида битимлар тузиш;
иқтисодий ночор корхона—дебиторни ихтиёрий равишда тугатиш ёки уни ўз кредиторларининг тўлов қобилиятларини тиклаш мақсадида қонунчилик билан белгиланган тартибда банкрот деб эътироф этиш;
иқтисодий ночор қарздорни кимошди савдоси ёки танлов асосида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш.
18. Зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилиятига эга бўлмаган ва иқтисодий ночор, давлат маблағлари иштирокидаги корхоналарни санациялаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
қарзлардан ўзаро воз кечишни ташкил этиш;
факторинг шаклида;
муддати узайтирилган қарзларни тўлиқ ёки қисман тўлаш;
солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлашдаги муддатни санациялаш муддатига узайтириш, бироқ унинг муддати 18 ойдан ошиб кетмаслиги керак;
корхонани санациялашга оид дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун корхонани санациялаш фондидан маблағларни мақсадли ажратиш;
ишлаб чиқаришни рақобатбардош маҳсулот (ишлар, хизмат)лар ишлаб чиқариш учун қайта ихтисослаштириш;
корхонага ўз маҳсулотларини шартнома асосида давлат эҳтиёжлари учун етказиб беришни амалга ошириш имкониятларини бериш;
ташкилий-ишлаб чиқариш менежментини, шу жумладан, бунинг учун четдан жалб этиладиган юқори малакали мутахассисларни менежмент, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва маркетинг бўйича ҳақ тўлаш йўли билан ўзгартириш;
ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.
V. КОРХОНАЛАРНИ САНАЦИЯЛАШ УЧУН МАБЛАҒЛАР МАНБАЛАРИ
19. Қуйидагилар корхоналарни санациялашнинг маблағлари манбалари ҳисобланади:
корхоналар мулк эгаларининг, кредиторлар, бирлашмалар (хўжалик уюшмалари), бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий ёрдами;
иқтисодий ночор корхоналар тўғрисида ишлар Қўмитаси ҳузуридаги Корхоналарни санациялаш фонди маблағлари.
20. Иқтисодий ночор корхоналар тўғрисида ишлар Қўмитаси ҳузуридаги Корхоналарни санациялаш фонди маблағлари қуйидаги манбалардан шаклланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат Қўмитаси ва Меҳнат вазирлигининг Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи фонднинг тенг улушларда бўлган 100 млн. сўм миқдоридаги маблағлари ҳисобига беғараз молиявий ёрдамлари;
давлат мулки объектларини хусусийлаштиришдан тушадиган Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат Қўмитаси тасарруфида қоладиган улуш ҳисобидаги 5 фоиз миқдоридаги маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг, халқаро иқтисодий ва молиявий ташкилотларнинг шартнома асосида ихтиёрий тақдим этиладиган маблағлари;
давлатга тегишли корхоналарнинг мулкидаги улуш бўйича ҳисобланган ва белгиланган мақсад учун фойдаланилмаган дивидендлар.
VI. САНАЦИЯЛАШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАЁТГАНЛИГИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ
21. Зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилиятига эга бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш, санацияланганлиги тўғрисида хулосалар чиқариш, уларнинг шакллари ва усуллари тартибини Банкротлик ва корхоналарни санациялаш қилиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси, Иқтисодий ночор корхоналар ишлари Қўмитаси тақдимномасига кўра, кейинчалик қарорлар қабул қилиш учун ишларни хўжалик судига киритиш билан амалга оширади.
22. Зарар кўриб ишлаётган, тўлов қобилиятига эга бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни санациялашни ташкил этишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган амалдаги Низомга мувофиқ Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси амалга оширади.
23. Хўжалик юритувчи қарздор субъектларни санациялашнинг қандай бораётганлигини назорат қилишни Иқтисодий ночор корхоналар ишлари Қўмитаси амалга оширади. Санациялаш учун маблағлардан қандай фойдаланилаётганлигини назорат қилиш Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан амалга оширилади.
VII. САНАЦИЯЛАШНИ ТЎХТАТИШ
24. Санациялаш уни ўтказишнинг белгиланган муддати тугаши, мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари бажарилмаганлиги сабабли санациялаш носамарали белгиланиши сабабли ва амалдаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа сабаблар билан тўхтатилиши мумкин.
Санациялашни тўхтатиш ҳақидаги қарорни Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасининг тақдимномасига кўра чиқаради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1996 й., 12-сон, 38-модда.,Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 4-сон, 42-модда., 2004 й., 7-сон, 82-модда)