07.06.2021 йилдаги 1008-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарори, 07.06.2021 йилдаги 1008-IV-сон
Кучга кириш санаси
07.06.2021
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ КЕНГАШИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ КЕНГАШИНИНГ
ҚЎШМА ҚАРОРИ
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури тўғрисида
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, бу борадаги асосий йўналишлар ва амалий вазифаларни белгилаш, «Бир сайловчи — бир овоз» тамойили асосида фуқароларнинг сайлов жараёнларидаги фаоллигини ошириш, сайловлар ва референдумларнинг аҳамиятига доир тушунтириш ишларини замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш, сайловларни ва референдумларни ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини ошириш, уларга услубий, ташкилий ва техник ёрдам кўрсатиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Қуйидагилар:
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури 1-иловага мувофиқ;
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан «Йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ;
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан «Йўл харитаси» бажарилишини мониторинг қилувчи ишчи гуруҳ таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан «Йўл харитаси» бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
3. Мазкур Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 7 июнь,
1008-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 7 июнь,
КҚ-233-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 7 июндаги 1008-IV/КҚ-233-IV-сонли Қўшма қарорига
1-ИЛОВА
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича миллий ҳаракатлар дастури (бундан буён матнда Миллий ҳаракатлар дастури деб юритилади) аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш борасидаги асосий мақсад ва вазифалар, йўналишлар, фуқароларнинг сайлов жараёнларидаги фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олади.
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилган ишларнинг жорий ҳолати
Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва электорал маданиятини ошириш, сайловларга оид халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда уларни ташкил этиш ва ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ҳамда бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида сиёсий ҳуқуқлар, хусусан, фуқароларнинг конституциявий сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш соҳасида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда сайлов ҳуқуқини таъминлаш масаласи фуқароларимиз учун жамият ва давлат ишларини бошқаришда фаол иштирок этишнинг бош мезонига айланиб бормоқда.
Сайлов бўйича халқаро стандартлар ва тавсиялар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг барча қатламларига сайловга оид ахборотни тезкор ва аниқ йўналтирилган ҳолда етказмасдан, бу борада уларнинг хабардорлиги ва электорал маданиятини юксалтирмасдан туриб, демократик ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиб бўлмайди.
Бундан ташқари, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштирок этишга бўлган интилишлари ортиб бораётганлиги ўз навбатида сайлов қонунчилигидан хабардорлик даражасини оширишни, сайлов ҳуқуқини тўлақонли амалга ошириш борасидаги кўникмаларини мустаҳкамлашни, сайлов жараёнининг барча иштирокчиларида сайлов ҳуқуқини ҳурмат қилиш, сайлов қонунчилигига қатъий риоя этиш кўникмасини шакллантиришни, сайлов билан боғлиқ ахборотни тезкор етказишни тақозо этмоқда.
Фуқароларнинг сайлов жараёнларидаги фаоллигини ошириш масалалари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов жараёнлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш, сайловлар бўйича халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик нормаларига доир ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, сайловларни ва референдумларни ўтказувчи комиссияларни (бундан буён матнда сайлов комиссиялари деб юритилади) шакллантириш, сайлов комиссиялари аъзоларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича тажриба тўпланди.
Фуқароларнинг сайлов жараёнларида фаол иштирок этишини, ёшларнинг ўзлари учун муносиб бўлган танловни амалга оширишда сайловлар ва референдумларда иштирок этишга бўлган интилишини янада кучайтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш борасида қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун фуқароларнинг, шу жумладан ёшлар, хотин-қизлар ва жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларидан хабардорлик даражасини ошириш ишларини инновацион ёндашувлар асосида йўлга қўйиш зарурдир.
Сайлов жараёни барча иштирокчиларининг сайловлар борасидаги билим ва кўникмаларини оширишда аниқ йўналтирилган ёндашувдан фойдаланишга ҳамда ушбу жараённи замонавий илмий-услубий воситалар билан таъминлашга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Электорал маданиятни юксалтириш ушбу йўналишда шаклланган амалдаги тажрибани тизимлаштиришни, шунингдек сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган фаолиятга янги услубларни жорий этишни, ёшларнинг сайлов жараёнларига фуқаровий дахлдорлигини кучайтиришни талаб этмоқда.
Миллий ҳаракатлар дастурининг мақсад ва вазифалари
Миллий ҳаракатлар дастурининг мақсади аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, давлат ва жамият бошқарувида ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда ҳар бир сайловчининг шахсан иштироки муҳимлигини тушунтириш, «Бир сайловчи — бир овоз» тамойилини рўёбга чиқариш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини намоён этган ҳолда сайлов ҳуқуқларидан фойдаланишини таъминлаш чораларини кўришдан иборатдир.
Миллий ҳаракатлар дастурининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
сайловчиларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг билим ва кўникмаларини ошириш тизимини яратиш ҳамда такомиллаштириб бориш;
фуқароларнинг, шу жумладан ёшларнинг, хотин-қизларнинг, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг электорал маданиятини юксалтириш;
фуқароларнинг сайлов тўғрисидаги ҳуқуқий билимларини, ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш;
сайловчиларнинг, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлов жараёнларида ҳамда овоз беришда бевосита иштирок этишининг аҳамиятини тушунтириш;
сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари холисона ёритилишини таъминлаш;
замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида электрон ахборот-ҳуқуқий таълим ресурсларини шакллантириш ва ривожлантириш;
сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун сайлов ҳуқуқи кафолатларини тўлиқ таъминлаш.
Аҳолининг электорал маданиятини ҳамда сайлов жараёни иштирокчиларининг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ишлар қуйидагилар асосида таъминланади:
аҳолининг электорал маданиятини юксалтиришни илмий-услубий ва институционал жиҳатдан таъминлашнинг замонавий услубларини ишлаб чиқиш;
сайлов билан боғлиқ ахборотни оммавий ахборот воситаларида ёритишда замонавий ёндашув ва воситалардан фойдаланиш;
сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш бўйича замонавий услублар ва воситаларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётда фаол қўллаш;
сайлов комиссиялари аъзоларига услубий, ташкилий ва техник ёрдам кўрсатиш;
ижтимоий шериклик асосида сайлов жараёни барча иштирокчиларининг электорал маданияти ҳамда сайловда иштирок этиш кўникмаларини ошириш;
барча вазифаларни амалга оширишда санитария-эпидемиологик хавфсизликни ва осойишталикни таъминлашга доир талабларга қатъий риоя этиш.
Миллий ҳаракатлар дастурининг асосий йўналишлари
Миллий ҳаракатлар дастурининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
сайловлар билан боғлиқ ҳуқуқий ва бошқа турдаги ахборотни фуқароларга тезкор ва қулай тарзда етказишнинг ҳамда сайлов жараёни иштирокчиларининг билим ва кўникмаларини оширишнинг ягона тизимини яратиш;
фуқароларнинг, шу жумладан ёшлар, хотин-қизлар ва жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларидан хабардорлигини, электорал маданиятини ошириш;
сайлов жараёнида ахборот-тушунтириш фаолиятини янада фаоллаштириш;
сайлов жараёнининг қонунчилик талаблари асосида ҳамда холис ёритилишини таъминлаш;
барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар захирасини шакллантириш;
аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича ижтимоий шерикликни ривожлантириш.
Миллий ҳаракатлар дастурини амалга оширишда ижтимоий шериклик
Миллий ҳаракатлар дастурини амалга оширишда қуйидаги тадбирлар ижтимоий шериклик асосида амалга оширилади:
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сиёсий партиялар кузатувчиларининг сайлов қонунчилиги бўйича ўқувини ташкил этиш;
сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини ёритиш, сайлов ташвиқотида оммавий ахборот воситаларининг иштироки масалалари бўйича ўқув-семинарлар ўтказиш;
сайлов тартиб-таомилларининг қонунийлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш;
аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича давлат ижтимоий буюртмасини бериш;
фуқароларнинг сайлов маданиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳалар бўйича давлат гранти танловини ўтказиш.
Миллий ҳаракатлар дастурини амалга оширишдан кутилаётган натижалар
Миллий ҳаракатлар дастурини амалга оширишдан кутилаётган натижалар қуйидагилардан иборат:
аҳолининг электорал маданияти юксалади;
сайлов жараёнларида қонун устуворлиги таъминланишига эришилади;
сайловчиларнинг сайлов қонунчилигидан ва сайловлар жараёнларидан хабардорлиги ошади;
сайлов жараёнининг иштирокчилари сайлов комиссиялари фаолияти, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақидаги ахборот билан таъминланади;
сиёсий партиялар ва номзодларнинг сиёсий платформалари ҳамда сайловолди дастурлари билан тезкор ва қулай тарзда танишиш имконияти яратилади;
сайловчиларда овоз беришда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга бўлган муносабат шаклланади;
сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмалари мустаҳкамланиши натижасида улар томонидан ўз вазифалари ва функцияларини масъулият билан амалга оширилишига эришилади;
миллий сайлов қонунчилигининг халқаро демократик тамойилларга мослиги, адолатлилиги ва фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши юзасидан ижобий муносабат шаклланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 7 июндаги 1008-IV/КҚ-233-IV-сонли Қўшма қарорига
2-ИЛОВА
Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Тадбир номи

Амалга ошириш механизми

Бажариш муддати

Масъул ижрочилар

I. Фуқароларнинг, шу жумладан, ёшлар, хотин-қизлар ва жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларидан хабардорлигини ҳамда электорал маданиятини ошириш

1.

Ёшларга, шу жумладан сайловларда илк маротаба иштирок этувчиларга, хотин-қизларга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга сайлов институтининг ҳамда унинг давлат ҳокимиятини шакллантиришдаги аҳамиятини тушунтириш.

1. Тушунтириш ишлари учун зарур материалларни тайёрлаш.

2. Режа асосида тадбирларни ўтказиш.

Доимий

Ёшлар ишлари агентлиги,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги,

сиёсий партиялар,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази,

Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси

2.

Ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш масалаларига бағишланган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш.

1. Режа асосида ёшлар форумлари, илмий-амалий анжуманлар, мунозаралар, ток-шоулар ташкил этиш.

2. Сайлов саводхонлигини ошириш бўйича танловлар ўтказиш.

2021 — 2023 йиллар

Ёшлар ишлари агентлиги,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги,

сиёсий партиялар,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази,

Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари

3.

2022 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг электорал маданияти ва сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида «Ёш парламентарийлар форумлари»ни ўтказиш.

1. Форумларни ўтказишнинг тартиб-таомилларини белгиловчи ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2. Форумларни ўтказишни ташкилий ва техник жиҳатдан таъминлаш.

3. Форумларни республика ва ҳудудлар миқёсида ўтказиш.

2022 йилдан бошлаб, доимий

Ёшлар ишлари агентлиги,

сиёсий партиялар,

Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги

Ёшлар парламентлари,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази

4.

Таълим ташкилотларида ўқувчиларнинг ва талабаларнинг сайлов саводхонлигини ошириш бўйича ўқув қўлланмаларини ва медиа-таълим ресурсларини тайёрлаш.

1. Чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2. Режа асосида сайлов саводхонлигини ошириш бўйича ўқув қўлланмалари ишлаб чиқиш.

3. Сайлов саводхонлиги бўйича медиа-таълим ресурсларини яратиш.

2021 йил сентябрь бошлаб, чора-тадбирлар режасида белгиланган муддатларда

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари

5.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим ва ўрта махсус таълим ташкилотлари 10-11-синф ўқувчилари учун бир йилда камида икки маротаба «Сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш» мавзусида очиқ дарслар ташкил этиш.

1. Тегишли ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

2. Очиқ дарсларни ўтказишни ташкилий ва услубий жиҳатдан таъминлаш.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб

Халқ таълими вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Марказий сайлов комиссияси

Ўқув маркази,

вазирлик ва идоралар

6.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ўқитувчилари учун ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган «Сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш» мавзусидаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш қисқа муддатли курслари (10 соатлик) дастурини тасдиқлаш.

1. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш қисқа муддатли курслари дастурини тасдиқлаш.

2. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш қисқа муддатли курсларини ташкилий ва услубий жиҳатдан таъминлаш.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб

Халқ таълим вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Марказий сайлов комиссияси

Ўқув маркази,

вазирлик ва идоралар

7.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб профессионал таълим ва олий таълим ташкилотларида «Сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёни» мавзуларида машғулотлар ўтказиш.

1. Тегишли ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

2. Мавзу бўйича машғулотлар ўтказишни ташкилий ва услубий жиҳатдан таъминлаш.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги,

Марказий сайлов комиссияси

Ўқув маркази,

вазирлик ва идоралар

8.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида сайлов ҳуқуқи ҳамда сайлов жараёнининг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари, сайлов комиссиялари ва сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари масалаларига бағишланган энг яхши илмий ишлар танловини ўтказиш.

1. Тегишли ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

2. Танлов шартлари ва талабларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш.

3. Танлов бўйича ишларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш ҳамда тўплам шаклида чоп этиш.

4. Танлов иштирокчилари ва ғолибларини рағбатлантириш.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

вазирлик ва идоралар

9.

Сайловчиларни, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ҳамда хориждаги фуқароларни электрон ахборот ресурслари, мобиль иловалар ва ижтимоий тармоқлар орқали сайловга оид маълумотлар ва ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлашни йўлга қўйиш.

1. Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда ижтимоий тармоқларда сайловга ва сайлов қонунчилигига оид электрон маълумотлар базасини яратиш.

2. Сайловга оид маълумотларни берувчи мобил иловалар яратиш.

Сайлов кампанияси даврида

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази

10.

Сиёсий партиялар томонидан фуқароларнинг, шу жумладан, ёшлар, хотин-қизлар ва жисмоний имконияти чекланган шахслар билан сайлов маданиятини юксалтиришга қаратилган учрашувлар ўтказиш.

1. Аниқ йўналтирилган тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2. Ёшлар, хотин-қизлар ва жисмоний имконияти чекланган шахслар билан учрашувлар ўтказиш.

3. Сайловларда сиёсий партияларнинг иштироки ва унинг аҳамияти ҳақида тушунтиришлар бериш.

2021-2022 йиллар

Сиёсий партиялар,

Маҳалла ва оилани

қўллаб-қувватлаш вазирлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари

11.

«Сайлов қонунчилиги билимдони» танловини ўтказиш.

1. Танлов шартлари ва талабларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш.

2. Танловни тест саволлари асосида Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали он-лайн тарзда ташкил этиш.

3. Танловни ёшлар, хотин қизлар ҳамда жисмоний имконияти чекланган шахслар ўртасида алоҳида тартибда ўтказиш.

Ҳар йили декабрда

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

вазирлик ва идоралар

12.

Аҳолининг электорал маданиятига таъсир этувчи омилларни социологик тадқиқотлар асосида ўрганиш.

1. Электорал маданиятга таъсир этувчи омилларни ўрганиш методларини ишлаб чиқиш.

2. Социологик тадқиқотлар ўтказиш.

3. Тадқиқот якунлари бўйича ахборот-таҳлилий маълумот тайёрлаш.

2021 йил июль-август

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази

13.

Ўзбекистон Республикасининг кодексларини, шу жумладан Сайлов кодексини қайта нашр қилиш ва кўп нусхада чоп этиш.

1. Тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.

2. Ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш учун киритиш.

3. Кодексларни, шу жумладан Сайлов кодексини қайта нашр этиш ва кўп нусхада чоп этиш.

2021 йил 1 августгача

Адлия вазирлиги,

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

II. Сайлов жараёнларида ахборот-тушунтириш ишларини янада фаоллаштириш

14.

Сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-амалий қўлланма нашр этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар.

2021 йил давомида

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, Давлат бошқаруви академияси

15.

Қуйидагиларда:

давлат органлари ва ташкилотларида ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмаларида;

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида;

олий, профессионал, ўрта махсус таълим ташкилотларида;

санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида;

ҳарбий қисмларда;

вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасаларида сайлов қонунчилигини тушунтириш ишларини ташкил этиш.

1. Тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2. Тушунтириш ишлари учун сайлов қонунчилиги мазмун-моҳияти, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига доир материалларни тайёрлаш.

3. Сайлов қонунчилиги ҳамда сайловда иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқий ахборот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш.

4. Режа асосида семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар, викторина ва танловлар ўтказиш.

Тадбирлар режасида белгиланган муддатларда

Адлия вазирлиги,

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

вазирлик ва идоралар

16.

Сайлов қонунчилиги ва сайловлар ҳақида тушунтириш бериш бўйича ягона қисқа рақам орқали ишловчи Марказий сайлов комиссиясининг «Call-center»и фаолиятини йўлга қўйиш.

1. «Call-center» фаолиятини ташкилий ва техник жиҳатдан таъминлаш.

2. Сайлов билан боғлиқ сўровларга тезкор жавоб бериш тизимини ишга тушириш.

Сайлов кампанияси даврида

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

17.

Оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, ижтимоий тармоқларга сайлов қонунчилиги бўйича ахборот материалларини жойлаштириб бориш, шунингдек ижтимоий тармоқларда ҳуқуқий-ахборот каналини яратиш.

1. Босма ва электрон нашрлар орқали сайлов қонунчилиги бўйича ахборот материалларини бериб бориш.

2. Ижтимоий тармоқлар орқали сайлов қонунчилиги бўйича қисқа ва кичик ҳажмли ахборот материалларини узатиб бориш;

3. Ижтимоий тармоқларда сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий-ахборот каналини яратиш ва юритиш.

Сайлов кампанияси даврида

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Миллий телерадиокомпания,

Ўзбекистон ахборот агентлиги,

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси,

Адлия вазирлиги

18.

Сайлов жараёнининг барча иштирокчиларини сайловга оид қонунчилик ва сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида хабардор қилиш бўйича электрон платформа яратиш.

1. Электрон платформа фаолиятини ташкилий ва техник жиҳатдан таъминлаш.

2. Электрон платформа орқали ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида ахборот беришни йўлга қўйиш.

3. Электрон платформани ишга тушириш.

Доимий

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Давлат бошқаруви академияси,

Тошкент давлат юридик университети,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

19.

Сиёсий партиялар фаолияти ва уларнинг сайловдаги иштирокини тезкор ва қулай тарзда ёритиб бориш.

1. Сиёсий партиялар томонидан тезкор ва қулай тарзда ахборот етказишни жорий қилиш.

2. Сиёсий партияларнинг расмий веб-сайтларида сайловлар бўйича махсус рукнлар яратиш.

3. Сиёсий партияларнинг сайловлардаги иштирокини босма ва электрон нашрлар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали ёритиб бориш.

Доимий

Сиёсий партиялар

20.

Сайлов жараёнида «теледебат» институтини босқичма-босқич шакллантириб бориш ва ривожлантириш.

1. Сайлов жараёнидаги «теледебат»лар бўйича ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ўрганиш.

2. Ўрганиш асосида «теледебат»ларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқиш.

3. «Теледебат»лар бўйича таклиф ва лойиҳаларни амалга ошириш.

Сайлов кампанияси даврида

Сиёсий партиялар,

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Миллий телерадиокомпания, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Халқаро пресс клуб

21.

Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати ахборот тизими имкониятларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш.

1. Тизим имкониятларини ёритиш бўйича аудио ва видео материаллар тайёрлаш.

2. Тизим имкониятлари ҳақида тушунтириш берувчи мақолалар тайёрлаш.

3. Тизим ҳақида тушунтириш берувчи ахборот материалларини тайёрлаш.

4. Тайёрланган материалларни ахборот манбаларида ёритиш.

Доимий

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

22.

Сайловлар ва уларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги аҳамияти, «Бир сайловчи — бир овоз» тамойили, сайлов ва овоз бериш жараёнларида фуқаролар иштирокини кучайтириш каби мавзуларда ижтимоий рекламалар тайёрлаш ҳамда тарқатиш.

1. Ижтимоий рекламалар мавзуларини шакллантириш.

2. Мавзулар асосида ижтимоий рекламалар тайёрлаш.

3. Ижтимоий рекламаларни оммавий ахборот воситалари ва ахборот манбалари орқали ёритиш.

Сайлов кампанияси даврида

Миллий телерадиокомпания,

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Халқ таълими вазирлиги,

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Ўзбекистон ахборот агентлиги,

Адлия вазирлиги

23.

Фуқароларнинг сайлов маданиятини юксалтиришга ҳамда сайлов қонунчилигини ва сайлов институтининг аҳамиятини тушунтиришга қаратилган теле ва радио дастурларни тайёрлаш.

1. Теле- ва радио дастурлар сценарийларини тайёрлаш.

2. Сценарийлар бўйича сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида теле- ва радио дастурлар тайёрлаш.

3. Теле- ва радио дастурларни эфирга узатиб бориш.

Доимий

Миллий телерадиокомпания,

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Халқ таълими вазирлиги,

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Ўзбекистон ахборот агентлиги,

Адлия вазирлиги

24.

Сайловчиларни хабардор қилишга мўлжалланган ташқи ахборот материалларини (баннер, стенд, плакат ва бошқалар) тайёрлаш ва тарқатиш.

1. Ташқи ахборот материалларини тайёрлашга бўлган мавжуд талаб ва эҳтиёжни ўрганиш.

2. Ташқи ахборот материалларини тайёрлаш бўйича буюртмаларни шакллантириш.

3. Ташқи ахборот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш.

Сайлов кампанияси даврида

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Вазирлар Маҳкамаси,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

округ ва участка сайлов комиссиялари

25.

Сайлов комиссиялари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сайлов қонунчилигига оид маълумотлар билан таъминлаш.

1. Зарур бўлган ахборот материаллари (китоблар, тўпламлар, рисолалар, шарҳлар ва бошқалар) рўйхатини шакллантириш.

2. Ахборот материаллари тайёрлаш ва чоп этиш.

3. Уларни манзилли етказиш.

2021 йил июль — сентябрь

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Адлия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги,

сайлов комиссиялари,

вазирлик ва идоралар

26.

Сайловга оид кўргазмали материалларни замонавий, қизиқиш уйғотадиган ва эътиборни ўзига жалб қилувчи компонент асосида тайёрлаш (чоп этиш) ва тарқатиш.

1. Сайловга оид кўргазмали материаллар лойиҳаларини замонавий, қизиқиш уйғотадиган ва эътиборни ўзига жалб қилувчи компонент асосида ишлаб чиқиш.

2. Кўргазмали материалларни электрон шаклда тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатиш.

2021 йил июль — сентябрь

Адлия вазирлиги,

Миллий телерадиокомпания,

Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази,

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси,

вазирлик ва идоралар

III. Сайлов жараёнини қонунчилик талаблари асосида ҳамда холис ёритилишини таъминлаш

27.

Сайлов жараёнини қонунчилик талаблари асосида ҳамда холис ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар учун ўқув семинарларни ташкил этиш.

1. Ўқув семинарлари учун зарур материалларни тайёрлаш.

2. Ўқувларга давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни жалб қилиш.

3. Тадбир режаси бўйича ҳудудлар кесимида ўқув семинарларини ўтказиш.

Сайлов кампанияси даврида

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети,

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси,

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Миллий телерадиокомпания,

Давлат бошқаруви академияси, Адлия вазирлиги, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти

28.

Ёш журналистлар ўртасида сайлов мавзусидаги энг яхши материал учун танлов ўтказиш.

1. Танловни ўтказиш тартиб-таомилларини белгиловчи ҳужжатни қабул қилиш.

2. Танлов шартлари ва муддатлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабар бериш.

3. Келиб тушган материалларни ўрганиш, ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш.

Сайлов кампанияси даврида

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида)

29.

Сайлов комиссиялари аъзоларининг сайловга ва ўз фаолиятига оид ахборотларни ёритиш (матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш, матбуот ва ахборот хабарномаларини тайёрлаш) бўйича билим ва кўникмаларини ошириш.

1. Ўтган сайловларни таҳлил қилиш асосида матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш, матбуот ва ахборот хабарномаларини тайёрлаш.

2. Фаолиятни ёритиш бўйича ахборот материалларининг намуналарини тайёрлаш ва тарқатиш.

Сайлов кампанияси даврида

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида),

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети

IV. Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича ижтимоий шерикликни ривожлантириш

30.

Ҳудудларда фуқаролик жамияти институтларининг фуқароларнинг сайлов маданиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳалари бўйича «Эркин сайловларга 30 йил» мавзусида давлат гранти танловини ўтказиш.

1. Танловни ўтказиш тартиб-таомилларини белгиловчи ҳужжатни қабул қилиш.

2. Танлов шартлари ва муддатлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабар бериш.

3. Келиб тушган лойиҳаларни ўрганиш.

4. Танлов ғолибларни аниқлаш ҳамда уларга шартнома асосида грантлар ажратиш.

2021 йил

1 сентябргача

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари

31.

Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича давлат ижтимоий буюртмасини бериш.

1. Давлат ижтимоий буюртмасини шакллантириш.

2. Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат ижтимоий буюртмасини:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан бериш;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари томонидан бериш.

Қонунчиликда белгиланган муддатда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари

32.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва сиёсий партияларнинг кузатувчилари учун ўқувларни ташкил этиш.

1. Чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2. Зарур шарт-шароитларни яратиш ва ўқув материаллари билан таъминлаш.

3. Чора-тадбирлар режаси асосида ўқувларни ўтказиш.

Чора-тадбирлар режасида белгиланган муддатларда

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, сиёсий партиялар,

Адлия вазирлиги,

33.

Жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича «Сайлов участкасига йўл» ижтимоий лойиҳасини амалга ошириш.

1. Ижтимоий лойиҳани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2. Волонтёрлик ҳамда жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотларини лойиҳага жалб қилиш.

Сайлов кампанияси даврида

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси,

фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва ташкилотлар

34.

Сайлов тартиб-таомилларининг қонунийлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш.

Чора-тадбирларни белгилаб олиш ҳамда амалга ошириш.

2021 йил давомида

Сиёсий партиялар,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Марказий сайлов комиссияси (келишув асосида)

V. Санитария-эпидемиологик хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш чораларини кўриш

35.

Барча тадбирларни амалга оширишда санитария-эпидемиологик хавфсизлик ва осойишталикни таъминлашга доир талабларга қатъий риоя қилиш.

Тадбирларни амалга оширишда санитария-эпидемиологик хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш чораларини кўриш.

Доимий

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва барча масъул ижрочилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 7 июндаги 1008-IV/КҚ-233-IV-сонли Қўшма қарорига
3-ИЛОВА

Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан «Йўл харитаси» бажарилишини мониторинг қилувчи ишчи гуруҳ

ТАРКИБИ

Саидов Акмал Холматович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳ ҳамраҳбари

Сафоев Содиқ Солихович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳ ҳамраҳбари

Ишчи гуруҳ аъзолари:

Хаитов Актам Ахмадович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг раҳбари

Кадиров Алишер Келдиевич

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг раҳбари

Ибрагимова Зухра Аметовна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциясининг раҳбари

Иноятов Улугбек Илясович

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг раҳбари

Гаппоров Хайрилло Лутпиллаевич

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг раҳбари

Кучкаров Бахром Тулкинович

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари

Икрамов Музраф Мубаракходжаевич

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари

Ходжаев Асаджон Азатбекович

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори

Хаджаев Алишер Джуракулович

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси

Абдухаликов Фирдавс Фридунович

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқарув раиси

СОВМЕСТНОЕ ПОСТАНОВЛЕНИЕ
КЕНГАША ЗАКОНОДАТЕЛЬНОЙ ПАЛАТЫ ОЛИЙ МАЖЛИСА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
КЕНГАША СЕНАТА ОЛИЙ МАЖЛИСА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
О Национальной программе действий по повышению электоральной культуры населения
Спикер Законодательной палаты Олий Мажлиса Республики Узбекистан Н. ИСМОИЛОВ
г. Ташкент,
7 июня 2021 г.,
№ 1008-IV
Председатель Сената Олий Мажлиса Республики Узбекистан Т. НАРБАЕВА
г. Ташкент,
7 июня 2021 г.,
№ ПК-233-IV