Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Электр энергиясини тақсимлашда йўқотишларни камайтириш, шунингдек, Навоий вилоятида электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисоблашн инг автоматлаштирилган тизими ҳамда биллинг тизимини жорий этиш бўйича бош режа» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида
Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, электр энергиясини тақсимлашда йўқотишларни камайтириш ва автоматлаштирилган ўлчаш тизимини жорий этиш мақсадида:
1. Корея Республикаси Ҳукумати томонидан, Корея Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида имзоланган ҳукуматлараро битим доирасида «Электр энергиясини тақсимлашда йўқотишларни камайтириш, шунингдек, Навоий вилоятида электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими ҳамда биллинг тизимини жорий этиш бўйича бош режа» лойиҳасини амалга ошириш учун 2,5 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
«Ўзбекенерго» давлат акциядорлик компанияси Ўзбекистон томонидан «Электр энергиясини тақсимлашда йўқотишларни камайтириш, шунингдек, Навоий вилоятида электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими ҳамда биллинг тизимини жорий этиш бўйича бош режа « лойиҳасини амалга ошириш учун масъул ижро этувчи орган сифатида;
Корея Республикаси Ҳукумати гранти маблағлари ҳисобидан ҳисоб-китоблар бўйича операцияларни амалга оширувчи хизмат кўрсатувчи банк Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳисобланади.
3. «Ўзбекенерго» давлат акциядорлик компанияси:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда Корея томони билан келишилган муддатларда Корея Республикаси Ҳукумати грантини олишнинг барча зарур тартиб-қоидаларини амалга оширсин;
бир ой муддатда лойиҳани амалга ошириш режасини ҳар чоракда унинг амалий ижро ҳолатини кўриб чиққан ҳолда ишлаб чиқсин;
Корея Республикаси ҳукумати грант маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши, шунингдек, мазкур лойиҳа доирасида етказиб берилаётган асбоб-ускуналар ва материаллар хавфсизлиги устидан мониторинг ва назоратни амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзбекенерго» давлат акциядорлик компаниясининг сўровига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари белгиланган тартибда, консуллик ёки бошқа йиғимларсиз расмийлаштирилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Ўзбекенерго» давлат акциядорлик компаниясининг талабига биноан кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, вақтинчалик прописка қилиш ва вақтинчалик прописканинг муддатини узайтиришни кўрсатилган лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасида давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Г.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 16 февраль,
ПҚ-1709-сон