Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи чораги якунлари бўйича ижроси «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун ва COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган глобал иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этишга қаратилган.
Дунё иқтисодиёти пасайиши натижасида мамлакатда ялпи ички маҳсулот (кейинги ўринларда «ЯИМ» деб юритилади) ҳажми жорий қийматда 128 трлн 600 млн сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103 фоизни ташкил этган.
Иқтисодий ўсиш саноатда 3,8 фоизни, қурилишда 0,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 3,1 фоизни ҳамда хизматлар соҳасида 2,8 фоизни ташкил этган.
Инфляция даражаси йиллик нисбатда 10,9 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига (13,6 фоиз) нисбатан 2,7 бандга секинлашган. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик инфляция кўрсаткичи 5,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 3,1 фоизга, хизматлар эса 1,9 фоизга ошган.
Ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,6 фоизга камайиб, 7 млн 100 минг АҚШ долларини ташкил этган.
Давлат бюджети даромадлари 33 трлн 900 млн сўмни, харажатлари эса 34 трлн 100 млн сўмни ташкил этиб, Давлат бюджети тақчиллиги 188 млрд 200 млн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 0,1 фоизни ташкил этган ва прогноз даражасида бажарилган.
Бюджетга солиқ қарздорлиги қарийб 2 трлн 200 млрд сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 679 млрд 500 млн сўмга ошган.
Қарзнинг асосий ўсиши Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган.
Бюджетга ортиқча тўловлар йил бошига нисбатан 36 млрд 100 млн сўмга ўсиб, 186 млрд 9 млн сўмни ташкил этган.
Давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий харажатлар миқдори 18 трлн 200 млрд сўмни ёки жами харажатларнинг 53,3 фоизини ташкил этган.
Давлат бюджетида юзага келган 188 млрд 200 млн сўмлик тақчиллик халқаро молия институтларидан бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган маблағлар ҳисобига қопланган.
Маҳаллий бюджетлар даромадлари 7 трлн 911 млрд сўмга ёки режага нисбатан 116,3 фоизга ижро этилган.
Биринчи чоракда даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маҳаллий бюджетларга қўшимча 1 трлн 110 млрд сўм манба шакллантирилган.
Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисида тасдиқланган низомга биноан, барча даражадаги бюджет маблағларини тақсимловчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчилар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси томонидан расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб бориш тартиби, муддати ва шакллари белгиланган.
Ҳисобот даврида 2 та вазирлик ва 1 та қўмита томонидан (5%) тегишли маълумотлар расмий веб-сайтларда жойлаштирилган (Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, Давлат статистика қўмитаси), 31 та вазирлик ва идорада (51%) маълумотлар қисман жойлаштирилган бўлса, 27 та (44%) вазирлик ва идорада маълумотлар умуман жойлаштирилмаган.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилмаслиги натижасида етказилган зарарни бюджетдан қоплашда ҳам ноқонуний харажатлар юзага келиб, бу компенсация тўловларидан қарздорликнинг юқори миқдорда сақланиб қолишига (ҳисобот даврида 130 млрд 700 млн сўм) ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Маҳаллий бюджетларда компенсация тўловлари бўйича 164 млрд 800 млн сўм қўшимча қарздорликлар юзага келган.
Давлат молиявий назорати тадбирлари натижасида бюджет маблағларидан фойдаланишда 211 млрд 200 млн сўмлик молиявий хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.
Халқ таълими, Мактабгача таълим, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари тизимида бюджет маблағларини ишлатишда (23 млрд сўмдан — 43 млрд 300 млн сўмгача) қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Ҳудудлар кесимида қарийб 105,0 млрд сўмлик (Сирдарё, Жиззах, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 20 млрд сўмдан — 40 млрд сўмгача) ноқонуний харажатларга йўл қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ахборотини эшитиб ва муҳокама қилиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3210-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи чоракдаги ижроси ҳолатини, бюджетга боқимонда қарзлар ва ортиқча тўловларнинг ҳосил бўлиши ҳамда ажратилган маблағларнинг ноқонуний, мақсадсиз ишлатилишига йўл қўйган вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг жавобгарлик масаласини кўриб чиқсин;
давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда ноқонуний ҳаракатларга барҳам бериш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар учун компенсация тўловлари юзага келиши ҳамда қопланишини таҳлил қилиш асосида бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўрсин;
бюджет шаффофлигини таъминлашдаги муаммоли ҳудудларни аниқлаб, натижаларини бюджет очиқлиги бўйича ҳудудлар рейтингига киритиб бориш;
ушбу Қарор ижроси юзасидан умумий назорат ўрнатсин ҳамда амалга оширилган ишлар бўйича 2021 йилнинг 1 август кунига қадар Олий Мажлис Сенатига умумлаштирилган ахборот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:
иқтисодий ўсиш суръатларини оширишдаги устувор йўналишларни белгилаш орқали бюджетга солиқ тўловлари манбаларини кенгайтириш, ҳисобланган солиқларнинг тўлиқ ундирилишини таъминлаш, боқимонда қарзлар ва ортиқча тўловларни камайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиб бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Давлат бюджетида кўзда тутилган харажатларни муддатида молиялаштириш ва ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли, самарали фойдаланиш бўйича дастлабки ҳамда жорий назорат олиб боришнинг таъсирчан чораларини кўрсин;
бюджет маблағларини тақсимлашда туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини, 2021 йил 1 июлдан эса камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш ишларини самарали ташкил этиш ва натижаларини веб-сайтларда эълон қилиб бориш бўйича молия органлари раҳбар ходимлари масъулиятини оширсин;
бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳисоботларни биринчи даражали бюджет тақсимловчиларнинг барча харажатлари асосида шакллантириш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш чораларини кўрсин;
молиявий интизомни мустаҳкамлаш мақсадида ноқонуний харажатларга йўл қўяётган вазирлик ва идоралар ҳисобчилари учун алоҳида ўқишлар ташкил этсин;
ушбу банднинг ижроси бўйича 2021 йилнинг 5 августига қадар Олий Мажлис Сенатига батафсил ахборот киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда тегишли бюджет маблағларини тақсимловчилар Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар рўйхатини ҳамда лойиҳа қиймати ва унинг ижроси тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб боришни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари бир ой муддатда бюджет маблағларининг мақсадсиз, ноқонуний сарфланиши ҳолатлари билан боғлиқ сўнги уч йиллик фаолиятини таҳлил қилган ҳолда хато-камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини, унга масъул ходимлар жавобгарлигини аниқлаб, бу каби камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан таклиф ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси барча даражадаги бюджет маблағларини тақсимловчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчилар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси томонидан маълумотларнинг расмий веб-сайтларда жойлаштириш ҳолатини ўрганиб, натижаси бўйича 2021 йилнинг якуни билан Олий Мажлис Сенатига маълумот киритиб борсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари:
Давлат бюджети маблағларидан фойдаланишда йўл қўйилган молиявий хатоларга эътибор қаратсин ҳамда келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиласин;
давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши ҳамда бузилган турар жойлар учун компенсация тўловлари бўйича жисмоний ёки юридик шахсларга етказилган зарар миқдорини қоплаш бўйича юзага келган қарздорликни маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ёки инвесторлар ҳисобидан бартараф этиш чораларини кўриб натижаси бўйича жорий йилнинг 5 августига қадар Молия вазирлигига ахборот киритсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари асосида маҳаллий бюджетлар қўшимча маблағларининг камида 10 фоизи, 2021 йил 1 июлдан эса камида 30 фоизининг фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилишини таъминласин;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товар ҳамда хизматлар, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати ва қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтларида жойлаштириб борсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига:
молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган тадбирлар учун маблағ ажратиш ҳолатларига барҳам бериш юзасидан тегишли чоралар кўриб бориш;
маҳаллий бюджет даромадларининг белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш, ҳудуднинг иқтисодий ўсиш нуқталарини инобатга олган ҳолда қўшимча манбаларни аниқлаш, солиқ қарзларини қисқартириш, ортиқча тўловларга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари Кенгашида молия ва солиқ идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориш тавсия этилсин.
9. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Боёвут, Бўстон, Олот, Тўрақўрғон, Қарши туманларида ва Каттақўрғон шаҳрида 2020 — 2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастурлари ҳамда тегишли қарорлар ижроси юзасидан ўрганишлар ўтказиб, натижасини 2021 йилнинг июнь ойида ва келгусида иш режага мувофиқ қўмита мажлисларида муҳокама қилиб борсин.
10. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
11. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. Нарбаева
Тошкент ш.,
2021 йил 28 май,
СҚ-296-IV-сон