Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 12 мартдаги СҚ-262-IV-сонли Қарорига мувофиқ Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бу борада бир қатор ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Сенат қарори ижросини таъминлаш бўйича 15 та банддан иборат чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижрога қаратилган.
Чора-тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги ПҚ-4193-сонли қарори, 2020 йил 31 январдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5930-сонли Фармони ижроси, шунингдек, вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши яхшилашга қаратилган қатор масалалар назарда тутилган.
Хусусан, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан ва тадбиркорлик субъектларидан 17 турдаги ҳужжатлар талаб қилиш бекор қилинган.
Шунингдек, Ички ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Мудофаа, Халқ таълим вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан айрим маълумотларни ортиқча талаб қилинишига чек қўйилган.
Бундан ташқари, «Судланганлик ҳақида маълумотнома», «Манзил-маълумот ахборотлари», «Фуқаронинг номида шахсий уй-жой борлиги ёки йўқлиги тўғрисида маълумот» ва «Турар жой тўғрисида маълумотнома» талаб қилиш бекор қилинган.
Шу билан бирга, парламент сўровида кўтарилган айрим масалалар юзасидан қушимча чоралар кўриш лозим.
Жумладан, парламент сўровида кўрсатилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали махсус қўлланиладиган биологик актив моддалар, янги кимёвий моддалар, озуқа қўшимчалари, биологик воситалар ва материаллар, полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика маҳсулотларини четдан келтириш ва ишлаб чиқаришга рухсатнома бериш хизмати жорий этилмаган.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг дубликатини бериш хизмати йўлга қўйилмаган.
Давлат органлари ўртасида идоралараро, шу жумладан электрон ҳамкорлик йўлга қўйилиши ҳисобига Ички ишлар вазирлиги томонидан фуқаролардан судланганлик ҳақидаги маълумотнома талаб қилишни, шунингдек Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги давлат органлари томонидан фуқаролардан номида турар жой мавжуд ёки йўқлиги ҳақида маълумотнома талаб қилишни бекор қилиш белгиланган.
Бироқ идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви (интеграция) йўлга қўйилмаган. Оқибатда васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда судланганлик, номида турар жой мавжуд ва йўқлиги ҳақидаги маълумотлар фуқаролардан талаб қилиниб келинмоқда.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда қўлланиладиган электрон маълумотлар базаларини шакллантириш, давлат органлари томонидан ахборот тизимларини яратиш ва улардаги маълумотлар тўпламларини рақамлаштириш масалалари очиқ қолган.
Юқорида баён этилганларга асосан ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровидаги масалаларни тўлиқ бартараф этиш чораларини кўрсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда:
электрон идентификация тизими ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлаш тизимини такомиллаштириб, амалиётга тўлиқ жорий этишни йўлга қўйсин;
давлат хизматлари порталининг мобил иловасини ривожлантириб, жисмоний ва юридик шахсларга қулай ҳамда тез давлат хизматлари кўрсатилишини таъминласин;
илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини янада кўпайтириш чораларини кўрсин;
вазирликлар ва давлат идоралари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини инвентаризация қилсин, шунингдек аҳолига енгиллик ва қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматларини кўрсатиш турларини соддалаштириш (муддати, тўлов услуби, нархи ва шартлари), айниқса ногиронлиги бўлган шахсларга чегирмалар қўллаб, тўловларни камайтириш бўйича чоралар кўрсин;
давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати ва бу билан боғлиқ жараённинг шаффофлигини кучайтиришга қаратилган депутатлик назоратини амалга ошириш мақсадида Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари тегишинча халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига мунтазам равишда ахборот бериб боришини таъминласин;
мазкур Қарорнинг ижроси ҳамда парламент сўровида кўтарилган масалаларнинг тўлиқ бартараф этилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
мунтазам равишда Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бошқармаларининг фаолияти тўғрисида ахборотларини эшитиб, шаффофликни таъминлашга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
давлат хизматлари кўрсатиладиган ҳудудий идораларнинг хизмат кўрсатиш сифати ва қонунчиликда белгиланган тартиб ҳамда асосларда фаолият юритиши устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш;
давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан фуқаролардан келиб тушадиган ариза ва шикоятларда кўтарилаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича депутатлик сўрови институтидан кенг фойдаланиш тавсия этилсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 29 май,
СҚ-314-IV-сон