Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган техноген ҳолат оқибатида талафот кўрган аҳолининг уй-жойларини таъмирлаш, янги уй жойлар қуриш ҳамда ободонлаштириш ишлари қисқа муддатда сифатли якунланиб, ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 1 830 та бетон-панелли уйда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган.
Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласи ҳамда Мирзаобод тумани «Навбаҳор» ва «Янги Ўзбекистон» маҳаллаларида 86 та 2 640 хонадонли уй барпо этилган.
Ижтимоий соҳа муассасаларидан 34 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ҳар бир туманда 1 тадан янги умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилоти қурилган.
Талафот кўрган маҳаллалар ва янги қурилган уй-жой массивлари табиий газ ҳамда электр энергияси билан таъминланган, ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиб, ички хўжалик йўллари таъмирланган.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларида яроқсиз аҳволга келиб қолган 98,6 километрлик ирригация ва мелиорация объектлари тикланиб, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ҳамда аҳоли томорқалари қисман сув билан таъминланган.
Шу билан бирга, ўз ечимини кутаётган айрим масалалар мавжуд.
Хусусан, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида ишчи гуруҳлар томонидан балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларига фавқулодда ҳодиса оқибатида етказилган зарар миқдорини ҳисоблаш ва қоплаш чораларини кўриш ҳамда ирригация ва мелиорация тармоқлари бўйича қурилиш-таъмирлаш ишларини қисқа муддатда якунлаш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 1 майдаги Ф-5569-сонли фармойишини, Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг 2021 йил 27 апрелдаги 01-05/1-1084-сонли сайёр йиғилиши баёнида белгиланган тадбирларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳукумат комиссиясининг 2021 йил 27 апрелдаги 01-05/1-1084-сон сайёр йиғилиши баёни маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари (фермер хўжаликлари) томонидан кўрилган зарарларни қоплаш ҳамда ирригация ва мелиорация объектларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини қисқа муддатда якунлаш учун талаб этиладиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан босқичма-босқич ажратиш;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар барча солиқ тўловларидан озод қилиш юзасидан жорий йил 1 июлга қадар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
икки ой муддатда «2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси маълумотлари асосида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини молиявий инқироздан чиқариш мақсадида ушбу хўжаликларга тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича асосий қарз ҳамда ҳисобланган фоизлар тўланишини 2020 йил 1 майдан вақтинча тўхтатиб туриш масаласини ўрганиб, таклифлар ишлаб чиқсин.
4. Сирдарё вилояти ҳокимлиги:
Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ҳамда паррандачилик йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари (фермер хўжаликлари) томонидан кўрилган зарарларни қоплаш ҳамда ирригация ва мелиорация объектларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун бюджет маблағларини ажратиш масаласини муҳокама қилиб тегишли қарор қабул қилиш учун халқ депутатлари вилоят Кенгашига киритсин.
Бунда:
республика бюджетидан мазкур тадбирларга ажратилган маблағларнинг манзилли ва мақсадли сарфланиши устидан масъул ташкилот, идоралар раҳбарлари жавобгарлиги белгилансин ҳамда ушбу маблағларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорига биноан қонунчилик талабларига мувофиқ йўналтирсин;
республика бюджетидан ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари вилоят Кенгашига, Сенатга ҳамда Ҳукумат комиссиясига ҳисобот тақдим этиб борсин;
бир ой муддатда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини тегишли мутахассислар билан тўлиқ ва холисона кўриб чиқиб, таҳлил қилган ҳолда улар томонидан кўрилган зарарни қоплаш юзасидан тасдиқловчи ҳужжатларни Ҳукумат комиссиясига тақдим этсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 24 май,
КҚ-227-IV-сон