Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Айрим бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар маблағларининг шакллантирилиши ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси маблағларининг шакллантирилиши, улардан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилди.
Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилиниши натижасида сўнги уч йилда тест жараёнларининг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш, видеокузатувлар орқали кенг жамоатчилик ҳамда абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовларини онлайн режимида кузатиб боришларига имконият яратилган.
Тест жараёнларининг шаффоф ва адолатли тарзда ўтказилишини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 2018 — 2020 йилларда 93 млрд 300 млн сўм маблағ сарфланган.
Ўрганиш ва таҳлиллар амалга оширилган ишлар билан бирга жамғарма даромадларини шакллантириш ва улардан фойдаланишда қатор хато-камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатди.
Хусусан, 2019-2020 ўқув йили қабули тест синовларида иштирок этиш учун ариза топширган абитуриентлардан 896 млн 400 минг сўм ортиқча тўлов ундирилган.
Жамғарманинг 30,0 млрд сўм миқдоридаги маблағи инсон омилини истисно этишни назарда тутувчи электрон саралаш тизимисиз тўғридан-тўғри тузилган келишувлар орқали тижорат банклари депозитларига жойлаштирилган.
14 та олий таълим муассасаси томонидан оширилган тўлов-шартнома тушумлари ҳисобидан жамғармага маблағ ўтказиб берилмаган.
Тест синовлари жараёнларига жалб этилганларни бир маҳал тушлик билан таъминлаш бўйича тест синовлари ўтказилмаган кунлар учун тушлик харажатлари ҳисобланиб, 35 млн 100 минг сўм маблағ мақсадсиз сарфланган.
Хорижда малака ошириш курсларида иштирок этган ходимларга кунлик харажатлар учун асоссиз равишда 19 млн 100 минг сўм маблағ ортиқча тўлаб берилган.
«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этилмасдан 5 та ҳолатда 11 млрд 200 млн сўмлик харидлар амалга оширилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланиши ўрганилганида қуйидаги хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Хусусан, туман ва шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари (кейинги ўринларда АБКМ деб юритилади) томонидан шакллантирилган ҳақ тўланадиган йиғма буюртмаларнинг молиялаштирилиши бир неча қисмларга бўлинган ҳолда 306 та ҳолатда 2 ойдан ортиқ муддатга кечиктирилган.
26 та туман ва шаҳар АБКМга ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг 2020 йил учун харажатлар сметасига нисбатан 259 млн 500 минг сўм маблағ ортиқча молиялаштирилиб берилган.
Айрим туман ва шаҳар АБКМ томонидан 2020 йили жамоат ишлари самарали ташкил этилмаганлиги натижасида ажратилган маблағлардан йил якунига қадар фойдаланилмаган.
Туман ва шаҳар АБКМ томонидан амалда ишсиз деб эътироф этилмаган, ҳақиқатда иш билан банд бўлган 93 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилиши натижасида 93,0 млн сўм маблағ ноқонуний сарфланган.
Наслчилик иши ва сунъий уруғлантиришни ташкил этишга жалб этиладиган техник-осеменатор сони Молия вазирлиги билан келишилмасдан, 2020 йил давомида ҳар ойда ўртача 1 240 нафар фуқаро ҳудудий «Чорванасл» марказлари томонидан жамоат ишларига жалб этилиб, уларга жамғарма маблағларидан 22 млрд 100 млн сўм иш ҳақи тўлаб берилган.
Сўнгги 2 йилда ўтказилган назорат тадбирларида 10 млрд сўмдан ортиқ жамғарма маблағлари ноқонуний сарфланганлиги аниқланган.
Бундай ҳолатларга Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида йўл қўйилган.
Кўрилган чоралар натижасида ноқонуний сарфланган 1 млрд 120 млн сўм жамғармага қайтарилиб, 1 млрд 929 млн сўм миқдоридаги маблағнинг ноқонуний сарфланиши олди олиниб, ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармасининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланишда қуйидаги хато ва камчиликларга йўл қўйилган.
2020 йилда жамғарманинг бўш турган маблағларини ўрнатилган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштириш орқали қўшимча камида 3,0 млрд сўм миқдорида даромад олиш имконияти бўлса-да, ушбу имкониятдан фойдаланилмаган.
Жамғарма маблағлари ҳисобига харид қилинган автотранспорт воситалари ойналарини қорайтиришга мўлжаллаб олинган 7 млрд 600 млн сўмлик плёнка маҳсулотидан самарали фойдаланиш ёки ўрнатилган тартибда сотиш орқали маблағларни жамғармага қайтариш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя қилинмасдан 5 та ҳолатда умумий миқдори 6 млрд 400 млн сўмлик харидлар амалга оширилган.
Харид қилинган товар ва хизматлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ва бошқа харидлар тўғрисидаги маълумотлар ташкилот веб-сайтига жойлаштириб борилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоевнинг бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларининг шакллантирилиши ва улардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги ахборотини инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ўрганишда аниқланган хато ва камчиликларга йўл қўйган тегишли раҳбар ҳамда ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўриб, келгусида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларини шакллантириш, улардан самарали фойдаланиш бўйича мутасаддилар масъулияти оширилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли қарори билан тасдиқланган тақсимотга мувофиқ 2018/2019 ўқув йили тўлов-шартнома тушумлари ҳисобидан 14 та олий таълим муассасаси томонидан Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига маблағларнинг ажратилмаслиги ҳолатини ўрганиб, мазкур Қарор ижросини назоратга олсин;
ушбу банд ижроси юзасидан бир ой муддатда Олий Мажлис Сенатига ахборот киритсин.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (М. Каримов):
олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари жараёнларини ташкил этишда жамғарма маблағлари сарфланиши талабларининг бузилишига, маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришда, хорижда малака оширган ходимларга ортиқча маблағларнинг тўланишига йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўриб, хато-камчиликларни келгусида такрорламаслик юзасидан тегишли тадбирлар амалга оширилишини таъминласин;
Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2019/2020 ўқув йили қабули тест синовларида иштирок этиш учун ариза топширган абитуриентлардан ортиқча ундирилган 740 млн 100 минг сўм миқдоридаги маблағдан мақсадли фойдаланишни таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
ушбу банд ижроси бўйича 2021 йил 1 июлга қадар Олий Мажлис Сенатига батафсил ахборот берсин.
3. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) бир ой муддатда жамоат ишларини ташкил этишда ҳудудлардан тақдим этилаётган буюртмаларнинг кечиктириб молиялаштирилиши, марказларга харажатлар сметасига нисбатан ортиқча маблағларнинг йўналтирилиши, наслчилик иши ва сунъий уруғлантиришни ташкил этишда белгиланган тартибга риоя қилинмаганлиги, марказлар томонидан жамоат ишларининг самарали ташкил этилмаслиги ҳамда бунинг оқибатида йирик миқдордаги жамғарма маблағларининг ҳисоб рақамларда бўш туриб қолиши, маблағларнинг ноқонуний сарфланиши ҳолатларига йўл қўйган барча масъул ходимларга тегишли интизомий чоралар кўрсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосарлари томонидан ҳар ойда бир марта туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш бўйича буюртмаларини шакллантириш ва маблағлар ажратиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириб борсин.
5. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) бир ой муддатда бўш турган жамғарма маблағларини тижорат банклари депозит ҳисоб рақамларига жойлаштириб қўшимча даромад олиш, плёнка маҳсулотидан фойдаланиш орқали жамғарма маблағларини тиклаш, қонун талабларига риоя қилинмасдан давлат харидларини амалга ошириш ва мавжуд харидлар, хизматлар, қўлланилаётган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотларни веб-сайтга жойлаштирмаслик каби хато-камчиликларга йўл қўйган барча масъул ходимларга тегишли чоралар кўрсин.
6. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига:
ҳудудларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш бўйича ҳар чорак ва йил якуни билан белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳудудий бандлик бош бошқармалари ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиб бориш;
ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ҳақиқатда ишсиз бўлган, шу жумладан «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар аъзоларининг жалб этилишига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев), Сенат девони Давлат бюджети ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини таҳлил қилиш бошқармаси (Х. Абдувохидов) ушбу Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида 2021 йил 1 августга қадар Сенат Кенгашига умумлаштирилган ахборот тақдим этсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 24 май,
КҚ-226-IV-сон