Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗДЭУАВТО» АЖ МАҲСУЛОТИНИ ЭКСПОРТ ҚИЛИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 11 августдаги 180-сонли «Вазирлар Маҳкамасининг «ЎзДЭУавто» АЖ маҳсулотини экспорт қилишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1997 йил 17 июндаги 302-сон қарорини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ташқи бозорларда Ватанимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотилишини таъминловчи етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, 1997 йил 1 июнгача бўлган ҳолатига кўра:
«ЎзДЭУавто» АЖнинг ишлаб чиқариш ҳажми соатига 30 автомобиль ишлаб чиқариш даражасига етди, бу лойиҳадаги қувватга чиқиш дастурига мос келади;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида «ЎзДЭУавто» АЖнинг 11 шуъба ва қўшма корхонаси тузилган ва улар фаолият кўрсатмоқда, автомобилларни консигнация шартларида эркин муомаладаги валютага сотиш схемаси синаб кўрилди;
«ЎзДЭУавто» АЖ томонидан «Ўзавтосаноат» уюшмаси ва «ДЭУ» корпорацияси билан биргаликда таннархни пасайтириш, нарх бўйича рақобатбардошликни таъминлаш, ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг истеъмол хусусиятларини яхшилаш юзасидан тадбирлар амалга оширилмоқда.
2. Белгилансинки, қайта экспорт тариқасида «ЎзДЭУавто» АЖ томонидан ўз шуъба ва қўшма корхоналари устав жамғармасига қўшиш учун, шунингдек хорижда автомобилларга кафолатли ва сервис хизмати кўрсатиш учун олиб чиқиб кетилаётган ускуналар, асбоблар, эҳтиёт қисмлар, асосий ва ёрдамчи материаллар акциз солиғи тўлашдан озод қилинади.
3. «ЎзДЭУавто» АЖда ишлаб чиқарилган автомобилларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига солиқ ундирмасдан олиб чиқиб кетиш ҳуқуқи билан, корхонанинг экспорт улгуржи-сотиш нархи бўйича эркин муомаладаги валютага Ўзбекистон Республикаси норезидентларига истисно тариҳасида сотишга рухсат берилсин.
Автомобилларни эркин муомаладаги валютага сотишдан тушган тушум, валюта тушумининг 30 фоизи мажбурий равишда вакил қилинган банкка сотилган ҳолда, «ЎзДЭУавто» АЖнинг экспортга маҳсулот етказиб бериш ҳажмларига қўшилсин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ихтисослаштирилган «Асака» давлат-акционерлик тижорат банки ва «ЎзДЭУавто» АЖ билан биргаликда ички бозорда автомобилларни эркин муомаладаги валютага сотиш тартибини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. 1997 йил 20 июндан бошлаб:
«ЎзДЭУавто» АЖнинг расмий дилери мақомига эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан олиб чиқиб кетиладиган Ватанимизда ишлаб чиқарилган автомобилларга двигатель ҳажмининг 1 куб сантиметрига 3 ЭКЮ миқдоридаги ставка бўйича акциз солиғи;
автотранспорт воситаларини қайта сотишда автомобиль комиссион баҳосининг 10 фоизи миқдорида солиғнинг чекланган ставкаси белгилансин.
5. «Ўзбексавдо» уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда «ЎзДЭУавто» АЖда ишлаб чиқарилган автомобилларни жисмоний шахслар ўртасида олди-сотди қилишда уларни комиссион баҳолаш қоидаларини ишлаб чиқсин ва жорий этсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 17 июнь,
302-сон