Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгашининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2021 йил 27 апрель куни видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
«Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги ҚЛ-739-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (учинчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-740-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (иккинчи ўқиш);
«Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-756-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (биринчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-761-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
«Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли Конвенциясини (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҚЛ-767-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П. Бобожоновга «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, 2020 йилда соҳага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш тўғрисида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 26 апрель,
900-IV-сон