Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида»ги парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Хусановнинг жавоби ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йил 25 март куни юборилган парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ёзма жавобини кўриб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича, шу жумладан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини йўлга қўйиш мақсадида ташқи меҳнат бозорини ўрганиш ҳамда хорижда салоҳиятли иш берувчиларни қидириб топиш ва ваколатли органлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича вазирлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилган.
Ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органларнинг фаолияти такомиллаштирилди, шу жумладан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) ҳудудий филиалларининг ҳуқуқий мақоми оширилди. Вазирлик, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқароларни чет элга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юбориш борасидаги вазифа ва ваколатлари доираси кенгайтирилди.
Ҳозирда хорижда ишламоқчи бўлган шахслар талаб юқори бўлган касбларга ўқитилмоқда, чет элда бўлиши даврида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Агентлик билан ҳамкорлик келишувига эга иш берувчи ва рекрутинг агентликлари сони 162 тага етказилган. Хорижий иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатиш натижасида Ўзбекистон бозори учун 65 мингта бўш иш ўринлари аниқланган. Фуқароларни ташкилий танлов асосида вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича Россиянинг 26 та, Қозоғистоннинг 14 та, БАА ва Чехия Республикасининг 1 тадан иш берувчи корхоналари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган.
Агентлик ва унинг хориждаги 7 та ваколатхонасига 2020 йилда мурожаат этган 31 минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросига тегишли ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилган.
Шу билан бирга, депутатларнинг сайлов округларида аҳоли билан бўлган учрашувлари якунлари шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларнинг чет элга ишлаш учун ноқонуний йўллар билан чиқиб кетишга мажбур бўлаётганлиги, баъзи ҳолатларда бажарган ишига яраша уларга иш ҳақлари тўлиқ тўланмаётганлиги, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам етарли даражада кўрсатилмаётганлиги уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда чет элга ишлаш учун кетган мигрантларнинг сони 1 840 минг нафардан ортиқни ташкил этган бўлса-да, уларнинг атиги 11 минг нафари, яъни 0,6 фоизи Агентлик ёки хусусий бандлик агентликлари орқали юборилган, холос. Бу эса, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.
Шунингдек аксарият меҳнат мигрантлари Россия давлатида меҳнат қилаётган бўлса-да, бироқ у ерда Агентлик билан ҳамкорлик келишувига эга иш берувчи ва рекрутинг агентликлари сони фақат 69 тани ташкил этмоқда. Шунингдек Ўзбекистон бозори учун Россиянинг 121 та корхонасида 59,5 мингта бўш иш ўринлари аниқланган, холос.
Тақдим этилган ахборотда, Агентлик ва хорижий ваколатхоналарга мурожаат қилган жами 31 минг нафар фуқаронинг атиги 2 750 нафарига кўрсатилган ёрдам ҳақида маълумот келтирилган бўлиб, қолган 28 мингдан ортиқ мурожаатлар бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Жорий йилнинг биринчи чорагида 16 минг нафар фуқарони хорижда ишга жойлаштириш режалаштирилган бўлсада, Агентлик томонидан фақат 9 465 нафар фуқаро хорижда ишга жойлаштирилган.
Фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича, шу жумладан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини йўлга қўйиш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш каби вазифалар юзасидан тўлиқ маълумотлар келтирилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида»ги парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Хусанов томонидан юборилган ёзма жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш, меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига (Н. Хусанов):
фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш, уларни хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4829-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижга ишлашга кетишидан олдин касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиёти, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш тизими жорий қилиниши ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш юзасидан вазирлик томонидан олиб борилган ишлар тўғрисида жорий йил тўққиз ойи якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қўшимча маълумот киритиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасига (М. Ходжаева) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директорининг жорий йилнинг олти ойи якунлари бўйича мазкур масаладаги ҳисоботини қўмита йиғилишида эшитиш тавсия этилсин.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумот учун юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 19 апрель,
883-IV-сон