Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви
Қарори
Очиқ валюта позициясини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 7 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3301]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Очиқ валюта позициясини юритиш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 30 апрель,
8/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 30 апрелдаги 8/1-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Очиқ валюта позициясини юритиш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ва «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ очиқ валюта позициялари лимитларини, уларни ҳисоблаш ҳамда банклар томонидан очиқ валюта позициялари лимитларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатларини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
валюта позицияси — банкнинг чет эл валютасидаги талаб ва мажбуриятларининг ўзаро нисбатини ифодаловчи кўрсаткич бўлиб, у банкнинг чет эл валютаси олди-сотди операцияларини ҳамда бошқа операцияларни амалга ошириши натижасида чет эл валютасидаги талаблари ва мажбуриятлари миқдори ўзгариши оқибатида юзага келади;
очиқ валюта позицияси — банкнинг чет эл валютасидаги талаблари миқдори унинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари миқдорига мос (тенг) бўлмаган ҳолатдаги валюта позицияси;
узун валюта позицияси — банкнинг чет эл валютасидаги талаблари миқдори унинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари миқдоридан ортиқ бўлган ҳолатдаги очиқ валюта позицияси;
қисқа валюта позицияси — банкнинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари миқдори унинг чет эл валютасидаги талаблари миқдоридан ортиқ бўлган ҳолатдаги очиқ валюта позицияси;
очиқ валюта позициялари жами миқдори — барча турдаги чет эл валюталари бўйича очиқ валюта позициялари йиғиндиси;
қисқа валюта позициялари жами миқдори — барча турдаги чет эл валюталари бўйича қисқа валюта позициялари йиғиндиси;
узун валюта позициялари жами миқдори — барча турдаги чет эл валюталари бўйича узун валюта позициялари йиғиндиси;
банкнинг чет эл валютасидаги талаблари — банкнинг чет эл валютасидаги активлари ва «кўзда тутилмаган ҳолатлар» ҳисобварақларидаги талаблар;
банкнинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари — чет эл валютасидаги мажбуриятлар ва «кўзда тутилмаган ҳолатлар» ҳисобварақларидаги мажбуриятлар;
очиқ валюта позициялари лимитлари — ҳар бир турдаги чет эл валютаси бўйича очиқ валюта позициялари ва очиқ валюта позициялари жами миқдорининг банк регулятив капиталига нисбатини ўзида ифодаловчи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан ўрнатиладиган лимитлар;
«кўзда тутилмаган ҳолатлар» ҳисобварақларидаги талаб ва мажбуриятлар — чет эл валютасидаги ҳосилавий (дериватив) молиявий воситалари (фьючерс, форвард, своп, опционлар ва бошқалар) бўйича олди-сотди шартномалари тузилиши натижасида банкда юзага келадиган талаб ва мажбуриятлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Очиқ валюта позициясини ҳисоблаш тартиби
2. Қуйидагилар очиқ валюта позицияси ўзгаришига таъсир қилувчи операциялар ҳисобланади:
чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
чет эл валютасидаги даромадларни ҳисоблаш;
чет эл валютасидаги харажатларни ҳисоблаш;
ҳисоб-китобларни амалга ошириш усули ва шаклидан қатъий назар чет эл валютасидаги ҳосилавий (дериватив) молиявий воситалари (фьючерс, форвард, своп, опционлар ва бошқалар) билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш натижасида чет эл валютасида юзага келувчи талаб ва мажбуриятлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
чет эл валютасида амалга ошириладиган бошқа операциялар (чет эл валютасида харид қилинган активлар ҳамда валюта қимматликлари билан боғлиқ бошқа битимлар, башарти ушбу битимлар шартларига мувофиқ у ёки бу кўринишда чет эл валютаси айирбошланиши (конверсияси) кўзда тутилган бўлса).
3. Очиқ валюта позицияси ҳисоб-китоби ҳар бир чет эл валютаси учун ҳар бир операция куни якуни бўйича ҳисобот санасидаги Марказий банк томонидан ўрнатилган чет эл валютаси курсининг миллий валютадаги эквивалентида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Очиқ валюта позициясини ҳисоблашда банкнинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари миқдори унинг чет эл валютасидаги талаблари миқдори билан таққосланади. Бунда қисқа валюта позицияси «-» белгиси билан, узун валюта позицияси «+» белгиси билан кўрсатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Очиқ валюта позициясининг ҳақиқатдаги жами миқдори барча қисқа ва узун валюта позициялари жами миқдорларини алоҳида ҳисоблашда ҳамда барча очиқ валюта позицияларини ҳисоблашда аниқланади.
Миллий валютадаги баланслаштирувчи позицияни ҳисоблаш учун жами узун валюта позицияларининг миллий валютадаги ҳақиқатдаги қиймати ва жами қисқа валюта позицияларининг миллий валютадаги ҳақиқатдаги қиймати ўртасидаги фарқ олинади. Жами узун позиция йиғиндиси (шу жумладан, миллий валютадаги баланслаштирувчи позиция, агар у узун позиция бўлса) ва жами қисқа позиция йиғиндиси (шу жумладан, миллий валютадаги баланслаштирувчи позиция, агар у қисқа позиция бўлса) ўзаро тенг бўлиши лозим.
6. Очиқ валюта позицияси ҳисоб-китобида банкнинг чет эл валютасидаги талаб ва мажбуриятлари миқдори «Валюталар савдоси ва валюта позициялари» ҳамда «Кўзда тутилмаган ҳолатлар» ҳисобварақларидаги қолдиқ асосида аниқланади. Ушбу ҳисобварақларда валюта олди-сотдиси ва бошқа валюта қимматликлари билан боғлиқ операцияларга оид битимларда, шу жумладан битим шартларига кўра, у ёки бу шаклда чет эл валютасини айирбошлаш (конверсия) назарда тутилган операциялардаги миқдор ҳисоби юритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Очиқ валюта позицияси чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотишга доир битимлар тузилган санада, шунингдек чет эл валютасидаги фоиз даромадлари (харажатлар) ҳисобланган ва чет эл валютасидаги бошқа даромадлар (харажатлар) ҳисобвараққа киритилган (ҳисобдан чиқарилган) санада юзага келади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. Очиқ валюта позициялари лимитлари
8. Банкларнинг миллий валютанинг чет эл валюталарига нисбатан қиймати ўзгариши билан боғлиқ бўлган валюта таваккалчилигини чеклаш мақсадида Марказий банк бошқарувининг қарори билан банклар учун очиқ валюта позициясининг қуйидагилар бўйича лимитлари белгиланади:
ҳар бир турдаги чет эл валютаси;
очиқ валюта позицияларининг жами миқдори;
қисқа валюта позициялари жами миқдори;
узун валюта позициялари жами миқдори.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Белгиланган лимитлардан ошган очиқ валюта позицияларининг кейинги операция кунига ўтказилишига йўл қўйилмайди. Очиқ валюта позициялари белгиланган лимитлардан ошган тақдирда, банк томонидан очиқ валюта позицияларини ўрнатилган лимитларгача қисқартириш мақсадида жорий операция куни якунига қадар тегишли баланслаштирувчи операцияларни амалга ошириши лозим.
4-боб. Очиқ валюта позициялари лимитларига риоя этилишини назорати ва банкларнинг ҳисоботи
10. Банклар томонидан очиқ валюта позициялари лимитларига риоя этилиши назорати ҳар бир операция куни якуни бўйича консолидациялашган тартибда амалга оширилади.
11. Банклар ўз филиаллари учун очиқ валюта позициялари лимитларини мазкур Қоидаларга мувофиқ мустақил тарзда белгилайди ва бу ҳақда уларни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Лимитларни филиаллар ўртасида операция куни давомида қайта тақсимлашга йўл қўйилади.
12. Банкларнинг очиқ валюта позициялари устидан назорат Марказий банк томонидан қуйидагилар асосида амалга оширилади:
ҳар бир банк иш куни учун тақдим этиладиган очиқ валюта позициялари тўғрисидаги маълумотлар;
Марказий банк томонидан ўтказилган инспекция (текшириш) натижасида олинган маълумотлар;
банклар ҳисобварақларининг кунлик мониторинги.
13. Банк очиқ валюта позициялари лимитларига риоя этмаган тақдирда, Марказий банкка унинг сабаблари ҳамда ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан банк томонидан кўрилган чораларга оид изоҳни тақдим этиши шарт.
14. Очиқ валюта позицияси ҳолати тўғрисидаги ҳисобот банк томонидан бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тузилади.
Ҳисоботда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
ҳар бир турдаги чет эл валютаси бўйича Марказий банк томонидан ўрнатилган курс бўйича чет эл валютасининг миллий валютадаги эквиваленти асосида шакллантирилган очиқ валюта позициялари (узун ёки қисқа) ва мазкур позицияларнинг банк регулятив капиталига фоиз нисбати;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тегишли баланслаштирувчи операцияларни амалга ошириш натижасида баланслашган валюта позицияси (миллий валютада);
барча очиқ валюта позициялари йиғиндиси ва унинг банк регулятив капиталига фоиз нисбати.
5-боб. Якуний қоида
15. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 30 апрелдаги 8/1-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
рўйхати
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2005 йил 28 майдаги 610-сон «Очиқ валюта мавқеини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 1497, 2005 йил 15 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 28-29-сон, 215-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2015 йил 22 августдаги 610-1-сон «Очиқ валюта мавқеини юритиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 1497-1, 2015 йил 4 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 35-сон, 472-модда).
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2017 йил 23 сентябрдаги 26/8-сон «Очиқ валюта мавқеини юритиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 1497-2, 2017 йил 10 октябрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.10.2017 й., 10/17/1497-2/0085-сон).
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 8 сентябрдаги 29/8-сон «Очиқ валюта мавқеини юритиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 1497-3, 2018 йил 11 октябрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2018 й., 10/18/1497-3/2041-сон).
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2021 й., 10/21/3301/0451-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 24.09.2025 й., 10/25/3301-1/0866-сон; 26.08.2026 й., 10/26/3301-2/0872-сон)