Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг 2021 йил 13 январдаги «Уйчи туман ҳокимининг 2012 йил 12 мартдаги 217-сонли, 2015 йил 19 ноябрдаги 1140-сонли, халқ депутатлари туман Кенгашининг 2020 йил 20 мартдаги 14/03-06-сонли, туман ҳокимининг 2020 йил 25 мартдаги 222-сонли қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида»ги 86/22-06-сонли қарорини ўрганиш натижалари ҳақида
Наманган вилояти Уйчи туманидаги «Дедамирза Тожиддин» фермер хўжалигига ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорларнинг халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг 2021 йил 13 январдаги 86/22-06-сонли қарори билан бекор қилинганлиги ҳолати Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Уйчи тумани ҳокимининг 2012 йил 12 мартдаги 217-сонли қарорига асосан «Дедамирза Тожиддин» фермер хўжалигига 47,5 гектар ер майдони ажратилган ҳамда 2015 йил 19 ноябрдаги 1140-сонли қарори билан ер майдони оптималлаштирилиб, жами 53,1 гектарни ташкил этган.
Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ тарафлар ўртасида ер ижара шартномаси тузилмаган.
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг:
5-моддасида ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) қонун ҳужжатларида белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олиши, бу мажбурият ер участкасини ижарага олиш шартномасида мустаҳкамлаб қўйилиши;
7-моддасида фермер хўжалиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ташкил этилган деб ҳисобланиши ҳамда унинг муассиси ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида шартнома тузиши;
11-моддасида эса ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланиши белгиланган.
Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ:
ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин;
томонлар ўртасида низо мавжуд бўлганда ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилади.
Шунга қарамасдан, амалдаги қонунчиликка зид равишда туман ҳокимининг 2012 йил 12 мартдаги 217-сонли ҳамда 2015 йил 19 ноябрдаги 1140-сонли «Дедамирза Тожиддин» фермер хўжалигига ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорлари халқ депутатлари туман Кенгашининг 2021 йил 13 январдаги қарорига асосан бекор қилинган.
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ давлат фермер хўжаликларининг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Давлат органлари фермер хўжаликларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишлари шарт.
Шу билан бирга, ўрганишлар натижасида Наманган вилояти прокуратураси, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Уйчи тумани адлия бўлими ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши вакилларининг тақдим этган маълумотларида ҳам мазкур масала юзасидан қабул қилинган ҳужжатларда қонунчилик талаблари бузилганлиги қайд этилган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 302-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг 2021 йил 13 январдаги «Уйчи туман ҳокимининг 2012 йил 12 мартдаги 217-сонли, 2015 йил 19 ноябрдаги 1140-сонли, халқ депутатлари туман Кенгашининг 2020 йил 20 мартдаги 14/03-06-сонли, туман ҳокимининг 2020 йил 25 мартдаги 222-сонли қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида»ги 86/22-06-сонли қарори қонунчиликка зид деб топилсин ва бекор қилинсин.
2. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Б. Тажиев) зиммасига юклансин.
3. Мазкур Қарор манфаатдор томонларга юборилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 24 апрель,
СҚ-284-IV-сон