Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 ноябрдаги «Боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида»ги СҚ-179-IV-сонли Қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 ноябрдаги 490-сонли фармойиши билан Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини комплекс ўрганиш, юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш ва соҳани тартибга солиш юзасидан республика ишчи гуруҳи тузилиб, умумий майдони 6 140 гектар бўлган 730 та ширкатнинг умумий ҳолати ўрганилган.
Бироқ тақдим этилган маълумотлар парламент сўровидаги қатор масалалар бўйича масъулият билан иш олиб борилмаганлигини ва натижада соҳадаги долзарб масалалар ўз ечимини топмаганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, ширкатлар фаолиятидаги асосий камчиликлар уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари билан боғлиқ бўлса-да, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ишлари талаб даражасида амалга оширилмаган. Бунинг оқибатида ҳозирги кунга қадар:
ширкатлар ҳудудида қурилган иморатларни турар жой тоифасига ўтказишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилмаган;
ширкатлар мақоми ва фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, уларга ер участкалари бериш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ва шартлари такомиллаштирилмаган;
ширкат раисини сайлаш тартиби ва унинг ваколатлари доираси аниқ белгиланмаган.
Бундан ташқари, ширкатлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларидаги камчиликлар қуйидаги тизимли муаммоларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда:
ширкат аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқариш бўйича белгиланган тартибга риоя қилинмаганлиги оқибатида ширкатлар ҳудудидаги мавжуд 74 мингдан зиёд ер участкасининг 11 мингга яқинидан турар жой сифатида, 400 га яқинидан нотурар жой сифатида ноқонуний равишда фойдаланиб келинмоқда;
жами 74 минг ер участкасидан атиги 38 мингтасига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган, қолган 36 мингтасининг аксариятида бино-иншоотлар мавжуд бўлса-да, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган. Кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ер участкаларининг ярми (19 мингга яқини) давлат рўйхатидан ўтказилмаган;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва самарасиз фойдаланилаётган ер участкаларини захирага қайтариш тизими, ширкатлар ҳудудидаги уй-жойларга коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатишда ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги, ички йўллар ва кўчаларни таъмирлаш ишлари олиб борилмаётганлиги, амалиётда турлича ёндашувлар мавжудлиги сабабли муаммолар вужудга келган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ширкатларнинг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровидаги масалаларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан талаб даражасида иш олиб борилмаганлиги, соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
ширкатларни ҳамда уларнинг ҳудудида қурилган объектларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
ширкат бошқаруви аъзоларини сайлаш ва ширкатнинг бошқарув фаолиятини амалга ошириш;
ширкат аъзолигига қабул қилиш, ундан чиқариш ва ширкат ҳудудидаги ер участкаларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилсин ҳамда мазкур банд ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Тажиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 24 апрель,
СҚ-287-IV-сон