LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқ хўжалигига ишлаб чиқариш-техника хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш, тракторлар, машиналар ва механизмларнинг мавжуд паркидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг республиканинг барча туманларида 1-иловага* мувофиқ машина-трактор паркларини ташкил этишни асосан 1997 йилда тугаллаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари машина-трактор парклари ташкил этиш бўйича ишларни ташкил қилиш ва уларга берилган техника воситаларидан юқори унум билан фойдаланиш учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсинлар.
2. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари машина-трактор паркларида биринчи навбатда ҳайдов тракторлари ва плугларни, ғалла, шоли ва ем-хашак ўриш-йиғиш комбайнларини, уларни хўжаликлардан шартнома нархларида сотиб олган ёки узоқ муддатли ижарага олган ҳолда жамласинлар, бунда сотиб олинаётган техниканинг ресурсига, техник ҳолатига ва иш унумига алоҳида эътиборни қаратсинлар.
«Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси олинадиган барча янги тракторлар, ғалла ўриш комбайнлари ва пахта териш машиналарини бутлаш учун машина-трактор паркларига юборсин.
1997 йилда сотиб олинадиган 400 та «Магнум–7240» трактори ва 200 та «Кейс» комбайни машина-трактор парклари бўйича 2-иловага* мувофиқ тақсимлансин.
3. Техникани тайёрлаш, эҳтиёт қисмлар ва тузатиш материаллари етказиб беришга доир вазифаларни оператив ҳал этиш учун туманларда «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитасининг туман бўлинмалари ва уларнинг таркибий тузилмалари негизида акционерлик ва бошқа хўжалик жамиятларининг қишлоқ хўжалигига ишлаб чиқариш техника хизмати кўрсатиш бўйича уюшмаларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин. Шу сабабли «Ўзтехчорвасервис» республика бирлашмаси ва вилоятлардаги тегишли хизматлар тугатилсин.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 19 мартдаги 152-сонли қарорига мувофиқ 3-банднинг туманларда қишлоқ хўжалигига ишлаб чиқариш техника хизмати кўрсатиш бўйича акционерлик ва бошқа хўжалик жамиятларининг уюшмаларини ташкил этишга тегишли қисми ўз кучини йўқотган.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 1997 йилда янгидан ташкил этиладиган машина-трактор паркларига замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси, шунингдек уларга эҳтиёт қисмлар сотиб олиш ва уларни янгилаш учун зарур айланма маблағлар ажратсин.
5. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 1995-1996 йилларда машина-трактор паркларининг тўпланган иш тажрибасини ҳисобга олиб Машина-трактор паркларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тўғрисидаги Низомга ва Механизациялаштирилган ишлар бажарилганлиги учун хўжаликлар билан ҳисоб-китоб қилиш Тартибига бир ой муддатда аниқликлар ва ўзгартиришлар киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компанияси ва Молия вазирлиги Деҳқончилик саноати мажмуини лизинг асосида машинасозлик маҳсулотлари билан таъминлаш тартибини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
7. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси машина-трактор парклари хўжаликларга шартнома нархларида хизматлар кўрсатажагини ўз таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларга маълум қилсинлар. Иқтисодий жиҳатдан асосланмаган (монопол) нархлар (хизматларга тарифлар) қўлланилган тақдирда уларга нисбатан рақобат ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 майдаги 152-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 23-сон, 302-модда)
8. Қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер хўжаликлари ва бошқа хўжаликларнинг раҳбарларига машина-трактор паркларига ишга ўтган механизаторлар ва бошқа ходимларга томорқа участкаси, яйловлардан фойдаланиш, коммунал хизматлар, мазкур хўжаликда бажарилган ишлар ҳисобига натурада ҳақ тўлаш бўйича имтиёзларни сақлаб қолиш тавсия этилсин.
9. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси «Кейс-корпорейшн» корпорацияси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда ушбу корпорациянинг ҳамда тракторлар ва қишлоқ хўжалиги машиналари етказиб берувчи бошқа хорижий фирмаларнинг қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизмати кўрсатиш бўйича техник марказлар ташкил этсин.