Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтказиладиган «ҳукумат соати» тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтказиладиган навбатдаги «ҳукумат соати»да муҳокама қилиш учун сиёсий партияларнинг фракциялари томонидан тавсия этилган масалаларни кўриб чиқиб ҳамда мамлакатимиздаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бугунги кундаги ҳолатини, хорижий давлатларнинг тажрибасини ҳисобга олиб, замонавий автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича саволлар юбориш таклифи илгари сурилганлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2021 йил 6 апрель куни ўтказилиши режалаштирилган «ҳукумат соати»да Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва транспорт вазирига мамлакатимиздаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бугунги кундаги ҳолати, шунингдек хорижий давлатларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда замонавий автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан саволларни юбориш тўғрисида «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан билдирилган таклиф маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» ДП фракциясига (А. Кадиров), Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига (В. Мураткабилов) «ҳукумат соати»ни ҳар томонлама самарали ҳамда юқори савияда ташкил этиш юзасидан пухта тайёргарлик кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. Таджиев ҳамда Қонунчилик палатаси Девони раҳбари М. Миралимов ушбу тадбирни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти, Facebook ва Youtube Интернет платформаларида тўғридан-тўғри узатиб бориш билан боғлиқ зарур чораларни кўрсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 23 март,
799/1-IV-сон