Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА КИЧИК ГИДРОЭНЕРГЕТИКАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 сентябрдаги 743-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 18 майдаги ПФ-5044-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 18 майдаги ПҚ-2972-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика дарёлари, сув оқимлари ва барпо этилган гидротехника иншоотларининг гидроэнергетика имкониятларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ жойларнинг электр таъминотини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасида кичик гидроэнергетикани ривожлантириш дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*1-илова берилмайди.
2. Ўзбекистонда кичик гидроэнергетикани ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича 2-иловага* мувофиқ республика комиссияси тузилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
* 2-илова берилмайди.
3. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 1996 — 2000 йилларга капитал қурилиш прогнозини тузишда Дастурни амалга ошириш учун, корхоналар ва ташкилотлар, хусусий сармоя маблағлари, қайта инвестиция қилинган маблағлар, шунингдек хорижий инвесторларнинг маблағлари жалб этилишини ҳисобга олган ҳолда, зарур маблағлар устувор тартибда ажратилишини назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар ва корхоналар билан биргаликда икки ой мобайнида республика корхоналарида гидро куч ускуналари ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш дастурини ишлаб чиқсин ва зарурат бўлганда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлигининг гидроэлектр станциялари томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергиясига ҳақ тўлаш энергия билан таъминловчи ташкилотлар билан тузилган икки томонлама шартномалар асосида умуман энергетика тизими бўйича электр энергиясининг ўртача сотиш нархи доирасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги гидроэнергетика станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишдан олинадиган маблағ қайта инвестициялаш тартибида кичик гидроэнергетикани ривожлантиришга йўналтирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги кам ўрганилган табиий сув оқимларининг гидроэнергетика имкониятларидан фойдаланиш схемасини ишлаб чиқсинлар ва 1996 йил декабрь ойида уни амалга оширишга оид таклифларни киритсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги Писком дарёсида гидроузелнинг техник-иқтисодий асосланиши 1997 йил 1 июлгача пухта ишлаб чиқилишини таъминласин ва уни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 28 декабрь,
476-сон