Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2017 йил 27 июндаги «Қарши шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 майдаги Х-379/5-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида»ги 88/19-5-сонли қарорини ўрганиш натижалари ҳақида
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри «Қарлуқбоғот» маҳалла фуқаролар йиғини «Қуйибоғ» кўчаси 51-уйда яшовчи фуқаро Хайдарова Гулноза Рўзибоевнанинг халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2017 йил 27 июндаги 88/19-5-сонли қарорини (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) бекор қилиш юзасидан мурожаати Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижалари кўрсатганидек, Қарор билан Қарши шаҳар ҳокимининг хусусийлаштириш натижасида фуқаро Г. Хайдаровага уй-жой бериш тўғрисидаги 2011 йил 20 майдаги Х-379/5-сонли қарори бекор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 164-моддасида мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатлиги, мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги, 166-моддасида мулкнинг дахлсизлиги ва қонун билан қўриқланиши, 197-моддасида мулк ҳуқуқи мулкдорнинг ихтиёрий суратда мажбуриятни бажариши, мулкдорнинг мол-мулк тақдирини ҳал қиладиган бир томонлама қарор қабул қилиши, суд қарори асосида мол-мулкни олиб қўйиш (сотиб олиш) йўли билан, шунингдек мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлиши, 210-моддасида давлатга қарашли уй-жой (квартира)га мулк ҳуқуқи қонунчиликда назарда тутилган хусусийлаштириш тартибида вужудга келиши белгиланган.
Шунингдек, «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига асосан фуқароларнинг алоҳида уй, квартира ва хонага бўлган эгалик ҳуқуқи турар жой қиймати тўлиқ тўланган (сотиб олинган) ва ордер олинган пайтдан бошланади.
Ушбу Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ эса, давлат уй-жой фонди квартираларини, уйларини (уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришда юзага келадиган низолар суд томонидан ҳал қилинади.
«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига асосан давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бекор қилиш ваколати берилмаган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 302-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2017 йил 27 июндаги «Қарши шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 майдаги Х-379/5-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида»ги 88/19-5-сонли қарори қонунчиликка зид деб топилсин ва бекор қилинсин.
2. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Н. Умаров) зиммасига юклансин.
3. Мазкур Қарор манфаатдор томонларга юборилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-254-IV-сон