Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5584-сон Фармонига мувофиқ ҳамда республика аэропортларида йўловчиларга ва авиаташувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Белгилаб қўйилсинки, республика аэропортларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш, реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган кундан бошлаб:
а) тўрт йилгача (қурилиш даврида) муддатга хусусий шериклар, улар томонидан жалб қилинадиган лойиҳа ташкилотлари, операторлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва субпудратчилар:
олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси, машиналар, механизмлар, ускуналар, хом ашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, узеллар, технологик ва лойиҳа ҳужжатлари, дастурий таъминот, жиҳозлар, шу жумладан, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлашга мўлжалланган махсус йўл-қурилиш техникаси ва ускуналари учун божхона божидан;
олиб кириладиган транспорт воситалари (енгил автомобиллардан ташқари) ва махсус техника учун утилизация йиғимидан озод қилинади;
б) уч йил муддатга хусусий шериклар ва аэропортлар мол-мулк солиғини, фойда солиғини, шу жумладан, дивиденд тўлашда ушлаб қолинадиган фойда солиғини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди;
в) лойиҳа ишга туширилган кундан бошлаб қўшимча 1 йил давомида дефекти аниқланган машиналар, механизмлар, ускуналар, хом ашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, узеллар, технологик ва лойиҳа ҳужжатлари, дастурий таъминот, жиҳозлар ва махсус техникалар божхона божидан озод қилинади;
г) импорт қилинадиган технологик (махсус) транспорт воситаларининг мувофиқлиги баҳоланишини, уларнинг тури ва миқдоридан қатъи назар, ҳар бир бирлигини сертификатлаштириш орқали амалга оширилади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПҚ-353-сонли қарори таҳририда)
2. Транспорт вазирлиги «Uzbekistan Airports» АЖ билан биргаликда:
Олдинги таҳрирга қаранг.
республика аэропортларини қуриш, реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга оширишга давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш ва салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш чораларини кўриб борсин;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПҚ-353-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат-хусусий шериклик асосида қуриш, реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳалари амалга ошириладиган аэропортларда халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишлар бўйича чекловларнинг ўрнатилган тартибда бекор қилинишини кўзда тутувчи «Очиқ осмон» режими жорий этилишини таъминласин.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПҚ-353-сонли қарори таҳририда)
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 29 март,
ПҚ-5042-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.03.2021 й., 07/21/5042/0252-сон)