Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2020 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитиб ва муҳокама қилиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ўз навбатида, 2020 йил 7 августда ички ишлар вазирининг 2020 йилнинг 6 ойида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Қарори қабул қилинган.
Мазкур Қарордаги барча топшириқлар муддатида бажарилиши таъминланган ва бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги томонидан ахборот киритилган.
Ўтган 2020 йилда республикада жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида Ички ишлар вазирлиги томонидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда бир қатор самарали ишлар амалга оширилган.
Хусусан, 2020 йилда содир этилган умумий жиноятларнинг 92,6 фоизи (57 499 таси) фош этилган, қидирувдаги 2 446 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 436 нафар шахс топилган.
Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган самарали тадбирлар натижасида иқтисодиёт ҳамда бошқарув тартиби ва одил судлов соҳасида 1 064 нафар шахс томонидан содир этилган 849 та жиноят аниқланиб, улар оқибатида етказилган 135,6 млрд. сўм миқдоридаги зарар ундирилиши таъминланган.
Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан аниқланган жиноятлар 2020 йилда қайд этилган жами жиноятларнинг 34 фоизини (20 994 та) ташкил этган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кўрилган чоралар натижасида кўп содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 104 та «ўчоғи» бартараф этилган.
Автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларида 18 885 та йўл белгиси ўрнатилган, 25 240 та эскирган йўл белгиси янгисига алмаштирилган, 12 млн. кв.м ортиқ йўл қатнов қисми таъмирланган ва 384 та пиёда йўлагида шовқин чиқарувчи чизиқлар чизилган.
Натижада 2020 йилда умумий йўл-транспорт ҳодисалари 13,7 фоизга (8092/6982), уларда вафот этганлар сони 6,3 фоизга (2094/1962) камайишига эришилган.
Ички ишлар органлари ходимлари кундалик ҳаётда бевосита фуқаролар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг хатти-ҳаракатлари аҳолининг кайфиятига таъсир кўрсатади.
Шу сабабли Қашқадарё (Чироқчи тумани) ва Андижон (Андижон шаҳри) вилоятларида ходимлар томонидан содир этилган қийноқ билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўймаслик, ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик мақсадида 485 та алоҳида махсус сўровхона ташкил этилиб, олиб келинган фуқаро билан мазкур хоналарда суҳбат ўтказилиши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, бевосита маҳалланинг ўзида хавфсиз, жиноятдан холи муҳит яратиш мақсадида «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти қайта кўриб чиқилган.
Жами 9 168 та маҳаллада криминоген вазият таҳлил қилиниб, маҳаллалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган. Натижада 2020 йилда 4 488 та маҳаллада (49 фоиз) жиноятлар содир этилмаган, 1 551 тасида (17 фоиз) жиноятлар камайган.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 14 774 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган.
Бироқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаганлиги ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.
Хусусан, 2020 йилда содир этилган умумий жиноятлар сони 62 081 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 182,4 тадан тўғри келган.
Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрига 334,6 тадан, Фарғона вилоятига 290,8 тадан, Тошкент вилоятига 246 тадан, Сирдарё вилоятига 197,8 тадан ва Навоий вилоятига 194,2 тадан тўғри келиб, республика миқёсида салбий кўрсаткич қайд этилган.
Олди олиниши мумкин бўлган 406 та қотиллик, 7 234 та тан жароҳати етказиш, 192 та босқинчилик, 1 565 та безорилик, 8 164 та ўғрилик, 10 496 та фирибгарлик жинояти содир этилишига йўл қўйилган.
Пандемия даврида узоқ муддатга хорижий давлатларга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқароларининг 406 532 нафари яшаш манзилларига қайтарилган, бироқ уларнинг аксариятини иш билан таъминлашда қийинчиликлар кузатилган.
Бундан ташқари, 9 мингдан ортиқ (9 598 нафар) ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатди.
Айниқса, Тошкент шаҳар, Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ушбу кўрсаткич салмоғи юқорилигича қолган.
Маҳаллаларда «Жамоатчилик назорати масканлари» имкониятларидан самарали фойдаланиш, аҳолини огоҳликка чақириш йўналишидаги ишлар мунтазам равишда олиб борилмаган.
Оқибатда ўғрилик жинояти содир этган шахснинг ҳар ўнинчиси доимий иш жойига эга бўлган шахслар томонидан содир этилган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан муаммоларни бевосита маҳаллалар кесимида ўрганилмаганлиги оилалардаги иқтисодий-ижтимоий аҳволнинг бирмунча мураккаблашишига, айрим ҳолларда оила-турмуш замирида оғир жиноятлар содир этилишига сабаб ҳам бўлган.
Хусусан, 2020 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси ёки 143 таси (35,2 фоизи), оғир тан жароҳати етказиш жиноятининг 192 таси (17,8 фоизи) оилавий муносабатлар доирасида содир этилган.
Оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 379 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг 50 фоиздан ортиғи (7 264 таси) Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Уз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси (3 829 тадан 600 таси, 15,6 фоизи) айнан ўз вақтида ҳал этилмаган оилавий келишмовчиликлар туфайли содир этилган.
Мазкур жиноят ва ҳодисаларнинг аксариятини ўз вақтида олдини олиш чоралари мавжуд бўлган бўлса-да, бунга жойлардаги мутасадди ҳокимлар, сектор раҳбарлари томонидан жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда олиб борилиши лозим бўлган чора-тадбирларга етарли эътибор қаратилмаган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмаслиги оқибатида 2020 йилда 5 774 нафар хотин-қиз томонидан 5 520 та жиноят, яъни 38 та қотиллик, 79 та оғир тан жароҳати етказиш, 623 та ўғрилик, 1 134 та фирибгарлик, 125 та гиёҳвандлик жинояти содир этилган.
Жиноятларни ўз вақтида фош этиш борасидаги тадбирлар етарли ташкил этилмаганлиги оқибатида 2020 йилда содир этилган жиноятларнинг 4 582 таси ёки 7,4 фоизи фош этилмасдан қолган.
Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида ўтган йили қайд этилган жами жиноятларнинг 14 378 таси (23,2 %) айнан ёшлар томонидан содир этилган.
Жиноятга қўл урган 16 915 нафар ёшларнинг 1 375 нафарини хотин-қизлар, 397 нафарини олий ўқув юрти талабалари, 4 052 нафарини бандлиги таъминланмаган, таълим билан қамраб олинмаган ёшлар ташкил этган.
Ёшлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 56,3 фоизи Тошкент шаҳри (9,6 фоиз), Тошкент (9,7 фоиз), Фарғона (21,2 фоиз), Бухоро (8,5 фоиз) ва Наманган (7,4 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келиб, салмоғи юқорилигича қолган.
Мактабларда йўлга қўйилган «давомат тадбирлари» имкониятларидан самарали фойдаланиш, аҳолини огоҳликка чақириш йўналишидаги ишлар мунтазам равишда олиб борилмаган.
Бунинг оқибатида вояга етмаганлар жиноятларининг салмоқли қисми ёки 59,2 фоизи Фарғона (29,6 фоиз), Тошкент (12,7 фоиз), Наманган (8,5 фоиз) ва Бухоро (8,4 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ҳамда жамоат тартибига қарши жиноятларга қаратилган тадбирлар етарли даражада амалга оширилмаганлиги сабабли жамоат жойларида содир этилган безорилик жиноятларининг салмоғи юқорилигича қолган.
Хусусан, республика бўйича содир этилган шу турдаги жиноятларнинг 60 фоизи Тошкент шаҳри (17,3 фоиз), Наманган (16 фоиз), Тошкент (14 фоиз) ва Фарғона (13 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, ички ишлар органларида шахсий таркиб билан ишлаш борасида амалга оширилган ижобий ишларга қарамасдан, ходимларнинг 6 837 нафари хизмат интизомини бузиш ҳолатига йўл қўйган бўлса, 134 нафари эса жиноятга қўл урган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов):
фош этилмаган 4 582 та жиноят бўйича тезкор-қидирув ишларини жадаллаштириб, уларни қисқа муддатда фош этишга алоҳида эътибор қаратсин;
тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига нисбатан, айниқса оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳар бир жиноятнинг сабабларини ўрганиб, олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиласин;
жиноят камайишига эришилмаган маҳаллаларда уйма-уй юриб, профилактик ҳисобда турган шахслар, нотинч оилалар ва уюшмаган ёшлар билан профилактик ишлар тизимли олиб борилишини таъминласин;
масъул вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда хотин-қизлар, ёшлар, айниқса бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўрсин;
олий ўқув юрти талабалари ва вояга етмаганлар орасида жиноятчиликни барвақт олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликлари билан узвий ҳамкорлигини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиласин;
хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида комплекс ишларни амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;
содир этилган жиноятлар, шу жумладан, қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари юзасидан хизмат текширувларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказиш, жиноятнинг асл сабабларини аниқлаш, ходимларнинг ҳаракат ёки ҳаракатсизлигига баҳо берган ҳолда уларга нисбатан қатъий чоралар кўрсин;
йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилишига имкон яратаётган шарт-шароитларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;
ички ишлар органларига келтирилаётган барча шахслар билан суҳбатларни қатъий равишда «Сўровхона»ларда ўтказилишини таъминласин;
жиноятлар кўп содир бўлаётган соҳаларни таҳлил қилиб, мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жиноятларни тизимли муҳокама қилиш чораларини кўрсин;
2021 йил 1 июнга қадар ички ишлар органлари шахсий таркибини узлуксиз ўқитиш бўйича замонавий тизимни жорий этиш. Бунда ҳар бир ходимни юқори лавозимга тайинлаш ёки катта офицерлик унвонини бериш учун малака ошириш ва касбий тайёрлаш курсларида ўқитишни назарда тутиш, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларини узлуксиз қайта тайёрлаш учун кундузги, сайёр, масофавий ва кечки малака ошириш таълим шаклларини ташкил этсин;
2021 йил 1 июлга қадар маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича фуқароларнинг ортиқча овора бўлишининг олдини олиш, соҳа ходимларининг вақтини тежаш, ўз вақтида ва тезкорлик билан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида маъмурий иш юритувни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш чораларини кўрсин;
йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, коррупцияга имкон берувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўрсин. Бунда автомототранспорт воситалари ва улар эгаларининг тарихини акс эттирувчи электрон базани яратган ҳолда, ҳайдовчидан талаб этиладиган ҳужжатларни электрон шаклга босқичма-босқич ўтказиш ҳамда нотариуслар томонидан автомототранспорт воситасини бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартномани «ягона дарча» тамойили асосида расмийлаштириш ва ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олиш жараёнларини жамоатчилик томонидан кузатиш имконини яратиш назарда тутилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р. Маматов) билан биргаликда оилавий келишмовчиликлар туфайли содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасига келган оилаларни яраштириш йўналишида тизимли ишларни мунтазам равишда олиб борсин. Бу борада профилактика инспекторларининг фуқаролар йиғинлари раислари билан узвий ҳамкорлигини кучайтириш чораларини кўриш, айниқса, шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қаратилган, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларни барча маҳаллаларда бирдек ташкил этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) Миллий гвардия (Р. Джураев), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р. Маматов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
бир ой муддатда маҳаллалардаги криминоген вазиятдан келиб чиқиб, уларни «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратсин;
«қизил» ва «сариқ» тоифадаги маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик эҳтимоли юқори объектлар (бозор, кўнгилочар масканлар ва бошқа), жиноят содир этишга мойил шахслар (ишсиз, ичкиликка ружу қўйган, гиёҳванд, тажовузкор руҳий касал) тоифасига қараб, «жиноят ўчоқлари»ни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқсин;
аҳоли осойишталигини таъминлаш ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизим жорий қилсин. Бунда жиноятчиликни «маҳаллабай» ўрганиш, аниқланган ижтимоий-маиший муаммоларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлашни мунтазам равишда мониторинг қилиш ишларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратсин;
2021 йил 1 июнга қадар криминоген вазият оғир маҳаллаларда муаммоларни «маҳаллабай» ва «оилабай» аниқлаб, уларни ҳал этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича «ижтимоий профилактика» тизимини жорий этсин;
мунтазам равишда ёшлар ва аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кўламини кенгайтириш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этишда «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»га киритилган шахслар билан манзилли ишлаш, уюшмаган ёшларни спортга кенг жалб қилиш, улар ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва маданиятини юксалтириш учун «маҳаллабай» чора-тадбирларини белгиласин.
5. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов):
2021 йил 1 майга қадар профилактик ҳисобга олинадиган шахслар рўйхатини қисқартириш бўйича қонунчиликка таклифлар киритсин. Бунда такроран содир этилган тақдирда жиноятни келтириб чиқарадиган 7 турдаги ҳуқуқбузарлик бўйича профилактик назорат ўрнатиш тартибини жорий этсин;
2021 йил 1 майга қадар жиноятларни давлат идораларининг ўзида, шунингдек, «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш ва натижаларини оммавий ахборот воситалари, Интернет ва медиа ресурслар орқали кенг оммага етказиш мезонлари, тартиби ва механизмларини, шунингдек, бу борада давлат идоралари раҳбарлари ҳамда вилоят ҳокимларининг масъулиятини кучайтиришни;
профилактика инспекторларига уларнинг бевосита хизмат мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган топшириқларни беришни тақиқлашни ва уларнинг хизмат вазифаларини оптималлаштириш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш орқали уларнинг салоҳиятини оширишни;
қурилиши ёки қайта қурилиши режалаштирилаётган уй-жой, савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар ва бошқа оммавий хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича шароит яратиш мажбуриятини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган қатъий чоралар кўриб борсин.
Бунда асосий эътиборни ёшлар ва аёллар муаммоларини таҳлил қилиб бориш ва тизимли ҳал этишда «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»га киритилган шахслар билан манзилли ишлаш, улар ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш учун «маҳаллабай» чора-тадбирларини белгиласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), Миллий гвардияси (Р. Джураев), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р. Маматов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу Қарор ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотларни қарорда кўрсатилган муддатларда, якуний маълумотларни эса жорий йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси (К. Бурханов) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-245-IV-сон