Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАРКАЗИЙ ОСИЁ ТАДҚИҚОТЛАРИ ХАЛҚАРО ИНСТИТУТИ ТЎҒРИСИДА
Таълим, илм-фан ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, маданий ва илмий ахборотларни тарқатиш, Ўзбекистоннинг Жаҳон ҳамжамияти билан маънавий алоқаларини кенгайтириш мақсадида, шунингдек, Марказий Осиё тадқиқотлари Халқаро институтини ташкил этиш тўғрисидаги Битимга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Марказий Осиё тадқиқотлари Халқаро институти (МОТХИ)ни ташкил этиш тўғрисидаги Битим маълумот учун қабул қилинсин.
2. Барча вазирликлар ва идоралар Мазкур Битимнинг бажарилишини таъминласинлар.
3. МОТХИ Самарқанд шаҳри, Университет ҳиёбони, 19-уйга жойлаштирилсин.
4. Самарқанд шаҳри ҳокимлиги:
МОТХИ директори яшаши учун хизмат квартирасини ўз фонди ҳисобидан ажратсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
МОТХИ биноси ва директор квартирасини сақлаш харажатларини Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети ҳисобидан қопласин.
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки МОТХИ буюртманомасига мувофиқ ҳисоб-китоб ва валюта счётларини очсин.
6. Ички ишлар вазирлиги МОТХИ биносининг қўриқланишини таъминласин.
7. Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги МОТХИ мансабдор шахсларига, шунингдек, таклиф этилган мутахассисларга кечиктирмай ҳамда виза ва кўрсатилган хизматлар учун тўлов ундирмай республикага келиш ва кетиш ҳужжатларини расмийлаштирсин.
8. МОТХИ техник ходимларининг сони 6 нафар бўлиши, штат жадвалини МОТХИ директори тасдиқлаши белгилаб қўйилсин.
9. Молия вазирлиги:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Меҳнат вазирлиги билан биргаликда МОТХИ техник ходимларини Фанлар академияси тариф сеткасига мувофиқ маблағ билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ажратишни назарда тутсин.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
10. Алоқа вазирлиги МОТХИни почта хизматлари, унга халқаро гуманитар ташкилотлар учун қабул қилинадиган тарифлар бўйича зарур шаҳарлараро ва халқаро алоқа канали, уяли радиотелефонлар ажратишни белгиланган тартибда таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.С. Саидқосимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 22 август,
335-сон